Халқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана ва одатга айланиб қолган муқаддас туйғулардан бири ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш, ҳақларига дуои хайр ва эҳсонлар қилишдир. Яхши кунларимизда ҳам мусибатзада ҳолатимизда ҳам ўтганларимизни тиловат ва дуо билан ёд этамиз. Чунки бу ўтганларимиз учун манфаатли амалдир.
Абу Усайддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» деб сўради.
«Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, уларнинг аҳдига вафо қилиш, уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», дедилар».
Ота-оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, хайрли амалларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотирлар экан, жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.
Шу кунларда нафақат уруш ва уруш ортида меҳнат қилган, қатоғон ва афғон уруши қурбонлари балки юртимиз ривожи, миллат ва динимиз равнақида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонларни эслаб, хотирламоқдамиз. Уларни тез-тез хотирлаш шу кунга қадар канда бўлгани йўқ. Бугун ҳам жорий анъанага биноан диний идора раислари, муфтийлар, уламолар, имом-хатиб ва мударрисларимизни яна бир бор ёд этишни жоиз деб билдик.
1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати сифатида иш бошлаган идоранинг биринчи раиси, муфтий Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, 1957 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси этиб сайланиб, умрининг охирига (1982 йил) қадар ана шу вазифада самарали ишлаган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, 1982-1989 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси вазифасини бажарган муфтий, Шамсуддинхон Бобохонов, 1989-1993 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, 1993-1997 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси номи билан фаолият юритган диний идорамиз раиси, муфтий Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий, 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган Абдурашид қори Абдумўмин қори ўғли Баҳромов ҳамда 2006-2021 йиллар мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлган Усмонхон Алимов раҳимаҳумуллоҳларни динимиз ва ислом аҳли учун қилган буюк ишларини ёд этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қиламиз.
Шунингдек, кўҳна Самарқанд заминида биз билан замондош бўлган, бугун дорул бақога риҳлат қилган устоз, уламо, имом, дин ходимлари ҳам аҳли ислом томонидан ҳар доим дуолар билан ёд этилади. Самарқандлик аҳли илмларнинг устози ҳожи Мустафоқул Меликзода, забардаст имомларимиздан Нуруддинхон Исломов, қори Султонмурод Холмуродов, Абдураҳмон домла, Иштихон фарзанди Алижон домла, Имом Бухорий масжидидида кўп йиллар хизмат қилган Мақсуджон биродарларимизни Аллоҳ таоло охиратларини обод қилсин.
Ўтганларимизни руҳини шод этиш, оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, ислом шариати биз авлодлар зиммасига юклаган, қилишимиз лозим ва лобуд бўлган қарз ва фарз амаллардандир. Мусулмонларнинг энг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб марҳумларни ҳақларига дуо қилишни сабоқ бергани сингари: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, дея дуолар қиламиз.
Авлодларининг келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили
Динимиз инсонлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва биродарликни асосий қадриятлардан деб таълим беради. Аммо баъзи кимсалар борки, улар худбинлик, ҳасадгўйлик, ва ғаразгўйлик сингари хасталиклар таъсирида инсонлар орасида фитна тарқатади. Ушбу разил одат "фитнакорлик" деб аталади ва у жамиятнинг парокандалигига, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишга ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Бинобарин, Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда фитнанинг зарари жуда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 191-оятида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб унинг ёмонлигини хабар қилган. Яъни фитнанинг жамиятга етказадиган зарари ҳатто одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.
Фитнакор кимса бошқаларни бир-бирига қарши қўйиш, ёлғон гап тарқатиш, одамлар қалбига шубҳа уруғини экиш ёки гапни чувалаштириб бошқаларнинг муносабатларига путур етказиш билан шуғулланади. Унинг гаплари тўғридек туйилса-да, аслида мақсади ёмон. Бундай кимса бошқаларнинг тинчини бузади, одамлар ўртасига раҳна солади, жамиятда норозилик уруғини экади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар.
Фитнакорлик илдиз отган жамиятда ўзаро ишонч йўқолади; оилалар пароканда бўлади; эру хотин, ака-ука, дугона ёки дўст ўртасида адоват пайдо бўлади; юртда беқарорлик юзага келади; Аллоҳ асрасин, агар фитна сиёсий, ижтимоий ёки диний даражада бўлса, бутун мамлакат тинчлигига таҳдид солади; фитнакор кимса Аллоҳнинг лаънати ва азобига дучор бўлади. Чунки фитна тарқатиш бу – нафақат инсонларга, балки дини мубийнимизга ҳам қарши жиноятдир.
Шундай экан, ҳар бир мўмин киши фитнакорликдан қочиши лозим. Бунинг учун тилини эҳтиёт қилиб, бекорчи гап-сўзлардан сақланиши, беҳуда муҳокамаларга аралашмаслиги; эшитган гапини рост ёки ёлғонлигини билмасдан туриб тарқатмаслиги; одамларнинг орқасидан гапирмаслиги, адолатли ва ниятини холис қилиши; дуогўй бўлиб ёшу қарига эзгу ниятли бўлиши керак.
Хуллас, фитнакорлик – ҳар қандай жамиятни емирувчи хатарли иллатлардан биридир. Бу иллатдан қочиш, унинг олдини олиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки фитна бўлган жойда барака, тинчлик ва дўстлик бўлмайди. Демак, биз ўзимиздан бошлаб фитнадан сақланишимиз, бошқаларни ҳам ундан огоҳлантириб, жамиятимизни соғлом ва биродарлик асосида қуришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Дарҳақиқат, Раббимиз фитнага аралшганларнинг азоби қаттиқ бўлишини айтиб, бандаларини қуйидагича огоҳлантириб қўйган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Мансурхон ЎРОЛОВ,
“Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби