Туркия мусулмонлари муқаддас Рамазон ойи давомида 92 мамлакатдаги 1 миллиондан ортиқ кишига ёрдам кўрсатди. Туркиялик кўнгиллилар дунёнинг турли бурчакларида – Афғонистондан Албанияга қадар, Бангладешдан Эфиопияга қадар, Покистондан Колумбияга қадар, Озарбайжондан Сомали ва Фаластинга қадар ишладилар.
Islam.ru билдиришича, 2022 йилги Рамазон ойида Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бешта қитъани хайрия фаолияти билан қамраб олишга кўрсатма берди.
"Биз яна муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилдик. Масалан, Тинч океани жануб қисмида деярли 1 миллион аҳолига эга Фиджи орол давлати бор. У ерда ифторлар ҳам ташкил этилди", - деди у.
Афғонистонда ифторликдан ташқари, Ийдул фитр куни етим болалар учун байрам ўтказилди. Бундай хайрия тадбирлари Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Тожикистонда ҳам ташкил этилди.
Муқаддас ой давомида туркиялик хайр-эҳсончилар ҳар куни Қуддус ва Ғазода 40000 кишини иссиқ овқат билан таъминладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати