Юртимизда ўтган азиз инсонларнинг хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.
Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтказиб келинаётир.
Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 29 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу шодиёна уюшқоқлик билан юртимизнинг ҳар бир гўшасида нишонлашяпти.
Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш кунлари арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.
Бу йил ғалабанинг 77 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.
Уруш бошланганда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етган (!) одамлар оловли жанггоҳларда жон олиб-жон беришган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида шаҳид бўлган, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бедарак йўқолганлари қанча.
Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида фидойилик, ҳурлик, истиқлол, эркинлик орзулари мужассам бўлган. Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора торайиб боряпти. Айни пайтда юртимизда бор-йўғи 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шараф билан адо этади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам урушда қатнашганларчалик машаққатларга дучор бўлишгани тарихий ҳақиқатдир. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай бўлади (деб шаҳодат ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатганлар)” (Имом Бухорий ривояти).
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат урушни бошидан кечирган халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмаслигини, остонамизга яқин йўламаслигини сўрайди. Шу боис доимо дуога қўл очганимизда, аввало, тинчлик-хотиржамликни, саломатликни Яратгандан сўраймиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.
Муҳаммад Яҳё Низомиддин