O'zbekiston24
Бугун, 20 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг бир қудсий ҳадис шарҳига бағишланган “Эй бандаларим...” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғофуров, институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Соатмурод Примов, шунингдек, бошқа ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди.
Тақдимотда эътироф этилганидек, мазкур салмоқли асар динимизнинг кўпгина асослари, ҳукмлари, одоблари, қалб иши билан боғлиқ нозик нукталарни қамраб олган.
Китоб номига асос бўлган “Эй бандаларим...” деб бошланувчи узун ҳадисда Аллоҳ таоло бандаларига бир неча марта хитоб қилиб, зулмдан, залолатдан узоқ бўлишга чорлайди. Ҳар нафасда Ўзига муҳтож эканимизни эслатади. “Эй бандаларим! Булар сизнинг амалларингиз. Мен уларни ҳисоблаб қўяман...” дея бизни огоҳ этади.
Қалб Худонинг назаргоҳи экан, китобда келтирилган мана бу парча ҳар бир ўқувчининг ўз қалбини юмшатиб, поклаб туришида дастур вазифасини ўтайди:
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ "Сойдул хотир" китобида айтади: “Билдимки, агар рақоиқ (қалбни юмшатувчи сўзлар) ва салафи солиҳлар ҳаётларига назар солиш аралашмаса, фиқҳ ва ҳадис эшитиш билан шуғулланишнинг ўзи қалбни ислоҳ қилишда етарли бўлмайди. Фақат ҳалол ва ҳаромни билишнинг ўзи қалбни юмшатишда катта таъсирга эга эмас, балки рақоиқ ҳадислар ва салафи солиҳларнинг қиссаларини зикр этиш қалбни юмшатади”.
Сўзга чиққанлар асарнинг ана шундай муҳим масалаларни эслатиши билан ҳам аҳамиятли эканини таъкидлашди. Якунда китоб юртимиз мўмин-мусулмонлари учун манфаатларга бой бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати