Юртимизда инсон қадри улуғ, ҳурмат ва эътибори қутлуғ. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида бу анъананинг аҳамияти яна ҳам ошади.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Оққўрғон тумани Ҳамид Олимжон номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 102 ёшни қарши олган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Файзулла бобо Нурматовнинг хонадонига ташриф буюриб, фахрий отахоннинг ҳолидан хабар олди.
Номи ўчгур урушнинг не-не машаққатларини бошидан кечирган отахоннинг нурли чеҳраси, мунгли кўзлари олис ўтмишдан сўзлайди, гўё. Юз билан юзлашган отахон ҳалол меҳнат қилгани боис ҳали-ҳамон тетик, бардам.
Бугунги саодатли ва дориламон кунларга етиб келишимизда бундай фидойи отахонларнинг хизмати катта, албатта. Зеро, ҳадиси шарифда: “Икки кўзга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Аллоҳ таоло фахрийларимиз ва дуогўйларимизнинг умрларини узоқ қилсин.
@FITRATUZ
Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон спорт делегацияси Ўзбекистонга қайтиб келди.
Делегация аъзолари "Ҳумо" Тошкент халқаро аэропортида расмийлар томонидан тантанали равишда кутиб олинди.
Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида V ёшлар Пара Осиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир аввалида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг V ёшлар Пара Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг давлатимиз мадҳияси ижро этилди ва расмийлар томонидан спортчилар ва мураббийлар эришилган улкан ғалаба билан самимий табрикланиб, уларнинг жасорати, матонати ва фидойилиги юксак эътироф этилди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон терма жамоаси ушбу нуфузли мусобақада 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалини қўлга киритиб, 35 та давлат орасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Мазкур ғалаба Янги Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, иродаси ва халқаро спорт майдонидаги нуфузини яна бир бор яққол намоён этди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати