Туркий давлатлар дин пешволари иштирокида бугун, 6 май куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида “Туркий халқларнинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам қатнашди.
Халқаро анжуман Қуръон карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Нуфузли анжуманни Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули олиб борди.
Дастлаб Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг халқаро анжуман иштирокчиларига табрик мактуби ўқиб эшиттирилди. Унда меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, бугунги учрашув тарихи муштарак бўлган мамлакатлар маънавий-маърифий ишларига янги сурат бағишлаб, эзгу ташаббуслар ривожига хизмат қилиши каби хайли тилаклар акс этган.
Шундан сўнг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Aмреев сўзга чиқиб, туркий давлатлар ҳамкорлигининг тарихи ва бугунги куни, туркий халқларнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси улканлиги, қардош ва диндош давлатларнинг истиқболи порлоқ эканлиги ҳақида сўзлади. Шунингдек, Қозоғистондаги халқаро ташкилот, ҳукумат ва маҳаллик ҳокимият вакиллари ҳам сўзлаб, анжуман ишига муваффақиятлар тилади.
Шу билан халқаро анжуманга келган қардош давлатлар дин пешволарига сўз берилди. Дастлаб Туркия диёнат ишлари бошқармаси раҳбари, профессор Aли Эрбош нутқ сўзлаб, Ислом ёйилган барча ерларда мисли кўрилмаган тараққиёт бўлгани, Ўрта Осиё, хусусан, Туркистонда ҳам юксак маданият ва ривожланиш бўлгани, бу ўлкадан катта мутафаккир ва алломалар етишиб чиққани, улар шу ерга йиғилган қардош элларнинг ягона аждоди эканини таъкидлади.
Халқаро анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, иштирокчиларга Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг дуою саломларини етказди, сўнгра анжуман мавзусида нутқ сўзлаб, жумладан, бундай дедилар:
“Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган Туркий халқлар заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар, мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлар.
Аввало таъкидлаш керакки, Марказий Осиё ҳудудида биринчилардан бўлиб ҳадис марказлари шаклланиб, улардан кўплаб муҳаддислар етишиб чиқди. Машҳур тўққизта ҳадис тўпламидан еттитасининг жамловчиси ушбу ўлка муҳаддисларидир. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Доримий ва Имом Абу Довуддек муҳтарам зотлар ислом оламида донғи кетган муҳаддис пешволар сифатида эътироф этиладилар.
Туркий халқлар минтақасида тафсир илми ҳам ривож топди. Унинг вужудга келишида муҳаддислар мактаби асос бўлиб хизмат қилди. Хусусан, муҳаддисларнинг пешвоси бўлган Имом Бухорийнинг “Тафсири Кабир” номли асари алоҳида китоб шаклида ёзилган илк тафсир деб эътибор қилинади.
Имом Жоруллоҳ Маҳмуд аз-Замаҳшарийнинг “Кашшоф” номли тафсири эса Қуръони каримнинг араб тили қоидаси ва балоғати жиҳатидан қилинган энг эътиборли тафсир сифатида бугунги кунимизда ҳам аҳамиятлидир. Бу ҳақда баъзи уламолар: “Агар Кашшоф бўлмаганида, Қуръоннинг маънолари кашф бўлмас эди”, — деганлар.
Ҳудудларимизда ҳанафийлик мазҳаби асосий фиқҳий мазҳаб сифатида тарқалган. Бунда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасанда таълим олган Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг хизматлари беқиёсдир. Бу зот Бухоро шаҳрини йирик ҳанафий мактаби марказларидан бирига айлантирди. Унинг ўғли Абу Ҳафс Сағир Бухорий ҳам етук фақиҳ бўлиб, қатор фиқҳ намоёндаларни етишиб чиқишида ўз ҳиссасини қўшган.
Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асари ҳанафий фиқҳида асосий манбалардан биридир. Мусулмон бўлмаган диёрларда ҳам ҳуқуқшунослик соҳасида ҳозирги кунгача ундан кенг фойдаланиб келади.
Туркий халқлар ерларида тасаввуф илми ҳам юксак даражада ривож топиб, кўплаб уламолар тарбия топган. Хусусан, Баҳоуддин Нақшбанд ва Аҳмад Яссавий ҳазратлари томонидан асос солинган тариқатлар ҳозиргача мусулмон оламининг катта қисмида амал қилиб келинмоқда
Бугунги ташкил этилган анжуманимиз аҳамияти ва долзарблиги жиҳатидан жуда ҳам муҳим саналади. Боиси, ҳозирги кунда динимизга ичкари ва ташқаридан дин номидан турли ҳужумлар бўлмоқда. Бу эса уларга қарши илмий-маърифий йўл билан курашишни тақазо этмоқда. Айни дамда бу ҳолат дин пешволарига ҳам вазифаси юклайди.
Ҳозирги замонда дунёда бўлиб турган турли глобал муаммоларнинг ечими биз сўз юритаётган мавзу билан чамбарчас боғлиқдир”.
Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзлари давомида ушбу анжуманни юқори савияда уюштирган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, анжуман ишига ва муҳтарам муфтийларга Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини тиладилар.
Шунингдек, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳамда Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиевлар анжуман мавзусида чиқишлар қилди.
Нуфузли халқаро анжуман охирида Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули сўз олиб, қардош халқлар дин пешволарига ташриф ва бир-биридан ажойиб илмий-маърифий чиқишлари учун миннатдорчилик билдирди.
Халқаро анжуман доирасида қардош халқлар дин пешволари, маҳаллий ва хорижий диний ташкилот вакиллари туркий тилли мамлакатларнинг муштарак меросини тадқиқ этиш, Имом Мотуридийнинг ақида мактаби ва Имом Аъзам Aбу Ҳанифанинг фиқҳий таълимоти каби йўналишларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, глобал муаммоларга қарши мусулмон уммати бирдамлигини таъминлаш, муборак саналарни белгилашда кенгашиш, долзарб масалаларда фатволар ишлаб чиқиш ва бузғунчи оқимлар тарғиботининг олдини олиш каби масалаларида яқин ҳамкорлик қилиш юзасидан келиб олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мазкур халқаро анжуман доирасида Муфтийлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Сафар тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.
Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.
Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.
Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).
"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!
Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).