Террорнинг асл мақсади Ислом ниқоби остида обод юртларни бузиш ва тинч аҳолини саросимага солиш эканини халқимиз тўғри тушуниб етган. Шу сабабли азал-азалдан диёримизда турли диний-сиёсий оқимларга салбий муносабатда бўлиб келинган. Уларнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли орасида ёйилишига катта дин уламолари билан бир қаторда оддий халқ ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатган. Бундан аждодларимиз муқаддас динимизни чуқур ва тўғри англаганликлари ва унинг нозик жиҳатларига бир томонлама ёндошмаганликлари маълум бўлади.
Лекин бугунги кунимизда турли четдан келган, мутаассиб гуруҳларнинг ёлғон иғволари ва ёт ғояларига алданиб қолаётган ёшларнинг учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Муқаддас ислом динимизнинг соф таълимотларидан бехабар ёшларимиз исломга ғараз кўзи билан қараётган, уни дунёга ёмон отлиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар қандай жирканч ва ёлғондан тийилмаётган кишиларнинг асл юзларини танимасдан уларга эргашмоқдалар. Улар ёшларимиз онгига мусулмонлар яшайдиган юртни бошқариб турган ҳукумат ва унинг фуқаролари кофир, ислом ўлкаларини куфр юрт, у ерларда террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш мумкин, ислом динига кирмаган кишиларни ўлдириш ҳалол, дин йўлида сенга ҳамфикр бўлмаган ҳар қандай инсондан, хоҳ у ота-онанг бўлса ҳам воз кечишинг керак, деган нотўғри ғояларни сингдиришмоқда. Энг ачинарлиси ушбу ғояларни гўё ислом кўрсатмаси сифатида талқин қилиниши кузатиляпти.
Аслида Ислом бағрикенглик, кечиримлилик, муҳтож ва етимларга яхшилик қилиб, меҳр-мурувват кўрсатиш, қарияларни қадрлаш, қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкамлаш, ота-онага ҳурмат каби эзгу ишларни олға суради. Динимизда яхшилик йўлига чақириш қай тарзда амалга оширилишини Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари қуйидагича белгилаб қўйган:
Аллоҳ таоло Қурьони каримда: «Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даьват этинг….»,- деб марҳамат килади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Дин насиҳатдир».
Яъни, инсонлар динни бир-бирларига насиҳат ва самимият билан тушунтиришидир.
Башарият ичида кечиримлилик, раҳмдиллик, меҳр-шавқат каби исломий фазилатларни ўзида мужассам этган буюк зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида юқоридаги гапимизга кўплаб тасдиқларни кўришимиз мумкин. Макка фатҳи воқеаси эса бунга яққол мисолдир. У зотга рисолат келганидан кейин атрофдаги одамлар душманлик назари билан қарай бошлайди. У киши уларнинг азиятидан Мадинага ҳижрат қиладилар. Сўнгра катта куч тўплаб Маккани фатҳ қиладилар. Шаҳарга киришдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманчилик қилган кишиларга қуйидагича амр қиладилар:
- Улардан ким қуролини ташласа ўлдирилмасин;
- Ким Каъба ичига кирса ўлдирилмасин;
- Ким Абу Суфён уйига кирса ўлдирилмасин;
- Ким ўз уйига кирса ўлдирилмасин;
- Ким Ҳаким ибн Ҳизом уйига кирса ўлдирилмасин;
- Қочганлар ортидан қувилмасин;
- Ярадорларга тегилмасин;
- Асирлар ўлдирилмасин;
Абу Суфён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб азиятлар етказган, бир нечта ғазотларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш олиб борган бўлса ҳам уни ва унинг уйидан бошпана топган кишиларни авф этдилар.
Толибжон Шарипов
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.