Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Макка шаҳридаги сафарлари давомида юртимиз зиёратчиларига хизмат қилиши мумкин бўлган 5 юлдузли энг замонавий меҳмонхонларни кўздан кечирдилар.
Муфтий ҳазратлари меҳмонхоналарнинг ҳар томонламан қулай, шинам бўлиши ва мана шундай шароитларни ҳозирлаш орқали зиёратчиларимизнинг муборак сафар давомида фақат роҳат билан ибодат ва дуо-ю илтижолар қилишларига катта эътибор қаратмоқдалар.
Жорий йилда Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада беш юлдузли, барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатади, иншо Аллоҳ.
Ташриф асносида Ҳаж делегацияси юртимиз ҳожиларига таом ва ичимликлар тақдим этиш борасида хизмат кўрсатиши мумкин бўлган мутасадди вакиллар билан учрашиб, ошхоналарни саралаш мақсадида уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, улардаги шарт-шароит, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, покизалиги, таом пиширадиган замонавий қозон ва ошхона анжомлари кўздан кечирилди.
Сафар жараёнлари ва эришилган натижаларини сайт ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.















Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. 24 май – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 25 май – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.
Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.
Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва Подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш, бегона шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш кабиларга урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.
Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати