Салим ибн Жобир Ҳужаймий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
– Аллоҳга тақво қилгин! Идишингдаги сувни бошқанинг идишига бўшатиб бериш, биродарингга очиқ юз билан гапириш каби бўлсада, яхшиликлардан бирор-бир ишни кичик санама. Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир. Уни Аллоҳ яхши кўрмайди. Агар бир киши сени сендаги биладиган нарсаси ила айбласа, сен уни ундаги биладиган нарсанг билан айблама. Уни ўз ҳолига қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкиб ҳақоратлама!
Яхшиликни кичик ҳисобламанг. Сизни қайси амалингиз жаннатга олиб киришини билмайсиз!
Оддийгина мушук ўтиб кетиши учун машинангизни тўхтатиб туришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияни қўлидан тутиб йўлдан ўтказиб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Ногирон инсоннинг ногиронлик аравачасини етаклашингиз ҳам яхшиликдир. Кўчада ишлаб юрган ишчига бир идишчада сув беришингиз ҳам яхшиликдир. Бир қарияга оғирлик қилиб турган юкини унинг қўлидан олишингиз ҳам яхшиликдир. Бир эр-хотиннинг ўртасини яраштириб қўйишингиз ҳам яхшиликдир. Хотинингизнинг айбларини кўрмасликка олишингиз ҳам яхшиликдир. Фарзандларингизни кечиришингиз ҳам яхшиликдир. Қўшнингизга бирор нарса ҳадя қилишингиз ҳам яхшиликдир. Бир беморнинг даволаниши учун ёрдам беришингиз ҳам яхшиликдир!
Яхшиликнинг ниҳояси йўқ. Холиққа олиб борадиган йўлнинг сони халойиқнинг нафаси миқдоричадир. Олдида шунча кўп йўл бўлатуриб ундан юрмаганлар нақадар бахтсиздир!
Ахлоқингиз учун инсонларни мезон қилиб олманг. Менга яхшилик қилса мен ҳам унга яхшилик қиламан, деманг. Агар ёмонликка ёмонлик билан жавоб бераверсак ёмонлик қачон тугайди?!
Дунёда бир ажиб хулқ бор. Унинг номи “ўзни баланд тутиш”дир. Ҳеч кимга сизни ўзининг ахлоқи даражасига туширишига рухсат берманг. Ҳар қандай жанжалга аралашаверманг. Олдингизда пайдо бўлиб қолган ҳар-бир урушга қатнашаверманг. Кундалик ҳаётимиздаги кўп жанжаллар арзимас мақсадлар учун бўлади. Унда ғалаба қозонсангизда, ғолиб бўла олмайсиз. Аммо мағлуб бўлсангиз мағлубият аламини тортасиз. Ўз ахлоқидан воз кечган киши билан тенглашиш учун биз ҳам ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!
Ақлли инсон ўзи учун баҳо деб фақатгина жаннатни билади. Жаннатга олиб бормайдиган ҳар қандай муаммони қўйинг. Ана шунда натижа қандай бўлмасин, сиз ғолиб бўласиз. Банда биродарини авф қилса, Аллоҳ унинг иззати ва қудратини зиёда қилади!
Кунлар айланаверади. Охирида барибир ҳақ соҳиблари ғолиб бўлишади. Ботил эгалари мағлуб бўлишади. Бу нарса заминдаги Аллоҳнинг қонунидир. Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаган қўллар куни келиб у кишидан егулик сўраб чўзилган эди!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни жинни, ёлғончи деганлар Фатҳ кунида раҳм қилишларини сўраб “Сен олийжаноб кишининг ўғли олийжаноб кишисан!”, дейишган эди!
Абдулқодир Полвонов
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws