— Жаноза ўқилгандан кейин ҳамма ҳам мозорга бормайди, ярми уйда қолади. Шунда уйда қолганлар маййит ҳали мозорга етиб бормасидан Фотиҳа сурасини, умуман Қуръон сураларидан ўқишлари мумкинми?
— Маййитнинг ҳақига дафндан кейин Қуръон тиловат қилиш афзалдир. Ҳанафий олимлари келтиришларича, “Фатавои ҳиндийя” китобида: “Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”, – дейилган.
Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китобида келтирилади: “Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади”, – дейишган.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бу киши дардга чалинган бир кишининг қулоғига ниманидир ўқидилар. У соғайиб кетди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қулоғига нима деб айтдинг?» деганларида, бу киши: «Мўминун» сурасининг 115-оятидан то охиригача» ўқиганларининг хабарини бердилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор киши мана шу оятларни ишонч билан ўқиса, тоғни ҳам майдалаб юборади», дедилар" (Ибн Сунний ривояти).
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан