— Жаноза ўқилгандан кейин ҳамма ҳам мозорга бормайди, ярми уйда қолади. Шунда уйда қолганлар маййит ҳали мозорга етиб бормасидан Фотиҳа сурасини, умуман Қуръон сураларидан ўқишлари мумкинми?
— Маййитнинг ҳақига дафндан кейин Қуръон тиловат қилиш афзалдир. Ҳанафий олимлари келтиришларича, “Фатавои ҳиндийя” китобида: “Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”, – дейилган.
Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китобида келтирилади: “Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади”, – дейишган.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
27 сентябрь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида "Янги Ўзбекистонда барқарор ривожланиш, тинчлик ва ислом маърифатининг халқаро эътирофи" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент маслаҳатчиси ўринбосари, халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ва талабалар иштирок этди.
Анжуман Президентимизнинг АҚШга амалий ташрифи ва БМТ Бош Ассамблеясининг саксонинчи сессиясидаги нутқи мазмун-моҳиятига бағишланди.
– БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар бугунги анжуманга илмий-маънавий асос бўлиб хизмат қилади, – деди ректор Музаффар Комилов. – Бу чиқиш нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва жаҳон миқёсида катта қизиқиш уйғотди.
Конференцияда муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлаб, жумладан бундай дедилар:
– 2017 йилда давлатимиз Раҳбари БМТ юксак минбаридан туриб, ушбу ташкилот тарихида илк марта Имом Бухорий бобомиз номларини зикр қилган эдилар. Бу сафар ҳам буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросини алоҳида эътироф этдилар. Зеро, бугунги дунёда ислом маърифати, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларини жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг долзарблиги ортиб бормоқда.
Шунингдек, сўзга чиққан иштирокчилар маърузадаги тинчлик-осойишталикни сақлаш, афғон халқига кўмак бериш, хавф-хатарларга қарши курашиш, дунёда камбағалликка барҳам бериши, экология, ёш авлод таълим-тарбияси ва аждодлар илмий меросини ўрганиш каби долзарб масалаларнинг мазмун моҳиятига катта эътибор қаратдилар.
Анжуман қизғин ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати