Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2026   |   17 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
02 Июл, 2026, 17 Муҳаррам, 1448

Пайғамбаримизни тушда кўриш

27.04.2022   7491   4 min.
Пайғамбаримизни тушда кўриш

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда туш ва унга тегишли масалалар баён қилинган. Шариатимизда яхши тушлар мўминга башорат сифатида қабул қилинади, лекин туш далил-ҳужжат бўла олмайди. Фақат пайғамбарларнинг тушларигина ваҳий сифатида эътиборга олинади. Улардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби, тушда ҳам суратларига кира олмайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:

"مَنْ رَآنِي فِي المَنَامِ فَقَدْ رَآنِي فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لاَ يَتَمَثَّلُ بِي"

(أخرجه البخاري)

яъни: “Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўриш фазилат ва одамлар томонидан улуғланадиган иш бўлганидан У Зот алайҳиссаломни тушда кўрганини айтувчилар учраб туради. Тобеъинлар даврида ҳам бу нарса тез-тез учраб турганидан, ўша замонда тушларни таъбир қилиш билан машҳур бўлган Ибн Сирин ким Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўрганини айтса: “Қани менга кўрганингни сифатлаб берчи”, дер эканлар. Агар сўзловчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Ибн Сирин билганидек (яъни, сийрат китобларида таърифланганидек) сифатламаса: “У Зотни кўрмабсан”, дер эдилар (Исноди саҳиҳ).

Аллоҳ таоло Пайғамбари воситасида шариатни комил, динини тўлиқ қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу дунёдан ўтганларидан кейин У Зотни тушида кўрган одамга бир нарсани буюрсалар ёки қайтарсалар, бу нарса ҳужжат бўлишига бирорта далил келмаган. Балки Аллоҳ таоло дин комил бўлгандан кейингина Пайғамбарини руҳини қабз қилди. Бунинг устига Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари келтирган Ислом шариатини маҳкам тутиш, бошқасига эргашмаслик, динга киритиладиган янгиликлардан узоқ бўлишни буюриб кетган эдилар.

Ҳозирги кунда кузатиладиган ажиб ҳолат шуки, баъзи кишилар тушида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргани ва У Зот алайҳиссалом баъзи бир савобли ишлар: етимни бошини силаш, кўпроқ истиғфор айтиш ва ҳаказоларга буюрганларини айтадилар. Атрофдагилар эса бу амалларни қилишимиз керак экан, деб шов-шув кўтариб ўша амалларга урғу бера бошлайдилар. Ваҳоланки ўша амаллар Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларда буюрилган, турибди. Бу ишларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида айтганлар ва у кўпчилик томонидан ўйғоқликда эшитилиб ёдлаб олинган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг мартабаси тушнинг мартабасидан чандон марта ортиқ. Ўзини билган умматлар тушда буюрилмасдан аввал ҳам буларга амал қилиб юришибди, албатта. Нега баъзи бирларимиз шаръий ҳукмларни ўқиб амал қилмаймизу, бир киши туш кўриб айтса, амал қиламиз?! Бу нимага далолат қилади?! Сохтакорлик ва риёкорликка берилиб кетишгами?! Бу савобли ишларга амал қилмоқчи бўлган кишига кимдир Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушида кўриши шарт эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўрмаган тушини кўрдим деб, тўқима туш айтиш шариатимизда энг катта бўҳтон-ёлғончилик саналади (Имом Бухорий ривояти).

Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар тушимда худо билан гаплашдим, деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Аслида инсон туш кўргани учун савоб олмайди ва гуноҳкор ҳам бўлмайди, лекин, шариат буюрган бурч ва вазифаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ДАНГАСАЛИКнинг  энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ

01.07.2026   2953   3 min.
ДАНГАСАЛИКнинг   энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

  • «Дангасадан Худо безор»;

 

  • «Дангасага иш буюрсанг, сенга ақл ўргатур»;

 

  • «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,

Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга».

 

 

ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТИ КАРИМАЛАРИ ва

МУБОРАК ҲАДИСИ ШАРИФЛАРга асосан

уламоларимиз кўрсатиб берган

ДАНГАСАЛИКнинг энг катта 100 та салбий ОҚИБАТИ:

 

  1. Вақт зое кетади.
  2. Орзулар амалга ошмай қолади.
  3. Имкониятлар қўлдан кетади.
  4. Қарздорликка сабаб бўлиши мумкин.
  5. Камбағалликка олиб келиши мумкин.
  6. Ишлар орқага сурилаверади.
  7. Ризқ баракасини камайтиради.
  8. Атрофдагилар ҳурматини камайтиради.
  9. Оилавий муаммоларни кўпайтиради.
  10. Ишончли инсон сифатида кўринмасликка олиб келади.
  11. Бошқаларга юк бўлиб қолишга сабаб бўлади.
  12. Муваффақиятдан узоқлаштиради.
  13. Бошқаларга қарамликни оширади.
  14. Ҳар ишни эртага қолдириш одат бўлади.
  15. Ортиқча ухлашга ўргатади.
  16. Соғлиққа салбий таъсир қилади.
  17. Танани заифлаштиради.
  18. Жисмоний ожизликни кучайтиради.
  19. Хотирага салбий таъсир қилади.
  20. Инсон ўз кучига ишонмай қўяди.
  21. Тартибсиз ҳаёт пайдо бўлади.
  22. Афсуслар сони ортиб боради.
  23. Ҳар бир ишни оғир қилиб кўрсатади.
  24. Ишни ярим йўлда ташлашга ўргатади.
  25. Қўрқоқликни кучайтиради.
  26. Масъулият ҳисси пасаяди.
  27. Иродани заифлаштиради.
  28. Қарор қабул қилиш қийинлашади.
  29. Ўқиш ва илмда ортда қолдиради.
  30. Касбда ўсишни тўхтатади.
  31. Мақсадсизликни кучайтиради.
  32. Руҳий тушкунликни кучайтиради.
  33. Ўзини айблашни кўпайтиради.
  34. Инсонни бефарқ қилиб қўяди.
  35. Вақт қадрини йўқоттиради.
  36. Ишончни пасайтиради.
  37. Ибодатда сустлик пайдо қилади.
  38. Намозга бепарволик келтиради.
  39. Ҳаракатдан совутади.
  40. Сабрни камайтиради.
  41. Интизомни йўқотади.
  42. Иш сифати пасаяди.
  43. Диққатни сусайтиради.
  44. Илҳомни йўқотади.
  45. Ижодкорликни камайтиради.
  46. Ортиқча қўрқув уйғотади.
  47. Ўзгаришдан қочишга ўргатади.
  48. Қаноатсизликни кучайтиради.
  49. Ҳасадни ошириши мумкин.
  50. Бировнинг ютуғини кўра олмасликка олиб келади.
  51. Ҳаракатчан инсонларга нисбатан ички норозилик туғдиради.
  52. Ортиқча вазнга сабаб бўлиши мумкин.
  53. Руҳий чарчоқни оширади.
  54. Кун тартибини бузади.
  55. Режасизликни кучайтиради.
  56. Фурсатларни йўқоттиради.
  57. Мақсадларга етишишни секинлаштиради.
  58. Ўзига бўлган ҳурматни камайтиради.
  59. Ички кучни сусайтиради.
  60. Жавобгарликдан қочишга ўргатади.
  61. Муҳим ишларни кечиктиради.
  62. Кўп узр сўрашга ўргатади.
  63. Иродасизликни кучайтиради.
  64. Ҳаётда тартибсизлик келтиради.
  65. Қалбда умидсизлик пайдо қилади.
  66. Меҳнат завқини йўқотади.
  67. Яхши одатларни бузади.
  68. Ёмон одатларга йўл очади.
  69. Ўзини ривожлантиришни тўхтатади.
  70. Китоб ўқишдан совутади.
  71. Илм олишга қизиқишни пасайтиради.
  72. Тез зерикишга олиб келади.
  73. Қарорсизликни кучайтиради.
  74. Фаол инсонлардан узоқлаштиради.
  75. Бефойда машғулотларни кўпайтириб юборади.
  76. Инсонни суст табиатли қилиб қўяди.
  77. Ўз имкониятини очолмасликка сабаб бўлади.
  78. Аллоҳ берган неъматларни ишлатмасликка олиб келади.
  79. Қувончни камайтиради.
  80. Бахт ҳиссини пасайтиради.
  81. Муваффақият лаззатини татимай қолдиради.
  82. Жамият учун фойдани камайтиради.
  83. Қалбда пушаймонлик тўплайди.
  84. Ҳар кунини самарасиз ўтказади.
  85. Вақтни ҳис қилмасликка олиб келади.
  86. Келажакдан хавотирни оширади.
  87. Ҳар бир ишга эринч билан қарашни ўргатади.
  88. Ижтимоий тармоқларга ортиқча боғлаб қўяди.
  89. Ота-она ишончини йўқотиши мумкин.
  90. Раҳбарлар наздида қадрни туширади.
  91. Дўстлар ишончини камайтиради.
  92. Бошланган ишларни тугалламасликка одатлантиради.
  93. Ваъдада турмасликка олиб келади.
  94. Кечикишларни кўпайтиради.
  95. Кўп шикоят қилишга ўргатади.
  96. Қалбни қаттиқлаштиради.
  97. Нафсни кучайтиради.
  98. Ҳаёт сифатини пасайтиради.
  99. Дунё ва охират учун зарар келтириши мумкин.
  100. Шайтон васвасасига мойил қилади.

 

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган,

ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

МАҚОЛА