Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда туш ва унга тегишли масалалар баён қилинган. Шариатимизда яхши тушлар мўминга башорат сифатида қабул қилинади, лекин туш далил-ҳужжат бўла олмайди. Фақат пайғамбарларнинг тушларигина ваҳий сифатида эътиборга олинади. Улардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби, тушда ҳам суратларига кира олмайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:
"مَنْ رَآنِي فِي المَنَامِ فَقَدْ رَآنِي فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لاَ يَتَمَثَّلُ بِي"
(أخرجه البخاري)
яъни: “Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўриш фазилат ва одамлар томонидан улуғланадиган иш бўлганидан У Зот алайҳиссаломни тушда кўрганини айтувчилар учраб туради. Тобеъинлар даврида ҳам бу нарса тез-тез учраб турганидан, ўша замонда тушларни таъбир қилиш билан машҳур бўлган Ибн Сирин ким Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўрганини айтса: “Қани менга кўрганингни сифатлаб берчи”, дер эканлар. Агар сўзловчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Ибн Сирин билганидек (яъни, сийрат китобларида таърифланганидек) сифатламаса: “У Зотни кўрмабсан”, дер эдилар (Исноди саҳиҳ).
Аллоҳ таоло Пайғамбари воситасида шариатни комил, динини тўлиқ қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу дунёдан ўтганларидан кейин У Зотни тушида кўрган одамга бир нарсани буюрсалар ёки қайтарсалар, бу нарса ҳужжат бўлишига бирорта далил келмаган. Балки Аллоҳ таоло дин комил бўлгандан кейингина Пайғамбарини руҳини қабз қилди. Бунинг устига Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари келтирган Ислом шариатини маҳкам тутиш, бошқасига эргашмаслик, динга киритиладиган янгиликлардан узоқ бўлишни буюриб кетган эдилар.
Ҳозирги кунда кузатиладиган ажиб ҳолат шуки, баъзи кишилар тушида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргани ва У Зот алайҳиссалом баъзи бир савобли ишлар: етимни бошини силаш, кўпроқ истиғфор айтиш ва ҳаказоларга буюрганларини айтадилар. Атрофдагилар эса бу амалларни қилишимиз керак экан, деб шов-шув кўтариб ўша амалларга урғу бера бошлайдилар. Ваҳоланки ўша амаллар Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларда буюрилган, турибди. Бу ишларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида айтганлар ва у кўпчилик томонидан ўйғоқликда эшитилиб ёдлаб олинган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг мартабаси тушнинг мартабасидан чандон марта ортиқ. Ўзини билган умматлар тушда буюрилмасдан аввал ҳам буларга амал қилиб юришибди, албатта. Нега баъзи бирларимиз шаръий ҳукмларни ўқиб амал қилмаймизу, бир киши туш кўриб айтса, амал қиламиз?! Бу нимага далолат қилади?! Сохтакорлик ва риёкорликка берилиб кетишгами?! Бу савобли ишларга амал қилмоқчи бўлган кишига кимдир Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушида кўриши шарт эмас.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўрмаган тушини кўрдим деб, тўқима туш айтиш шариатимизда энг катта бўҳтон-ёлғончилик саналади (Имом Бухорий ривояти).
Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар тушимда худо билан гаплашдим, деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Аслида инсон туш кўргани учун савоб олмайди ва гуноҳкор ҳам бўлмайди, лекин, шариат буюрган бурч ва вазифаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зинҳор кўнглингизни чўктирманг..
Биламан, ҳозир елкангизга осмон қулаб тушгандек.
Биламан, кечалари ухлай олмаяпсиз – фикрлар бошингиздан кетмайди. Бир тарафда бетоб тан, бир тарафда қарз қоғозлари, яна бир тарафда одамларнинг совуқ нигоҳи… Лекин шуни билинг! Сиз ёлғиз эмассиз. Аллоҳ ҳеч қачон бандасини ташлаб қўймаган. Фақат баъзан имтиҳонни дуога айлантириб юборади.
Бошига ташвиш тушган бандага Аллоҳ яқин бўлади. Ташвиш келган уйга – Аллоҳнинг назари тушади. Чунки қувончда одам кўпинча Роббини унутади, аммо дардда – қалб уйғонади. Кимдир касал бўлди – танаси синди, лекин қалби тозаланди. Кимдир қарзга ботди – ғурури синди, лекин тавозеси ўсди. Кимдир одамлар томонидан ташлаб кетилди – лекин Аллоҳ уни ўзига яқин қилди. Аллоҳ баъзи бандаларини синдириб тарбиялайди сўнг юксалтиради, бошқаларини эса эркалаб қаттиқ синайди.
Бетоблик – жазо эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмонга етадиган кулфат, машаққат, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” (Имом Муслим ривояти).
Қанчадан-қанча солиҳ зотлар бор – йиллар касал бўлиб яшаган, лекин биргина нолиш оғзидан чиқмаган. Улар билишарди: оғриқ танада бўлса ҳам, савоб дафтарига ёзилади. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб деди:
– Эй имом, бошимдан кетма-кет мусибатлар тушяпти. Касаллик, қарз, одамларнинг совуқлиги… Нега Аллоҳ мени бунчалик синаяпти? Ҳасан Басрий йиғлаб бундай деди:
– “Эй биродар! Агар подшоҳ сени тез-тез ҳузурига чақирса, бу сени ёмон кўрганиданми ёки яхши кўрганидан?”.
У киши: – Албатта, яхши кўрганидан, деди.
Ҳасан Басрий айтди: “Аллоҳ ҳам бандани синаб, ҳузурига чақиради. Чунки мусибат – бандани Аллоҳ эшигига олиб келадиган энг тез йўлдир”.
Қарз – хорлик эмас, сабр мактаби қарзга ботган одамни одамлар ерга уради. Лекин осмон – унга раҳм билан қарайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор киши учун кўп дуо қилганлар. Чунки қарз – нафсни синдиради, инсонни ёлғиз Аллоҳга суянишга ўргатади.
Бугун қўлингиз қисқа бўлса ҳам, қўлингиз дуода бўлсин. Зеро, дуо – қарздан тезроқ етиб боради.
Кўнгилни чўктирманг… айнан ҳозир умид керак. Энг хавфли нарса – касаллик эмас, қарз эмас. Энг хавфли нарса – умидсизлик. Шайтон сизни шунга ундайди: “Энди бўлди, чиқиш йўқ…”. Қуръон каримда эса бундай дейилади: “Маҳзун бўлма, албатта Аллоҳ биз билан биргадир” (Тавба сураси, 40-оят).
Эҳтимол, бугун йиғлайсиз. Аммо эртага: “Яхшики сабр қилган эканман”, дейдиган кун ҳам келади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Аллоҳ бандани яхши кўрса, уни дард билан банд қилади. Чунки дард бандани Роббига яқинлаштиради. Агар бандага дунёни кенг қилиб берса, у бандани унуттириб қўйиши мумкин”.
Кейин йиғлаб қўшганлар: “Баъзи бандалар бор, агар соғлом ва бой бўлса, ҳалок бўларди. Аллоҳ эса уларни касаллик ва муҳтожлик билан жаннатга судрайди”.
Охирида биргина илтижо… Зинҳор кўнглингизни чўктирман… Чунки чўккан кўнгил – дуодан узилади. Дуодан узилган қалб эса, энг катта йўқотишдир. Агар ҳозир фақат шуни айта олсангиз ҳам етарли: “Ё Аллоҳим, кўтара олмайдиган юкни бермагин”. Мана шу сўзнинг ўзи – нажотнинг боши. Сира махзун бўлманг… Аллоҳ синаётган бандани йўқотмайди, балки юксалтиради буни унутманг!
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби