Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2026   |   20 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:47
Қуёш
05:15
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:42
Хуфтон
21:11
Bismillah
03 Август, 2026, 20 Сафар, 1448

Ғанимат кеча

26.04.2022   10130   3 min.
Ғанимат кеча

Тавсия

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қадр кечасида имон-эътиқод билан Аллоҳ таоло розилиги учун тоат-ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Муборак кечага етиб, унда бериладиган мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Шундай экан, бу фазилатли тунни қандай ўтказамиз? Аввало, кечани тетик ҳолатда ўтказиш учун пешиндан сўнг бироз мизғиб олинг, ифторда ҳам енгил таомланинг. Қадр кечасини манфаатли ўтказиш учун қуйидаги тавсияларга диққат қилинг.

Истиғфор айтинг. Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: Фаришталар шу кеча ердаги турли-туман тоат-ибодатларни кўради ва гуноҳкор бандаларларнинг мағфират сўраб, ёлвориб илтижо қилаётганларини эшитади ҳамда бир-бирига: «Келинглар, Раббимизга бизнинг тасбеҳларимиздан кўра севимли бўлган овозларни эшитамиз», деб ерга тушадилар”. Демак, шу кунгача қилган гуноҳларингиз учун чин дилдан тавба қилиб, ҳидоят сўраб дуо қилинг.

Қуръон ўқинг. Аллоҳнинг каломини ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Каломуллоҳ айни шу кечада умматга нозил бўлди. “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси, 1-оят).

Қурбингиз етганича Қуръон ўқиб, тадаббур қилинг. Оятлар борасида фикр юритиб, Аллоҳ таоло уларда ирода этган мазмунларни англашга ва фаҳмлашга ҳаракат қилинг.

Намоз ўқинг. Савоби улуғ тундан унумли фойдаланиб, нафл намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилинг. Муҳими, намознинг адади эмас, балки чин ихлос билан ўқилганидир.

Салавот айтинг. Қадр кечасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиш билан банданинг гуноҳлари ўчирилади, даражаси кўтарилиб, дуолари ижобат бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг отаси бундай деган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавоти баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп”, деганларини эшитдим».

Дуо қилинг. Қадр кечасида қилинган дуолар ижобат бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу кунда махсус дуони ўқишни тавсия қилганлар. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ, агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам, нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ўқишни айтдилар: “Аллоҳумма, иннака аъфуввун, кариймун, туҳиббул аъфва, фаъфу аънний” (“Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин”) (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, ўзингиз ва зурриётларингизнинг икки дунё саодатига эришиши, Аллоҳ таолонинг севимли бандалари қаторида бўлишни сўраб ихлос билан дуо қилинг.

Ўзингизни ислоҳ этинг. Хато, камчиликларингизни бартараф қилиш йўлларини ўйланг. Хулқингиз ва нафсингизни тафтиш этиб, ижобий томонга ўзгартиришни мақсад қилинг.

Аллоҳ таоло ушбу ойда тутаётган рўзаларимиз, ўқиётган таровеҳ намозларимиз, қилаётган ифторликларимиз, садақоту эҳсонларимизни Ўз даргоҳида қабул этиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлишни барчамизга насиб айласин.

 

Робия ТОҲИРОВА тайёрлади.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ICESCO томонидан Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарига бағишланган махсус китоб чоп этилди

30.07.2026   26371   1 min.
ICESCO томонидан Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарига бағишланган махсус китоб чоп этилди

Ислом дунёси таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ICESCO) “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал илмий нашрни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мазкур китобни тайёрлашда дунёнинг 16 мамлакати етакчи олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Нашр 2026 йил 9–10 июль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари асосида тайёрланди. Анжуман Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган эди.

Ҳажми қарийб 800 саҳифадан иборат мазкур китоб буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий меросига бағишланган энг йирик замонавий тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Унда ҳадисшунослик, ислом илмлари тарихи ҳамда ҳадислар ишончлилигини аниқлаш методологиясига оид долзарб илмий мақолалар жамланган.

Нашрда Имом Бухорий яшаб ижод қилган тарихий ва илмий муҳит, унинг ҳадисларни саралаш ва таснифлашдаги бетакрор услуби, шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий” асарига бағишланган замонавий илмий тадқиқотлар, баҳс-мунозаралар ва таҳлиллар ўрин олган.

Мазкур фундаментал нашрнинг эълон қилиниши исломшунослик соҳасидаги халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистоннинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича жаҳон миқёсидаги нуфузли марказлардан бири сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари