Қирғизистонда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига бағишланган диний ва оммавий тадбирлар катта иштиёқ билан ўтказилмоқда. Рамазонга хос маънавий муҳитни сақлаб қолиш мақсадида бу йил мўмин-мусулмонларга кенг кўламли ифторлар ташкил этилмоқда.
Ифторлар маҳаллий ва хорижий хайриячилар томонидан ташкил этилади. Бишкек марказий масжиди ҳовлисида вақт ўтказаётган ёшлар ифторга келган меҳмонларни кутиб олишади ва кечки овқат пайтида кексаларга ёрдам беришади.
Уюшмалар камбағаллар учун ифторлар ташкил қилади. Ёш кўнгиллилар мадрасанинг муҳтож тарбияланувчиларига озиқ-овқат тарқатишни ташкил этишади.
Islam.ru хабар беришича, Бишкек масжидларида таровиҳ намозини мўминлар Қуръон ҳофизлари иштирокида ўқишади.
Бишкек марказий масжиди имоми Абдиқодир Суранўғли Анадолу агентлигига берган интервьюсида мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи катта иштиёқ билан ўтказилаётганини айтди. "Бизнинг масжидимиз ҳар куни 1000 кишига ифторлар ташкил қилади", - дейди имом.
"Таровиҳ намозлари умуман Бишкекдаги 71 масжидда ўқилади", - таъкидлади Суранўғли.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати