Умму Амморанинг асл исми Насиба (Нусайба) бинти Каъб ибн Амр ибн Авф ибн Мабзул, Нажжорийя, Маданийядир. Бу аёл ҳаммага наъмуна ва ибрат кўрсатган, яхшилик қилиш борасида зарбулмасал бўлган улуғ саҳобия аёлларнинг биридир.
Имом Заҳабий ривоят қилади: Умму Аммора розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бугун Нусайба бинти Каъбнинг ўрни фалончи ва фалончининг ўрнидан яхшидир” деганларини эшитдим”, деди.
Умму Аммора Нусайба бинти Каъб саховат билан танилган, Ислом ва мусулмонлар хизматида улкан ишларни қилган оилада улғайди. Акаси Абдуллоҳ ибн Каъб Мозиний Бадр жангида қатнашган саҳобийлардан эди. Акаси Абдураҳмон эса, Табук ғазотидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига йиғлаб келган етти саҳобийнинг бири бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, жангга бориш учун бирорта улов топиб беришларини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга улов топиб бера олмадилар. Ноилож орқаларига қайтар эканлар, кўзлари ёшланди. Барча уларни “Кўзёш тўкувчилар” деб номлаган эди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди: Шунингдeк, сизнинг ҳузурингизгa улaрни улoвли қилиб қўйишингиз учун кeлгaнлaридa, “сизлaрни улoвли қилишгa нaрсa тoпa oлмaймaн", - дeдингиз. Улaр эсa сaрф қилишгa нaрсa тoпa oлмaгaнлaри учун ғaмгин бўлиб, кўзлaридaн ёш oқиб қaйтиб кeтдилaр. Улaргa ҳaм (тaънa йўқ). (Тавба сураси, 92-оят).
Турмуш ўртоғи Зайд ибн Осим ибн Амр Мозиний Нажжорий Исломга биринчилардан бўлиб кирган. Икки ўғли Ҳабиб ва Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлиш бахтига эришган эди. Умму Умора розияллоҳу анҳо кейинчалик Ғозийя ибн Амр ибн Атийя Мозиний Нажжорийга турмушга чиқди. Ундан икки фарзанд Тамим ва Хавла дунёга келди. Аллоҳ таоло ҳар иккисига ҳам ҳидоят ва ихлос неъматини берди.
Уҳуд жангида Умму Умора розияллоҳу анҳо бир неча жойидан жароҳатланди. Бу жароҳатларнинг энг каттаси елкасидаги Ибн Қомиа жароҳатлаган оғир жароҳат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жароҳатини кўриб ўғли Абдуллоҳга онасининг жароҳатини боғлаб қўйишни буюрдилар ва: “Сиздек оилага Аллоҳ таолонинг баракаси бўлсин! Онангни мақоми фалончи ва фалончиларнинг мақомидан яхши, отангни (ўгайота) мақоми фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, сени мақоминг фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, Аллоҳ таоло сиздек оилага раҳм қилсин!” дедилар. Бу гапларни эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрасангиз, жаннатда мени сизга ҳамроҳ қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Аллоҳ, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қилгин!” деб дуо қилдилар. Бу дуони эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Дунёда менга нима етса ҳам парво қилмайман” деди.
Бу саҳобия аёл сабр қилиш борасида ҳам улуғ мартабаларга эришган. Ўғли Ҳабиб ўлдирилганида Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ямомада пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобнинг олдига юборган эдилар. Мусайлама ундан: “Муҳаммадни расул эканига гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Ҳа” деди. Мусайлама: “Мени Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Гапингни эшитмадим!” деди. Бир неча бор сўраганда ҳам шу жавобни олгач, Мусайлама унинг аъзоларини бирма-бир кесиб ташлади.
Умму Аммора розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб Мусайлама каззобга қарши жанга кетаётганлар билан бирга боришга изн сўради. У зот Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб, унга изн бердилар. Ўша пайтда олтмиш ёшни қоралаб қўйган бўлса ҳам унинг қасду иродаси кучсизланмаган эди. Ушбу кундаги жангда ўн бир жойидан жароҳатланса ҳам ғайрати сусаймади. Улар зафар қучдилар.
Умму Аммора розияллоҳу анҳо халифалар даврида ўзига лойиқ мартабада ҳаёт кечирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу аёлнинг зиёратига келар ва маслаҳат сўраб турардилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу саҳобиянинг ҳурматини жойига қўяр эдилар. Нусайба бинти Каъб Ансорийя ҳижратнинг ўн учинчи йили Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этди, (Аллоҳ ундан рози бўлсин!).
Манбалар асосида
Дилфуза Раҳимова
тайёрлади
Қуръони каримда “ОНА” сўзи улуғвор ва мўътабар нарсаларни ифодалаш учун қўлланилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳеч кимга насиб қилмаган буюк мақомни инъом этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир” деган (14-оят).
Муфассир Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бу оятда онанинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтгани, оналарнинг даражаси юқори эканига ишора қилади”, деган.
Ўз ҳавои нафсларидан бирор сўз айтмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш кераклиги сўралганда уч бора “онангга яхшилик қил” деб жавоб берганлар.
Онанинг вазифаси – фарзандни дунёга келтириш, боқиш ва уни тарбиялаб вояга етказиш билан чекланадими ёки уларнинг бунданда бошқа муҳим ҳамда каттароқ масъулиятлари борми?
Бу саволга замонавий илм-фан бизга жавоб беради...
Келинг, саволга жавобни она қорнида ривожланадиган ва она танасининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳомиладан бошлайлик. Онанинг жисмоний ҳолати ва унинг овқатланиши ҳомилага таъсир қилганидек, онанинг ҳиссий ҳолати ҳам таъсир қилади.
2013 йилда Гранада (Испания) университети олимлари 5 йил давомида тадқиқот ўтказишди. 17 минг нафар оналар ва 18 минг чақалоқлар қамраб олган тадқиқотда соғлом овқатланиш ва эмизишнинг фарзанд саломатлигига таъсирини кузатдилар.
Унга кўра, ҳомиладорлик вақтида оналарнинг тўғри овқатланиши ва диета қилиши – фарзанднинг соғлом туғилиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилиши аниқланган. Тадқиқотда онанинг ақлий салоҳиятининг юқори бўлиши фарзандга катта таъсир этиши исботланган.
Шунингдек, онанинг руҳий ҳолати ҳомилага тўғридан-тўғри таъсир қилиши кузатилган. Руҳий тушкунлик, депрессия, қайғу ва ташвиш ички стресс, хусусан, кортизол гормонини келтириб чиқаради.
Она тушкунликка тушганда кортизол фарзанд миясининг ривожланишига салбий таъсир қилади. Натижада бола мия қисмидаги ўзгаришлар сабабли безовтаналади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кортизол гормони қондаги кислород миқдорига, натижада боланинг нафақат туғма нуқсонлар билан ёки эрта туғилиши, ҳатто унинг бутун келажакдаги ҳаётига таъсир қилиши мумкин.
Стрессни бошдан кечирган ҳомиладор аёллардан дунё келган фарзандларда руҳий касалликлар, семириш, қанд касаллиги, саратон ва асаб тизими касалликлари эҳтимоли ҳам уларда юқори бўлган.
Хавотирли ери шуки, бу аломатлар келгуси авлодга ҳам ўтган. Ҳа, унинг асорати нафақат фарзандлари, балки набираларининг ҳаётларига таъсир ўтказган.
Онанинг боласига бўлган ғамхўрлиги ва меҳри фарзанднинг мактабдаги фанларни яхши ўзлаштиришни, айниқса, математика ва чет тиллари каби фанларни пухта ўрганиш қобилиятини ҳамда ўқиш кўникмаларини шакллантиради.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, болага ижобий таъсир кўрсатадиган энг муҳим омиллардан бири бу – она-бола ўртасидаги илиқ муносабатлар саналади. Онанинг стресс ҳолати эса, фарзанднинг миясига жиддий таъсир қилади.
Миянинг тубига кириб боришга имкон берувчи сўнгги технологиялар онанинг меҳр-муҳаббати бола миясининг гиппокампус деб аталадиган қисмига таъсир қилиши аниқланган. У хотира ҳужайраларининг янгиланиши, ёдлаб қолиш қобилияти ва стрессга жавоб бериш вазифаларини бажаради.
Бошқа бир тадқиқотга кўра, гиппокампус кўрсаткичи онасидан меҳр кўрганларда меҳр кўрмаган болаларга қараганда юқори экани кузатилган.
Руминияда ёшлигидан стрессда, бепарво муносабатда улғайган болалар устида олиб борилган тадқиқот натижаларида уларнинг мия қисмида қора туйнуклар борлиги аниқланган.
Герҳард Сую ўзининг “Муҳаббат қандай таъсир қилади?” номли китобида “Фарзандга қилинган ҳар қандай муносабат унинг мия фаолиятига таъсир қилади. Агар фарзандга доимий равишда қаттиққўллик, дўқ-пўписа қилинса, у асабий, қўрқоқ, ўз фикрини эркин баён эта олмайдиган бўлиб вояга етади”.
АҚШда 3 мингга яқин шахслар ўртасида ўтказилган сўровномада, она ва бола ўртасида соғлом ҳиссий муносабатлар мавжуд бўлса, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига ижобий таъсири 74 йил давом этиши мумкинлигини аниқланган.
Демак, фарзанднинг нафақат соғлом, балки салоҳиятли бўлишида ҳам Оналарнинг ўрни ва масъулияти шунчалик юқори экан.
Даврон НУРМУҲАММАД