بسم الله الرحمن الرحيم
Нафс тарбияси – икки дунё саодати
Муҳтарам азизлар! Рамазон ойи мусулмонни фазилатли амаллар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир. Бу ойда мусулмон киши нафсини тийишга жидду-жаҳд қилиб, уни бошқаришга киришиши лозим. Ҳар қандай разил хулқдан, ёмон йўллардан узоқ бўлиши даркор.
Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ва бошқа ибодатлардан кейин руҳий таскинлик топилади.
Нафснинг истаги эса шариатнинг зидди бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб кишининг нафси қувватланади. Намоз қазо бўлганида, қазони ўқимай юравериш ёки ибодатларни адо этишнинг қийин бўлиши нафс истаги бўлиб, у шундан қувватланаверади.
Мусулмон киши ибодатларга қанча ташна бўлса, намозини вақтида ўқиса, закотини кечиктирмай адо қилса, садақалари тўкис бўлса, Қуръони карим тиловатида бардавом бўлаверса, руҳи қувватланиб, нафсу ҳавоси синиб, ибодатлар унга севимли бўлаверади. Нафс Шайтоннинг энг кучли қуролидир.
Кимки нафсига қул бўлиб, маъсият ишларга гирифтор бўлса, ҳалол-ҳаром фарқига бормаса, нафси кучайиб, руҳи қувватсизланаверади. Оқибатда ибодатлар унинг учун қийин, ёқимсиз бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг сўзларини қуйдагича келтиради:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
(يوسوف/53)
яъни: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир” (Юсуф сураси 53-оят).
Ушбу оятда Роббимиз бизларга нафснинг моҳиятини баён қилиб, Ўзи раҳм қилмаса, у сабабли ҳолимиз хароб бўлишини таъкидламоқда. Роббимизнинг бизга раҳм қилиши эса, шариатга мувофиқ амалларга муяссар қилиши билан бўлади.
Нафс тарбиясининг аҳамияти: Динимиз бизга нафсимизни доимо назорат қилиб боришга, уни койиб, тарбия қилишимизга буюрган. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: “Нафсни тарбиялаш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Зеро нафс пок бўлсагина нажотга эришади”, – дейдилар. Аллоҳ таоло бу борада Қуръони каримда шундай огоҳлантиради:
قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا * وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا
(الشمس/9-10)
яъни: “Ҳақиқатан, нафсни поклаган киши нажот топур. Ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси 9-10 оятлар).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:
الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривоятлари).
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى
(النازعات/40-41)
яъни: “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат сураси 40-41 оятлар).
Демак, ким Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан қўрқиб, нафсини гуноҳ ишлардан тийса, унга жаннат ваъда қилинган экан. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу одамларга хитоб қилиб, шундай деганлар:
"حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَزِنُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُوْزَنُوا، فَإِنَّهُ أَهْوَنُ عَلَيْكُمْ فِي الْحِسَابِ غَدًا أَنْ تُحَاسَبُوا أَنْفُسَكُمْ اليَوْمَ وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ يَوْمَئِذٍ تُعْرَضُونَ لَا تَخْفَى مِنْكُمْ خَافِيَة"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, амаллар тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйинг! Бугун нафсингизни ҳисоб қилишингиз эрта – Қиёматда ҳисобингизни енгиллаштиради. Ўзингизни катта ҳисоб-китоб Кунига ҳозирланг! Аллоҳга рўпара бўладиган кунда бирор нарсангиз махфий қолмайдиган кунингизга ҳозирлик кўринг!” (Имом Термизий ривоятлари).
Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Зеро, нафсга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللَّهِ
(القصص/50)
яъни: “...Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!” (Қасос сураси 50-оят).
Инсон бошига тушадиган ҳар хил бало-офатлар асосан нафс бузуқлигидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам халқимизда: “Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур”, – деган пурҳикмат гап бежизга айтилмаган.
Нафс тарбиясининг фойдалари: Нафсни турли разил одатлардан поклаш, уни тарбия қилиш ва сайқаллаш орқали киши “саломат қалб”га эришади. Зеро, қалб саломат бўлсагина инсоннинг бошқа аъзолари ҳам тўғри бўлади, турли гуноҳ ишлардан тийилади. Қолаверса, инсон Қиёмат кунида саломат қалб билангина нажот топа олади. Аллоҳ таоло айтади:
يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ * إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ
(الشعراء/88-89)
яъни: “У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси 88-89 оятлар).
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло нафсини поклаган бандаларини “Адн” жаннати билан мукофотлашини ваъда қилган:
جَنّاتُ عَدنٍ تَجري مِن تَحتِهَا الأَنهارُ خالِدينَ فيها وَذلِكَ جَزاءُ مَن تَزَكّى
(طه/76)
яъни: “остидан анҳорлар оқадиган, улар доимий қоладиган – “Адн” жаннатлари бўлур. Бу (нафси) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!” (Тоҳа сураси 76 оят).
Нафсни тарбиясида муҳим бўлган омиллар: Нафсни тарбиялайдиган энг яхши омил бу фарз ибодатлардир. Зеро, ушбу ибодатларнинг барчасида инсоннинг нафсий иллатларини даволайди. Жумладан: Имон нафсни ҳар қандай ҳолда Аллоҳ таолога суянишга, уни улуғлашга ва ўзини паст олишга ундайди. Намоз – Роббига итоатни шакллантиради. Рўза кишида дунё неъматларидан ўзини тийиб туришга одатлантиради. Закот эса нафсдан бахилликни кетказади. Ҳаж эса нафсга Аллоҳ таоло йўлида турли машаққатларни кўтаришни ўргатади.
Шунингдек, нафл ибодатларни адо этиш, Қуръон тиловат қилиш ва тинглаш, турли зикрлар билан тилни банд қилиш нафс тарбиясининг энг самарали омилларидан ҳисобланади.
Шу билан бирга руҳий тарбия машойихлари: нафс истакларига тескари ҳаракат қилиш – уни тарбия қилишнинг бошидир, дейдилар. Бу ҳақда ҳазрати Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ўзларининг “Мактубот”ларида шундай дейдилар: “Нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни заифлаштиради. Уни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва қалбни махлуқот севгисидан пок тутмоқдир”.
Демак, киши ўз нафсини тарбия қилган зотларга яқин юрмоғи, улар билан ҳам суҳбат бўлмоғи, илм олмоғи ва унга амал қилмоғи лозим бўлади.
Бир куни Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг қўлларида гўшт кўтариб кетаётганларини кўрдилар ва: “Бу нима, Эй Жобир?”, – деб сўрадилар. Шунда Жобир разияллоҳу анҳу: “Иштаҳам хоҳлаб, гўшт сотиб олгандим”, – дедилар. Шунда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу:
أَوَ كُلَّمَا إِشْتَهَيْتَ إشْتَرَيْتَ يَاجَابِرُ، أَمَا تَخَافُ هَذِهِ الآيَةَ ﴿ أَذْهَبْتُمْ طَيِّبَاتِكُمْ فِي حَيَاتِكُمُ الدُّنْيَا
(الأحقاف/20)
яъни: “Эй Жобир! Иштаҳанг хоҳлаган ҳар нарсани сотиб олаверасанми?! Оятда: “Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунёдаги ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз”, – дейилганидан қўрқмайсанми?!”, – дедилар.
Ҳазрати Умар ушбу танбеҳлари билан ҳар гал нафс хоҳласа, уни истагини бажо қилаверишнинг оқибатидан огоҳлантирганлар.
Тарихда ўтган кўплаб алломалар, машойихлар, руҳий тарбия уламолари ушбу йўл билан нафсларини ислоҳ қилиб, олий мартабалар, мақомларга эришганлар. Машҳур авлиёлардан бири ҳазрати Сирри Сақотий қуддиса сирруҳу айтадилар: “Нафсим қирқ йилдан буён бир бўлак нонни шиннига ботириб егиси келади. Лекин унга буни едирмадим”.
Рамазон ойида нафсни тарбиялаш: Киши ўз нафси билан ҳар куни, ҳар кеча шуғулланиши керак. Рамазон ойи ҳам нафсни жиловлаш, бўйсундириш учун энг қулай фурсат ва имкониятдир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатувида эканлигини ҳис қилади, ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Аллоҳнинг розилиги учун рағбатлардан четлашади. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва нафсоний ҳаваслардан тийилади.
Рўзада жоҳиллик, тортишув, фисқ-фужур ва ёмонликдан узоқ бўлинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
إذا أصبَحَ أحدُكم يومًا صائمًا فلا يرفُثْ ولا يَجهَلْ فإنِ امرؤٌ شاتَمَه أو قاتَلَه
فلْيَقُل: إنِّي صائِمٌ إنِّي صائِمٌ
(مُتَّفَقٌ عَلَيْه)
яъни: “Сизлардан бирингиз рўза тутган бўлса, ёмон гапларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки уришса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, – десин” (Муттафақун алайҳ).
Рамазон ойида шайтонлар кишанланиб, инсон нафси билан яккама-якка қолади. Натижада нафсини тоат-ибодатларга бўйсиндириши учун улкан фурсат юзага келади. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ “Латоифул маориф” китобларида айтадилар:
إعْلَمْ أَنَّ الْمُؤْمِنَ يَجْتَمِعُ لَهُ فِي شَهْرِ رَمَضَانَ جِهَادَانِ لِنَفْسِهِ: جِهَادٍ بِالنَّهَارِ عَلى الصِّيَامِ ، وَجِهَادٍ بِاللَّيْلِ عَلَى القِيَامِ, فَمَنْ جَمَعَ بَيْنَ هَذَيْنِ الْجِهَادَيْنِ، وَوَفَّى بِحُقُوقِهِمَا, وَصَبَرَ عَلَيْهِمَا ، وُفِّىَ أَجْرُهُ بِغَيْرِ حِسَابٍ
яъни: “Билгинки, мўмин кишига Рамазон ойида нафсига қарши икки хил кураш жамланади: кундизи рўза ила (нафсга қарши) кураш қилиш, кечаси қиёмул-лайл ила курашиш. Ким мана шу икки мужоҳадани орасини жамласа, уларни тўла бажарса, иккисига сабр қилса, ажру савобини ҳисобсиз олади” (183-бет).
Демак, “жиҳод” деганда фақат қўлига қурол олиб, уруш қилиш тушунилмас экан. Балки киши ўзининг ичидаги энг катта душмани – нафсига қарши қаратган ҳар қандай кураши ҳам “жиҳод” ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам Суфён Саврий: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”, деганлар.
Хулоса қилиб айтганда, нафс тарбиясида инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Ҳар ким ўз нафсини тергаб, уни ислоҳ қилиб борса, натижада бутун жамият маънавий ислоҳга эришади.
Аллоҳ таоло барчамизни нафсимиз ёмонлигидан сақлаб, уни тарбиялаш ва гўзал ахлоқларга одатлантиришга муваффақ қилсин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан