Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

“Темур тузуклари”нинг олти асрлик саёҳати

09.04.2022   2122   6 min.
“Темур тузуклари”нинг олти асрлик саёҳати
ёхуд “Бобурнома”, “Шажари турк” сингари дурдоналар ёзилишига туртки берган асар

9 апрель – Амир Темур таваллуди куни

Буюк давлат арбоби Амир Темур (1336-1405) ўзининг ўткир ақл-заковати, ноёб етакчилик қобилияти, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Саркарданинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви, ўз фаолияти давомида эришган муваффақиятлари бир қатор тарихий асарларда, жумладан, “Темур тузуклари” китобида ҳам яққол аксини топган.

Соҳибқирон китоб ёзганми?

Мазкур шоҳ асар олти асрдан бери дунё жамоатчилиги эътиборини тортиб келмоқда. Айни пайтда унинг турли қўлёзма нусхалари ва таржималари дунёнинг турли нуқталарида, бир қатор нуфузли кутубхона,  музейлар ва шахсий тўпламларда сақланмоқда. Кўплаб таниқли олимлар “Темур тузуклари” устида тадқиқотлар олиб боришган.

Ўтган давр ичида мазкур асар Амир Темур томонидан ёзилмаган, унинг вафотидан анча кейин яратилган, деган тахминлар ҳам илгари сурилди. Аммо, асарнинг  тили ва услуби,  панд-насиҳатларнинг Амир Темур сийратига мослиги, чуқур идрок, ўткир зеҳн ва донишмандлик билан ёзилгани, асардаги воқеалар соҳибқирон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор ишончли манбалар (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ат-тақдур фи ахбори Таймур” асари ва ҳоказо)даги маълумотларга мос келиши ва бошқа бир қатор тарихий фактлар асар бевосита Амир Темур томонидан ёзилганини тасдиқлайди.

Тарихий маълумотларга кўра, асар даставвал Амир Темурнинг она тили –эски ўзбек тилида ёзилган. Шарафиддин Али Яздий ҳам юқорида номи тилга олинган асарида Амир Темур даврида унинг ҳаётидаги муҳим воқеаларни ўз ичига олган туркий ва форсий асарлар мавжуд бўлганини айтади. Шу пайтга қадар Амир  Темур фаолияти ҳақида унинг ҳаётлигида битилган туркий тилдаги асар бизгача етиб келмаганидан, бу ўринда сўз “Темур тузуклари” ҳақида бораётгани тахмин қилиш мумкин.

Ушбу китоб асрлар давомида бир қатор ҳукмдорлар учун дастуриламал вазифасини ўтаган. Эҳтимол, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”, Абулғози Баҳодурхон “Шажари турк” сингари асарларини ёзишларига ҳам айнан соҳибқироннинг мазкур “Тузуклар”и туртки берган бўлиши мумкин. Аммо, афсуски, асарнинг туркий тилда битилган илк қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. Бу дурдона асар топилганида, тарихимизнинг бизга маълум бўлмаган саҳифалари очилиши баробарида, ўзбек мумтоз адабиёти ҳам яна бир гўзал дурдона билан бойиган бўлар эди.

Ямандан топилган “Тузуклар”

Бугун бизгача етиб келган хилма-хил қўлёзмалар  ҳажми, таркиби, услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади. Бизга етиб келган қўлёзмаларнинг энг қадимгиси XVII асрга мансуб бўлиб, у Бобурийлар ҳукмронлиги даврида, Ҳиндистонда кўчирилган. Китоб муқаддимасида битилишича, Аграда Бобурийлар саройида хизмат қилган шоир ва таржимон Абу Толиб ал-Ҳусайний ал-Оризий ат-Турбатий Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб, ортга қайтаётганида Яман ҳукмдори Жаъфар Пошонинг кутубхонасида туркий тилда битилган бир ноёб қўлёзмага дуч келади. Таржимоннинг ёзишича, бу асарда Соҳибқирон Амир Темурнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган даврида бошидан кечирган саргузаштлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир ва амирлари, фарзандларига ҳукмронлик борасида берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари ўрин олган.

Ат-Турбатий бу бебаҳо қўлёзмани ўзи билан олиб келган ва уни секин-асталик билан форсий тилга таржима қила бошлаган. 1637 йилда асар таржимасини тўла-

тўкис битказиб, уни Бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳонга (1628-1659) туҳфа этган.

Шоҳжаҳон асар билан танишиб чиққач, ундаги воқеаларни Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” билан таққослаб чиқишни Декан музофоти фавждори Муҳаммад Афзал Бухорийга топшириб, хаттот ва муаррихлар ўзларидан қўшган ортиқча тафсилотларин ўчириб ташлашни буюради.

Мазкур асарнинг шу пайтгача етиб келган барча қўлёзма ва тошбосма нусхалари учун айнан Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг таржимаси асос бўлиб хизмат қилган.

Қайта-қайта ўгирилган

Марказий  Осиёда ҳукм сурган хонликлар даврида ҳам бу асарга жуда катта қизиқиш билдирилган. Шу боис, мазкур асарнинг форсча қўлёзмаси бир неча бор кўчирилган. Асли ўзбек тилида битилган бу асарни тақдир тақозоси билан яна шу тилга таржима қилишга эҳтиёж туғилган. Сўнгги икки аср давомида “Темур тузуклари” бир неча бор тилимизга ўгирилган. 1836 йилда Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1841)нинг буйруғига кўра, Хўжанд қозиси Набижон Маҳдум Ҳотиф мазкур асарни қисман таржима қилган. 1856-1857 йилларда Хива хонлигида мазкур асарни Муҳаммад Юсуф Рожий қисқартирилган ҳолда ўзбекчалаштирган. Орадан бир йил ўтиб, Хивада яна  бир таржимон Паҳлавон Ниёз Девон – Комил Хоразмий асар асосида, Муҳаммад Ризо Огаҳий тавсиясига кўра, янги асар яратган. Мазкур асарларнинг қўлёмалари бугунги кунда Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари  институтида сақланмоқда.

1967 йил таниқли аллома Алихонтўра Соғуний (1885-1976) асарнинг  Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган форсий қўлёзмасидан ўзбек тилига таржима қилиб, унинг бир қисмини   «Гулистон» журналида эълон қилган.

Истиқлол йилларида Амир Темур шахсига  бўлга муносабат тубдан ўзгарди. 1996 йилда буюк саркарданинг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темурга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди. Ўзбекистонда улуғ саркарда номи билан аталадиган “Амир Темур ордени” таъсис  этилди. Буларнинг бари ўзбек халқининг буюк Соҳибқиронга бўлган сўнмас эҳтироми намунаси бўлди.

“Темур тузуклари” бир неча бор нашр қилинди. Асарнинг турли факсимиле нусхалари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Рустам Жабборов.

ЎзА

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

11.08.2026   12044   3 min.
Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

Маккада бўлиб ўтаётган 46-Саудия халқаро қорилар мусобақасининг иккинчи кунида 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл мусобақа қатнашчилари ўзаро беллашди.

ИҚНА "Саудия ахборот агентлиги"га таяниб хабар беришича, Маккада Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги шафелигида ўтказилган танловнинг финал босқичи турли мамлакатлардан келган эркаклар ва аёллар иштирокида давом этди.

Тадбирнинг иккинчи кунида эркаклар ва аёллардан иборат ҳакамлар ҳайъати 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл иштирокчининг Қуръон тиловатига баҳо берди.

Икки босқичда, эрталаб ва кечқурун ўтказилган ҳакамлар ҳайъати Катта масжид ҳовлисида 17 нафар эркак ва танлов ўтказиладиган жойдаги аёллар бўлимида 16 нафар аёлни ўз ичига олди. Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи кунларда эркаклар ва аёллар ҳайъати олдида янграган чиқишларнинг умумий сони 40 дан ортиқ мамлакатдан 66 тага етди.

Тадбир келаси пайшанбагача (2026 йил 20 август) давом этади, бу иштирокчиларнинг Саудия Арабистонидан жўнаб кетиш куни бўлади. Қуръон илмлари, қироат ва қироат қоидалари бўйича эркак ва аёл мутахассислардан иборат ҳакамлар гуруҳи электрон ҳакамлик тизимидан фойдаланган ҳолда чиқишлар, қорилар ва матнни ёд олган ижрочиларни баҳолайди, бу эса баҳолашнинг аниқлигини оширади ва турли йўналишларда адолатни таъминлайди.

Айни пайтда 133 мамлакатдан 334 нафар эркак ва аёл беш йўналишда, жумладан, етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Тадбир 6 август куни бошланган бўлиб, унинг мақсади ёш мусулмонларни Қуръонни ёдлаш ва тушунишга, ояти карималар устида мулоҳаза юритишга ва ҳалол рақобатни яратишга ундашдир.

Ушбу мусобақада у бошланганидан бери рекорд даражадаги иштирокчилар - 133 мамлакатдан 334 киши иштирок этди ва умумий соврин жамғармаси 10 260 000 саудия риалини ташкил этди, бу мусобақа бошланганидан бери энг юқори миқдордир.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари