9 апрель – Амир Темур таваллуди куни
Буюк давлат арбоби Амир Темур (1336-1405) ўзининг ўткир ақл-заковати, ноёб етакчилик қобилияти, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Саркарданинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви, ўз фаолияти давомида эришган муваффақиятлари бир қатор тарихий асарларда, жумладан, “Темур тузуклари” китобида ҳам яққол аксини топган.
Соҳибқирон китоб ёзганми?
Мазкур шоҳ асар олти асрдан бери дунё жамоатчилиги эътиборини тортиб келмоқда. Айни пайтда унинг турли қўлёзма нусхалари ва таржималари дунёнинг турли нуқталарида, бир қатор нуфузли кутубхона, музейлар ва шахсий тўпламларда сақланмоқда. Кўплаб таниқли олимлар “Темур тузуклари” устида тадқиқотлар олиб боришган.
Ўтган давр ичида мазкур асар Амир Темур томонидан ёзилмаган, унинг вафотидан анча кейин яратилган, деган тахминлар ҳам илгари сурилди. Аммо, асарнинг тили ва услуби, панд-насиҳатларнинг Амир Темур сийратига мослиги, чуқур идрок, ўткир зеҳн ва донишмандлик билан ёзилгани, асардаги воқеалар соҳибқирон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор ишончли манбалар (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ат-тақдур фи ахбори Таймур” асари ва ҳоказо)даги маълумотларга мос келиши ва бошқа бир қатор тарихий фактлар асар бевосита Амир Темур томонидан ёзилганини тасдиқлайди.
Тарихий маълумотларга кўра, асар даставвал Амир Темурнинг она тили –эски ўзбек тилида ёзилган. Шарафиддин Али Яздий ҳам юқорида номи тилга олинган асарида Амир Темур даврида унинг ҳаётидаги муҳим воқеаларни ўз ичига олган туркий ва форсий асарлар мавжуд бўлганини айтади. Шу пайтга қадар Амир Темур фаолияти ҳақида унинг ҳаётлигида битилган туркий тилдаги асар бизгача етиб келмаганидан, бу ўринда сўз “Темур тузуклари” ҳақида бораётгани тахмин қилиш мумкин.
Ушбу китоб асрлар давомида бир қатор ҳукмдорлар учун дастуриламал вазифасини ўтаган. Эҳтимол, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”, Абулғози Баҳодурхон “Шажари турк” сингари асарларини ёзишларига ҳам айнан соҳибқироннинг мазкур “Тузуклар”и туртки берган бўлиши мумкин. Аммо, афсуски, асарнинг туркий тилда битилган илк қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. Бу дурдона асар топилганида, тарихимизнинг бизга маълум бўлмаган саҳифалари очилиши баробарида, ўзбек мумтоз адабиёти ҳам яна бир гўзал дурдона билан бойиган бўлар эди.
Ямандан топилган “Тузуклар”
Бугун бизгача етиб келган хилма-хил қўлёзмалар ҳажми, таркиби, услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади. Бизга етиб келган қўлёзмаларнинг энг қадимгиси XVII асрга мансуб бўлиб, у Бобурийлар ҳукмронлиги даврида, Ҳиндистонда кўчирилган. Китоб муқаддимасида битилишича, Аграда Бобурийлар саройида хизмат қилган шоир ва таржимон Абу Толиб ал-Ҳусайний ал-Оризий ат-Турбатий Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб, ортга қайтаётганида Яман ҳукмдори Жаъфар Пошонинг кутубхонасида туркий тилда битилган бир ноёб қўлёзмага дуч келади. Таржимоннинг ёзишича, бу асарда Соҳибқирон Амир Темурнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган даврида бошидан кечирган саргузаштлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир ва амирлари, фарзандларига ҳукмронлик борасида берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари ўрин олган.
Ат-Турбатий бу бебаҳо қўлёзмани ўзи билан олиб келган ва уни секин-асталик билан форсий тилга таржима қила бошлаган. 1637 йилда асар таржимасини тўла-
тўкис битказиб, уни Бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳонга (1628-1659) туҳфа этган.
Шоҳжаҳон асар билан танишиб чиққач, ундаги воқеаларни Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” билан таққослаб чиқишни Декан музофоти фавждори Муҳаммад Афзал Бухорийга топшириб, хаттот ва муаррихлар ўзларидан қўшган ортиқча тафсилотларин ўчириб ташлашни буюради.
Мазкур асарнинг шу пайтгача етиб келган барча қўлёзма ва тошбосма нусхалари учун айнан Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг таржимаси асос бўлиб хизмат қилган.
Қайта-қайта ўгирилган
Марказий Осиёда ҳукм сурган хонликлар даврида ҳам бу асарга жуда катта қизиқиш билдирилган. Шу боис, мазкур асарнинг форсча қўлёзмаси бир неча бор кўчирилган. Асли ўзбек тилида битилган бу асарни тақдир тақозоси билан яна шу тилга таржима қилишга эҳтиёж туғилган. Сўнгги икки аср давомида “Темур тузуклари” бир неча бор тилимизга ўгирилган. 1836 йилда Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1841)нинг буйруғига кўра, Хўжанд қозиси Набижон Маҳдум Ҳотиф мазкур асарни қисман таржима қилган. 1856-1857 йилларда Хива хонлигида мазкур асарни Муҳаммад Юсуф Рожий қисқартирилган ҳолда ўзбекчалаштирган. Орадан бир йил ўтиб, Хивада яна бир таржимон Паҳлавон Ниёз Девон – Комил Хоразмий асар асосида, Муҳаммад Ризо Огаҳий тавсиясига кўра, янги асар яратган. Мазкур асарларнинг қўлёмалари бугунги кунда Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда.
1967 йил таниқли аллома Алихонтўра Соғуний (1885-1976) асарнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бош идорасининг кутубхонасида сақланаётган форсий қўлёзмасидан ўзбек тилига таржима қилиб, унинг бир қисмини «Гулистон» журналида эълон қилган.
Истиқлол йилларида Амир Темур шахсига бўлга муносабат тубдан ўзгарди. 1996 йилда буюк саркарданинг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темурга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди. Ўзбекистонда улуғ саркарда номи билан аталадиган “Амир Темур ордени” таъсис этилди. Буларнинг бари ўзбек халқининг буюк Соҳибқиронга бўлган сўнмас эҳтироми намунаси бўлди.
“Темур тузуклари” бир неча бор нашр қилинди. Асарнинг турли факсимиле нусхалари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.
Рустам Жабборов.
ЎзА
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати