Шу кунларда юртимизда ўтказилаётган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода билан учрашув ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари нуфузли анжуман иштирокчиси бўлган мартабали меҳмонни қутлаб, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончи диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликка мустаҳкам замин бўлаётганини алоҳида қайд этдилар.
Самимий мулоқотда Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозоданинг илмий камолотида Бухорои шариф ва Мир Араб мадрасасининг ўрни беқиёс экани ёдга олиниб, Давлатимиз Раҳбари томонидан 500 йиллик тарихга эга ушбу шонли мадраса нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон Президенти томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, диний-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар, қардош халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш йўлидаги алоқалар ва улуғ алломаларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги хайрли ишларни юксак эътироф этди.
Якунда Ҳақ таолодан халқаро ислом цивилизацияси форумини муваффақиятли ўтиши ва икки қардош эл ўртасидаги маърифий ҳамкорлик мусулмон уммати учун хайрли бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати