Аллоҳ таоло Каломи Қуръони каримнинг бир юз ўн иккинчи сураси “Ихлос” деб аталади. Хўш, “ихлос” атамаси нима маънони беради?
“Ихлос” сўзи аслида, арабча сўз бўлиб, у “холос бўлиш”, “мухлис”, “холис” деган маъноларни англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Ихлос (арабча) – самимийлик, кўнгли очиқлик, берилганлик, мухлислик, эътиқод, чин юракдан, ишонч билан берилиш; астойдил муҳаббат” деб изоҳланади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади. Ихлос Ислом динининг асл моҳияти бўлиб, ҳар бир яхши амал унинг устига қурилади. Инсон амалларининг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади. Зеро, инсон амаллари суратдир, ихлос эса амалнинг руҳидир.
Қуръони каримнинг 112 сураси номлари жуда кўп. У “Тафрид”,“Нажот”, “Тавҳид”, “Марифа”,“Асос”деб ҳам аталади. Аммо суранинг энг машҳур номи “Ихлос”дир.
“Ихлос” атамасини Қуръони карим сурасига қўйилишини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар:
1. Айрим уламолар “Қуръоннинг ўзи учта бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар(қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. “Қул ҳуваллоҳу аҳад” шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура “Ихлос” деб номланади” дейдилар.
2. Баъзи уламолар: “Бу (сура)нинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда Аллоҳнинг Сомад исми борлиги учун, чунк бошқа сураларда бу исм топилмайди”, дейдилар.
Ихлос сураси Маккада нозил бўлган, 4 оятдан иборат.
Ихлос сураси
1. Қул ҳуваллоҳу аҳад.
2. Аллоҳус-сомад.
3. Лам ялид ва йулад.
4. Ва лам йакуллаҳу куфуван аҳад.
Таржимаси:
1. (Эй Муҳаммад) Айтинг:“У Аллоҳ ягонадир”.
2. Аллоҳ Самад. (эҳтиёжсиз,ҳожатбарор).
3. У туғмаган ва туғилмаган ҳам.
4. Шунингдек. Унинг ҳеч бир тенги йўқдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ихлос” сурасининг кўплаб фазилатларини баён қилганлар. Кимки “Ихлос”сурасини яшаётган манзилида бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга, оиласига, ҳатто қўни-қўшниларига барака беради. Бу ҳақда ҳадис-шарифда: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшнилари-ю қариндошларига мўл-кўл ёғдирилди (Ҳофиз Абу Мусо Маданий Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).
Агар бир киши ҳар куни “Ихлос” сурасини 50 марта ўқиса, қиёмат куни у жаннатга кириш бахтига муваффақ бўлади. Бу ҳақда ҳадиси-шарифда: “Кимки “Ихлос” сурасини ҳар куни 50 марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!”дейилади.
“Кимки “Ихлос” сурасини икки юз марта ўқиса, гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари кечирилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки “Ихлос” сурасини кунига 200 марта ўқиса. Гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади” (Имом термизий ривояти).
“Ихлос” сурасини ўқишни яхши кўриш фазилат бўлиб, бу фазилат инсонни жаннат сари етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам (Ихлос” сурасини назарда тутиб):“Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен шу сурани яхши кўраман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни яхши кўришинг, сени жаннатга етаклайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ётиб ухламоқчи бўлиб, ўнг томонга қараб ётса, сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни 100 марта ўқиса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга:“Ўнг тарафдан жаннатга кир” дейди (Имом Термизий ривояти).
Агар бир киши вафот этар чоғида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрда азобланмайди, сирот кўпригидан омон ўтади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар” (Имом Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни “Ихлос” сурасининг фазилатидан баҳраманд бўлишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.
#xabar #haj2025
Бугун кечқурун 15 минг ўзбекистонлик зиёратчилар Маккаи мукаррамадаги меҳмонхоналардан ҳаж ибодатининг асосий амалларини бажариш учун Мино водийсига йўл оладилар.
Айтиш жоизки, бугунги кунгача Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари томонидан зиёратчиларимиз улуғ ибодатни бекаму кўст адо этишлари учун Мино, Арофат ва Муздалифа водийларида барча шарт-шароитлар тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.
Айни мақсадда ишчи гуруҳи ва шифокорларнинг маълум аъзолари мазкур муборак водийларда бир муддат олдин бориб, зиёратчиларимизни кутиб олишга шай бўлиб турибдилар.
Хусусан, бу йил, Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.
Шунингдек, барча шароитларга эга тиббиёт марказлари, 3 маҳал иссиқ овқат ва 24 соат давомида чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш йўлга қўйилади. Арафотда Муздалифада фойдаланиш учун ҳожиларга махсус тўшак ва соябонлар тарқатиш режалаштирилган.
Айни пайтгача соҳа раҳбарлари томонидан ишчи гуруҳи аъзолари, элликбошилар ва шифокорлар жамоасига ҳаж жараёнларини намунали бошқариш, белгиланган тартибларга риоя этиш ва шаръий масалалар ҳақида батафсил тушунтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати