Ўтган якшанба куни Рамазон ойига тайёргарлик кўриш мақсадида Макка шаҳридаги Каъба матоларини тозалаш ишлари бошланди.
Каъбапўшга техник хизмат кўрсатиш бўйича директор Фаҳд ал-Жобирийнинг айтишича, таъмирлаш ишлари Каъбанинг камарини ва матонинг четларини мустаҳкамлашдан иборат.
Каъбанинг камари ердан 9 метр баландликда осилган бўлиб, унинг қора ипак матосига Қуръони карим оятлари зарҳал кумуш иплар билан нақшланган.
Ал-Жобирийнинг таъкидлашича, каъбапўш ҳар куни текширилади ва мутахассислар жамоаси томонидан вақти-вақти билан техник хизмат кўрсатилиши керак, уларнинг кўпчилиги бу иш билан 20 йилдан ортиқ муддатдан бери шуғулланиб келади.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати