Душанба куни Саудия Арабистони ҳукумати расмийлари томонидан Маккадаги Ал-Ҳаром масжиди ва Мадинадаги Пайғамбар масжидига оид Рамазон учун асосий ташкилий режалар эълон қилинди.
Икки муқаддас масжид бошқаруви агентлиги бошлиғи доктор Абдулраҳмон Ал-Судаиснинг айтишича, масжид қавмига ўз маросимларини осон бажариш учун энг яхши хизмат ва шароитларни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Унинг таъкидлашича, ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун энг янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллект тизимлари, рақамлаштириш дастурлари ва турли тиллардаги электрон дастурлардан фойдаланилган.
Islam.ru хабарига кўра, икки йиллик танаффусдан сўнг Ал-Судаис 2000 та рухсатномалар бериб, Катта масжидга ифтор қайтарилишини эълон қилди.
Бошқаруви агентлиги вакили Хани бин Ҳусни Ҳайдарнинг айтишича, Катта олимлар кенгашининг етти аъзоси Катта масжиддаги дарсларда қатнашади ва Маккадаги ўқитувчилар ташриф буюрувчилар ва зиёратчилар учун 425 та дарс беришади. Унинг таъкидлашича, Бошқаруви агентлиги шунингдек, 60 нафар шайхлар саволларга жавоб беришга тайёр бўлган учта юқори технологияли ахборот ва таълим марказларини тақдим этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати