Саудия Aрабистони Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси раҳбарлигида қуйи давлат ташкилотлари билан келишилган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари ўтган шанба кунидан бошланди. Бу ҳақда “ИҚНA” сайти “ал-Явма-7” нашрига таяниб хабар берди.
Мазкур таъмирлаш Каъбани доимий парвариш қилиш ва уни энг яхши ҳолатда сақлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Саудия Арабистони ОAВларининг ёзишича, Каъбада даврий техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари Саудиянинг юқори мартабали мутасаддилари назорати остида амалга оширилади.
Мамлакат Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси масжид-муассаса ривожига масъул бўлган элита ходимлари иштирокида энг сўнгги технология ва юқори халқаро стандартлардан фойдаланган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ишларини олиб боради.
Мазкур идора “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” нинг ривожланиш режаларини назорат қилиш учун масъул. Олдинги таъмирлаш ишлари 2019 йилда амалга оширилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #uchrashuv #vatandosh
Ўзбекистон делегациясининг Швеция сафари доирасида 25 март куни Швеция, Норвегия ва Данияда ўқиш ва иш билан бўлиб турган 200 нафардан зиёд ватандошларимиз билан бир пиёла чой устида учрашув ташкил қилинди.
Тадбир аввалида Швециядаги ватандошлар жамоаси томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, хусусан, миллийликни сақлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, спорт мусобақалари ва таълим-тарбия ишлари тўғрисида тақдимот қилинди.
Учрашувда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эътиқодларини ҳимоялаш борасида Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан жуда катта ишлар қилинаётгани эътироф этилди. Жумладан, Рамазон ойида уламолар, имом-хатиблар ва қориларни дунё давлатларига юбориш анъанага айлангани, бу йил ҳам бир гуруҳ уламолар Россия, Жанубий Корея, АҚШ ва Европа мамлакатларида бўлиб қайтгани, у ерларда ватандошларимиз учун ифторлик дастурхонлари ёзилиб, маърифий суҳбатлар ташкил этилгани юқори баҳоланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ватандошлар жамоаси ва улар томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ўзбек жамияти муҳити яхши шакллангани, Ватан нафаси яққол сезилиб тургани ва ватанпарварлик фазилати сайқалланаётганини таъкидладилар.
Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Рамазон ойидаги тадбирлар, хатми Қуръонлар, Қадр кечасидаги дуолар, Рамазон ҳайити арафасида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий масжид-мажмуаси очилиши катта байрам туҳфаси бўлгани алоҳида қайд этилди.
Муфтий ҳазратлари Ватан ва унга бўлган муҳаббат тушунчаси борасида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва мўътабар манбалар асосида сўзлаб бердилар.
Мамлакатимизда инсонни қадрлашга бўлган эътибор йил сайин ортаётгани, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хайрия ишларига жуда катта маблағ ажратилгани рақамлар ва мисоллар асосида келтириб ўтилди.
Шунингдек, бугунги мураккаб ва қалтис даврда ҳар қачонгидан ҳам огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш зарур бўлаётгани, ҳар қандай диний масалада савол ёки мурожаатлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво марказига боғланиш бўйича маълумотлар берилди.
Ватандошларимиз, хусусан, фан доктори Муҳиддин Ширинов Собиқ иттифоқ даври билан бугунги кунни қиёсланса, жуда катта ўзгаришлар бўлгани, хусусан, Швеция парламентида чиқиш қилиш ҳам Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузи ортиб бораётганига бир мисол бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси томонидан ватандошларнинг илм-фан, маданият, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, спорт соҳасидаги ютуқлари юқори баҳоланди.
Ўзбекистон делегацияси ватандошлар томонидан ташкил этилган корхоналар фаолияти билан ҳам танишди.
Учрашувда ватандошларимиз олис масофалардан келиб она Ватан нафасини ҳис эттиришга ҳаракат қилгани учун делегация аъзоларига ўз миннатдорликларини изҳор этишди. Якунда Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати