Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

“Қазаъ” нима эканини биласизми?

26.03.2022   17192   4 min.
“Қазаъ” нима эканини биласизми?

 Ҳадис шарҳи

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазаъдан қайтардилар. Мен Нофеъга: “Қазаъ нима?” дедим. У: “Ёш бола боши (сочининг)нинг бир қисмини олиб, бир қисмини қолдириш”, деди» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни қазаъдан, яъни сочнинг баъзисини олиб, баъзисини қолдиришдан қайтардилар. Абу Довуд “Сунан”ида: “Сочнинг ҳаммаси олинади, ундан бирор нарса тарк қилинмайди. Баъзиси қисқартирилиб, баъзилари қолдирилмайди. Сочни қазаъ кўринишида олиш табиий хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу қайтариган амалдир”, деган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир бола келтирилади. Унинг бошидаги баъзи сочлари олинган, баъзилари эса олинмаган эди. Шунда Расулуллоҳ: “Соч олсангизлар, барчасини олинглар ёки тарк қилсангизлар, барчасини тарк қилинглар”, дедилар.

Агар зарурат бўлмаса, қизларнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам сочи қириб олинмайди. Бошда жароҳат бўлиб, даволаш учун соч олса, зарари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага эҳтиёж сездилар ва эҳромдаликларида сочини олдирдилар.

«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қазаъдан қайтарганларини эшитдим”, деди. “Қазаъ нима?”, дедим.  Убайдуллоҳ бизга ишора қилиб: “Агар боланинг сочини қириб олсангизлар баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдирманглар ёки бошнинг икки ёни ва олд томонини қолдирманглар”, деди.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг сочини қириб олишдан қайтарганлар”, деди. Барча ҳадисларда қазаъ ва унинг кайфияти, Аллоҳ таоло эркакларни ундан қайтаргани, сочларни қириб олиши кераклиги ҳақида гапирдик. Бу масала атрофлича изоҳланди. Аммо бу қайтариқ аёлларга тегишли эмас. Чунки  аёлларга сочни қириб олиш вожиб эмас. Сабаби, соч аёлларга ҳусн ва зийнат қилиб берилган.

Соч – аёллар зийнатланишида энг муҳим нарса. Аёллар эрлари учун сочларини асрайдилар ва турмаклаб зийнатланишади.

Тўрт мазҳаб уламолари қазаъ турли жойларда бўлса, макруҳ эканига ижмо қилганлар. Агар даволаниш ва шу каби нарсалар бўлса, жоиз. Қазаънинг ҳаромлигига келсак, агар бирор киши у ишни ўзга диндагиларга ёки фосиқларга тақлидан қилса, ҳаром бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у улардандир”, деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у улардандир. Яъни,ташқи кўринишда, кийинишда, баъзи амалларда кўринади”, дедилар».

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқ (итоатсиз)дирлар!” (Ҳадид сураси, 16-оят).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирида бундай дейилади: «...(Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?!..” Бу оят аслий ва фаръий масалаларда аҳли китобларга ўхшашдан қайтарилганига ишорадир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Умматим то ўзларидан аввалги замонлардагиларга қаричма-қарич, зироъма-зиро эргашмагунларича Қиёмат қоим бўлмайди. Ҳатто улар зоббнинг уясига кирган бўлишса, сизлар ҳам худди шундай унга кирасизлар”. “Ё Расулуллоҳ, форслар ва румларга ўхшабми?” дедик. У зот: “Улар бўлмай ким бўлсин?!” дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Манбалар асосида

Дилфуза РАҲИМОВА

тайёрлади.

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дуолар ижобати ҳалол луқма билан

07.09.2026   37657   2 min.
Дуолар ижобати ҳалол луқма билан

“Аллоҳ таоло бандасининг ҳалол ортидан қувиб ҳолдан тойган ҳолида кўришни яхши кўради” (Имом Суютий ривояти).

* * *

“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).

* * *

“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”

(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).


Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.


Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).

 

Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

Ибратли ҳикоялар