بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоа! Маълумки, хулқ-атвор инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади ва унинг охиратдаги даражаси қандай бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади. Яхши хулқлар сабабли киши катта ютуқларга эришса, ёмон хулқлар доим унинг оёғига “кишан” бўлади.
Динимизда мақталган хулқлардан бири камтарлик бўлиб, унинг зидди кибру ҳавога берилишдир. Кибр – ўзини ўзгалардан устун кўришдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таъбирлари билан айтганда: “Кибр – ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситишдир (Имом Муслим ривоятлари). Кибр энг зарарли қалб касалликларидан бири бўлгани учун уни даволашга динимизда катта эътибор қаратилган.
Кибрнинг энг ёмони Аллоҳ таолонинг динига ва унинг оятларига қарши қилингани, кибр билан унинг ибодатидан юз ўгирилганидир. Биринчи содир бўлган гуноҳ кибр сабабли эди. Иблис у сабабли Аллоҳ таолонинг буйруғидан юз ўгирди. Одам алайҳиссаломга таъзим бажо келтирмади, ўзини одамдан устун ва афзал деб билди. У ўзининг асли оловдан яратилгани билан кибрланди, Одам алайҳиссаломнинг асли тупроқ экани сабабли уни хор деб билди. Ваҳоланки, уни вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلَّا تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِنْهُ خَلَقْتَنِي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طِينٍ قَالَ فَاهْبِطْ مِنْهَا فَمَا يَكُونُ لَكَ أَنْ تَتَكَبَّرَ فِيهَا فَاخْرُجْ إِنَّكَ مِنَ الصَّاغِرِينَ
яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) чиқ! У ер (жаннат)да сенга такаббурлик қилишинг жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен (энди) ҳақирлардандирсан” (Аъроф сураси 12-13-оятлар).
Энди асли бир ота-онадан тарқалган инсонлар мол-дунёси, мансаби, обрў эътибори ва насли-насаби сабаб ўзгалардан ўзини юқори олиши, бошқаларни ерга уриб кибрланиши Иблиснинг кибрланишига ўхшашдир.
Барча пайғамбарларга уларнинг қавмидаги мутакаббир инсонлар қарши чиқишган. Пайғамбаримиз аллайҳиссаломга ҳам аксарият Макка мушрикларининг катталари қарши чиқишди. Уларга Исломдаги адолат, тенглик ва оддий одамлар билан бир сафда туриш жуда оғир ботарди. Бунга кибрлари йўл бермасди. Демак, кибр инсонни ҳақиқатни инкор қилишга етаклайди.
Аллоҳ таолога имон келтиришдан кибр қилган ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом келтирган динни ёлғонга чиқарган одам абадий бадбахтликка маҳкум бўлиши ояти карималарда баён қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَالَّذِينَ كَذَّبُوا بِآَيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
яъни: “Оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан (ўзларини юқори тутиб) кибр қилганлар – ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу (қолувчи)дирлар” (Аъроф сураси 36-оят).
Аллоҳ таоло Исро сурасида бандаларини бир нечта катта гуноҳлар: исроф, бахиллик, болаларни камбағалликдан қўрқиб ўлдириш, зино, одам ўлдириш, етимни молини ейиш, тарозудан уришдан қайтариб, уларнинг охирида ер юзида кибрланиб юришни ҳам санайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّكَ لَنْ تَخْرِقَ الْأَرْضَ وَلَنْ تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولً كُلُّ ذَلِكَ كَانَ سَيِّئُهُ عِنْدَ رَبِّكَ مَكْرُوهً
яъни: “Ер юзида кибр-ҳаво билан юрма! Чунки асло ерни тешиб кира олмайсан ва бўй-бастда тоғларга ета олмайсан. Буларнинг барча ёмонлари Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳ(лар)дир” (Исро сураси 37-38-оятлар).
Қуръони каримда зикр қилинишича солиҳ банда Луқмони ҳаким ўғлига камтар бўлиш, ер юзида кибрланиб юрмасликни тавсия қилганлар. Мутакаббирларни Аллоҳ таоло севмаслигини билдирганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
яъни: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси 18-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадиси шарифларида бизни кибрнинг катта гуноҳлигидан огоҳлантирганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам кибр ҳақида шундай дейдилар:
﴿احْتَجَّتِ الجَنَّةُ والنَّارُ فقالتِ النَّارُ فِيَّ الجَبَّارُونَ وَالمُتَكَبِّرُونَ. وَقَالتِ الجَنَّةُ: فِيَّ ضُعَفَاءُ النَّاسِ وَمَسَاكِينُهُمْ، فَقَضَى اللهُ بَيْنَهُمَا: إنَّكِ الجَنَّةُ رَحْمَتِي أرْحَمُ بِكِ مَنْ أشَاءُ، وَإنَّكِ النَّارُ عَذَابِي أُعَذِّبُ بِكِ مَنْ أشَاءُ، وَلِكلَيْكُمَا عَلَيَّ مِلْؤُهَا﴾ (رواه الامام المسلم عن أَبي سعيد الخدري رضي الله عنه)
яъни: “Жаннат ва дўзах ўртасида мунозара бўлди. Дўзах: “Жабр қилувчилар ва мутакаббирлар мендадир”, – деди. Жаннат: “Одамларнинг заифлари ва мискинлари мендадир”, – деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм чиқариб шундай деди: “Сен жаннатсан, менинг раҳматимсан, сен билан хоҳлаган кишиларимга раҳм қиламан. Сен дўзахсан, сен билан хоҳлаган кишиларимни азоблайман. Сизларни ўзим тўлдираман”” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича киши доимо ўзини ўзгалардан устун қўяверса, мутакаббир одамлар сафига ёзиб қўйилади ва дунё охиратда улар олган жазоларни олади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
﴿ لاَ يَزَالُ الرَّجُلُ يَذْهَبُ بِنَفْسِهِ حَتَّى يُكْتَبَ في الجبَّارِين ، فَيُصيبَهُ مَا أصَابَهُمْ﴾
(رواه الترمذي عن سَلَمةَ بنِ الأكْوَعِ رضي الله عنه)
яъни: “Киши ўзини ўзгалардан устун қўяверади, қўяверади, ҳатто жабр қилувчилар сафига ёзилади. Сўнгра уларга етадиган жазолар унга ҳам етади” (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом кибрни тарк қилиш ва камтарликда чиройли ўрнак эдилар. У зот Аллоҳ таолонинг севимли пайғамбари бўлсаларда, мартабалари жуда юксак экани маълум бўлсада, ҳеч ўзларини ўзгалардан устун олмаганлар. Фазилатларини айтиш зарур бўлган ўринларда ҳам, “Бу билан фахрланиш йўқ”, деб қўярдилр. Саҳобийлардан бойларими ё камбағалларими бир таомга чақирсалар рад қилмас эдилар. Ўзларини хизматларини ўзлари қилар эдилар, ибодатларда ўзгалардан ёрдам олмасдилар. Кимни кўрсалар унга биринчи бўлиб салом берардилар. Заиф ва қарияларни аҳволига риоя қилардилар. Ҳеч қачон ўзлари учун қасос олмас, ғазабланмас эдилар. Уларнинг ғазабланиши шариат ҳукмлари паймол бўлганда бўларди. У зотга лойиқ уммат бўлиш учун биз ҳам бу хислатлардан ўрнак олишимиз, У зотнинг йўлларини тутишимиз керак.
Кибр қалбга кириб қолса, ундан қутилиш қийин бўлади. Шунинг учун у кирадиган йўлларни ёпиш осонроқдир. Кибрни даволаш йўллари қуйидагилар:
Кибрнинг бандага бир қанча зарарлари бор:
نَارُكُمْ جُزْءٌ مِنْ سَبْعِينَ جُزْءًا مِنْ نَارِ جَهَنَّمَ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنْ كَانَتْ لَكَافِيَةً قَالَ فُضِّلَتْ عَلَيْهِنَّ بِتِسْعَةٍ وَسِتِّينَ جُزْءًا كُلُّهُنَّ مِثْلُ حَرِّهَا ﴾ (رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)﴿
яъни: “Бу оловларингиз жаҳаннам оловининг етмишдан бир қисмидир”. Одамлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Шу оловни ўзича бўлса ҳам етарли эди”, – дейишди. У зот: “Унга олтмиш тўққиз қисм зиёда қилинди. Ҳар бир қисмнинг иссиқлиги у(дунё олови)нинг иссиқлигичадир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Яна баъзи ўзидан “олим” ясаб олиб: “Улар ҳам илм кишилари, биз ҳам илм кишилари”, – деб, барча ислом уммати бир овоздан қабул қилган Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳабларини, Аҳли суннанинг эътиқодини бир жойга йиққан, китоб ҳолига келтирган Имоми Мотуридий ва Имом Ашъарийларни инкор қилиш, адашганга чиқариш ҳам, айни кибрнинг ўзидир. Чунки бу қуёшданда равшанроқ бўлган ҳақиқатни инкор қилишдир. Бундай кибрнинг ҳам натижаси аянчлидир. Чунки бу жамоатдан ажралиш бўлиб, ким жамоатдан четланса, дўзах томонга четланган бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли хулқлар билан хулқланишни насиб қилсин! Кибрдан узоқ бўлиш, камтарликни лозим тутишни ўзи осон қилсин!
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.