Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

18.03.2022 й. Ёшлик – умр баҳори

16.03.2022   7725   13 min.
18.03.2022 й. Ёшлик – умр баҳори

 بسم الله الرحمن الرحيم

Ёшлик – умр баҳори

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида шундай буюради: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

яъни:Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё, Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, – деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.

Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало, уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имон-эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.

Инсон ёшлигидан имон-эътиқодли ҳамда тақволи бўлса, унинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам Аллоҳ таоло баракотли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:

 وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا * وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ  (سورة الطلاق/2-3)

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси 2-3 оятлар).

Ҳадиси шарифларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида:

 وَشَابٌّ نَشَأَ فِى عِبَادَةِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ (رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِىُّ)﴿

яъни: “Аллоҳнинг тоати-ибодатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади),” – дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).  

Одатда кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Улар ўзларидаги гуноҳ, ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар.

Муҳтарам жамоат! Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, – деб бежизга айтмаган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб шундай деганлар:

"ما آتى الله عزّ وجلّ عبدًا علمًا إلاّ شابًّا، والخيرُ كلُّه في الشّباب"، ثمّ تلا قوله عزّ وجلّ: "قَالُوا سَمِعْنَا فَتًى يَذْكُرُهُمْ يُقَالُ لَهُ إِبْرَاهِيمُ"، وقوله تعالى: "إِنَّهُمْ فِتْيَةٌ آمَنُوا بِرَبِّهِمْ وَزِدْنَاهُمْ هُدًى" وقوله تعالى: "وَآَتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا"

 яъни: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”, – дедиларда, қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: “Улар айтишди: “Бут-санамларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик” (Анбиё сураси 60-оят).

Бошқа оятда шундай дейди: “... Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир” (Каҳф сураси 13-оят).

 Бошқа оятда шундай дейди: “Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят). 

Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютер ўйингоҳларида ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, – дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.

Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.

Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтиришлари лозим. Уламоларимиз айтадиларки:

مَنْ لَمْ يَتَعَلَّمْ صَغِيرًا لَمْ يَتَقَدَّمْ كَبِيرًا

яъни: “Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди.

Тарихдан бизга маълумки, қанчадан-қанча улуғларимиз, буюк аждодларимиз ёш йигитлик даврида бутун бир қўшинни ёки катта бир салтанатни бошқара олган. Масалан, Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу Рим империясига қарши бўлган жангда Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан қўшинга бошлиқ этиб таъйинланганлар. Ўшанда у зотнинг ёшлари 18 га ҳам тўлмаган эди. Аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими бўлган ва ёш бўлишига қарамай кўплаб сиёсий ислоҳотлар қила олган. Амир Темурнинг  учинчи фарзанди Мироншоҳ Мирзо эса 14 ёшида Хуросон ҳокими бўлган. Ёки 1453 йили май ойида Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Қустантиниянинг фатҳ қилганда 23 ёшда эди...

Аждодларимизнинг илм-фан, кашфиётлар, шеърият ва адабиётда эришган ютуқларига тўхталсак, бу мавзуда алоҳида китоб ёзиш мумкин. Биргина аждодимиз Мир Алишер Навоий ҳазратларини олсак, У зот 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёддан билганлар ва буюк муҳаддисимиз Имом Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд олганлар. 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаб, ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган “икки тилли” шоир сифатида танилганлар. Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзлари севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билганлар. Тарихдан бу каби мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Ҳозирда ёшларимиз ҳам ёшлик даврларида ўз устиларида ишламаса, ўзларининг вақт ва иқтидорларини фойдали илм ва машғулотларга сарфлашмаса, эртага кеч бўлади. Зеро миллатимизнинг келажаги ёшлар ҳисобланади.

Ҳозирда юртимизда илм олиш учун барча шароитлар яратилган. Ёшларга, айниқса уларнинг замонавий билим олишига, эътибор кучайди. Ўтган сўнги тўрт йил вақт мобайнида ёш авлод камолотига қаратилган элликдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, тўртта қонун, ўттиздан ортиқ Президент фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қирқдан зиёд қарори қабул қилинди. Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги ёшларимизни имкон қадар чет тилларини, айниқса, ғарб ва шарқ тилларини мукаммал билишларига аҳамият беришимиз даркор. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний (яҳудий тили)ни биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен: “Йўқ”, деган  эдим, “ўрганинг!, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.

Бошқа ривоятларда келишича, ўшанда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг ёшлари 16 да бўлган. Улкан ҳиммат билан қисқа муддатда ўзга тилни мукаммал ўрганишга муваффақ бўлганлар. 

Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ўргатишимиз лозим ва ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур.

Муҳтарам жамоат! Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ – инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик  кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ (رواه الإمام الترمذي)﴿

яъни: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Умрнинг қадрига етишлик, хусусан ёшлик даврини ғанимат билиш нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам инсонни улкан масъулиятдан халос қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

 ﴾لا تَزُولُ قَدِمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمُرُهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَعَنْ عَلِمهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ﴿ 

яъни: “Банда Қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунича қадамлари силжимайди: умридан – уни нима билан ўтказгани; ёшлик давридан – уни нима билан машғул қилгани; мол-дунёсидан – уни қай йўсинда топгани ва қайси йўлди сарфлагани; илмидан – унга қандай амал қилгани”.

Демак, Қиёмат куни энг биринчи сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт хусусида экан. Шунинг учун ҳам саҳоба ва тобеинлар вақтларининг қадрига етишган. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар”, деганлар.

Муҳтарам азизлар! Турли фитналар авж олган, тарафкашлик, фирқаларга бўлиниши кўпайган пайтда ёшлар ўз динларини, ақидаларини муҳофаза қилишлари лозим бўлади. Тобеинлардан Анас ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ ёшларга шундай насиҳат қилар эканлар: “Эй ёшлар жамоаси! Аллоҳга тақво қилинглар. Расулуллоҳнинг ҳадисларини кимдан таълим олаётганларизга эътиборли бўлинглар. Чунки бу ҳадислар сизларнинг динларингиздир!”

Бу жуда ҳам аҳамиятли насиҳатдир. Динимни ўрганаман, илм оламан ёки ҳадис ўрганаман, деб ёшлар учун энг муҳим нарса – шаръий илмларни аввало илмда мустаҳкам бўлган, замонасининг уламолари эътироф этган уламолардан олиши зарур. Дуч келган инсондан илм олавермаслиги керак. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган бу мерос илмда собит  бўлган уламолардан олинади. 

Ибн Шавзаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир ўспирин йигитнинг суннат соҳиби бўлган кишини дўст тутиб, ундан илм олиши Аллоҳнинг неъматидир”, – деганлар.

Айниқса, интернетда, ижтимоий тармоқларида ёки хорижга борганда, бемазҳаблик ёки Ислом уламолари қоралайдиган “Ҳизбут-таҳрир” каби адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақланишлари лозим. Хориждан туриб фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали юртимизни динсизликда айблайдиган сохта даъватчилар, турли бидъатчи фирқаларнинг макридан эҳтиёт бўлишлари даркор. Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни  бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.

Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Уларни дин-диёнатда, одоб-ахлоқда, инсофу тавфиқда улғайишларини, илм-маърифатда аждодларига муносиб авлод бўлишларини насиб этсин! Омин! 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

20.06.2025   8555   6 min.
Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.

Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.

Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.

Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.

Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).

Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.

Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:

«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».

Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...

Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.

Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.


«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан