Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

11.03.2022 й. Гуноҳдан тавба қилган киши – гуноҳи йўқ киши кабидир!

09.03.2022   4714   12 min.
11.03.2022 й. Гуноҳдан тавба қилган киши – гуноҳи йўқ киши кабидир!

 بسم الله الرحمن الرحيم

 ГУНОҲДАН ТАВБА ҚИЛГАН КИШИ – ГУНОҲИ ЙЎҚ КИШИ КАБИДИР! 

Муҳтарам жамоат! Маълумки, инсонни йўқдан бор қилган ва мавжудодлари ичида мукаррам айлаган зот – Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таоло инсонга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?

Агар банда астойдил тавба қилса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришни ваъда қилган. Қуръони каримнинг 87 ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Жумладан,

 وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

 (سورة النور الاية-31)

яъни: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни насуҳ (чин) тавба қилишга тарғиб қилиб, шундай деган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ

وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

(سورة التحريم الاية-8)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин тезда унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:

 إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ

 فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Сарвари олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан сақланган бўлсалар-да умматларга таълим учун ҳар куни тавба қилар эдилар. Ҳадиси шарифларида ҳам бундай деганлар:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)

яъни: Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан (Имом Бухорий ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлардан маъсум бўлишларига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарс ва кўрсатмадир. Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар:

التَائِبُ مِنَ الذَّنْبِ كَمَنْ لاَ ذَنْبَ لَهُ 

(رواه الإمام ابن ماجة عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه)

яъни: “Гуноҳдан тавба қиладиган киши гуноҳи йўқ киши кабидир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Мазкур ояти карима ва ҳадисларга асосан гуноҳ қилган банданинг тавба қилиши вожиб саналади. Бепарво бўлиш, ҳали фурсатим бор деган нотўғри тасаввурга берилиши асло мумкин эмас.

Тавба эса гуноҳларнинг турига қараб ҳар хилдир:

Биринчиси: Банда билан фақат Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан, зино, ароқхўрлик, ғийбат, бўҳтон. Агар ғийбат ва бўҳтон қилинган кишига хабар етиб бормаган бўлса, бу гуноҳлардан покланиш учун чин қалбдан Аллоҳга тавба қилиш кифоя. Шу билан банда оқланади.

Иккинчиси: Банда, банда ва Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан мўмин биродарини ғийбат қилди ва унга етиб борди ёки ўзганинг ҳаққини еган бўлса, бу гуноҳдан покланиш учун тавбанинг учта шарти бор:

Қилган ишидан афсус-надомат қилиш;

Дарҳол ўша гуноҳни тарк қилиш ва ундан чекиниш;

Қайта такрорламасликка астойдил қасд қилмоқ ва шу билан бирга ўша инсондан кечирим сўраб, уни рози қилиши шарт бўлади.

Учинчиси: Банда ва Аллоҳ орасидаги тавбанинг ўзи билан кечирилмайдиган гуноҳлар. Масалан, узрсиз рўза ва намоз каби фарзларни тарк этиш гуноҳи. Бу гуноҳлар азобидан халос бўлиш учун банда астойдил тавба қилиши ва яна қолдирилган ибодатлар ўрнига қазосини бажариб бериши лозим бўлади. Мана шу тавба чин тавба бўлиб, гуноҳкорни охиратдаги жавобгарликдан қутқариб қолиши мумкин.

Ҳазрати Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Ҳазрати Ҳасан Басрий “Истиғфор айтинглар”, дедилар. Иккинчи одам келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилинди. Уларнинг барчаларига “Истиғфор айтинглар” деган маслаҳатни бердилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: “Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?” дебди. Ҳасани Басрий ҳазратлари бу саволга қуйидаги ояти карими билан жавоб бердилар:

 فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا  يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا  وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ

وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا

яъни: Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур (Нуҳ сураси, 10-12 оятлар).

Демак, мўмин-мусулмонлар истиғфор айтиб юрсалар, Аллоҳ таоло оятда ваъда қилган барча нарсаларини ато қилар экан.

Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳдан умидини узмасдан, Унга томон талпинавериши лозим. Зотан аввал ўтган улуғ инсонлар ичида аввал гуноҳлар ичида яшаб кейинчалик чин тавба қилиб, ҳатто Аллоҳнинг авлиё бандаси бўлганлари ҳам талайгина.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эдилар. Мусофирларни кўриб қолсалар уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди. Бу зот тавбаларининг сабаби қуйидагича бўлган: У бир қизни севиб қолиб, у билан учрашиш мақсадида унинг уйига боради. Девордан ошиб ўтаётганда қуйидаги оятни эшитиб қолади. Ичкаридан кимдир тиловат қилаётган эди:

 أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آَمَنُوا أَنْ تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ

яъни: “Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?!” (Ҳадид сураси 16-оят).

Бу ояти карима Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳнинг қалбларини забт этади. У: “Эй Роббим! Келди!”, дея ўша лаҳзада орқаларига қайтадилар. У бир харобага боради. У ерда кишилар сафарга чиқмоқчи бўлиб туришган экан. Улар ўзаро гаплашиб туришган эди. Уларнинг баъзиси “ҳозир йўлга чиқамиз”, деса, бошқаси “эрталаб чиқамиз, ҳозир чиқсак Фузайл молимизни тортиб олади”, дер эди. Шунда Фузайл ўзига ўзи шундай деди: “Ҳолингга вой эй Фузайл! Кечалари гуноҳ қиласан, мусулмонларни қўрқитасан!”. Сўнгра Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ уларни тинчлантириш учун олдиларига бориб, томоғига йиғиси тиқилган ҳолда: “Фузайл сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!”, дедилар. Кейин Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ Маккага бордилар ва бутун вақтларини ибодатга, илмга бағишладилар. Натижада ислом тарихидаги тобеинларнинг энг буюкларидан бирига айландилар.

Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзини ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, олдин турли хил гуноҳларни қилиб юрган киши қилмишларига пушаймон бўлиб, гуноҳ ишларни тарк қилиб, тўғри йўлга юрса ва олдин ўзи қилиб юрган бирор гуноҳ ишдан бошқани қайтарса, атрофдагилар “ўзингиз ким эдингиз, бизга энди насиҳат қиляпсиз” деган маънода ҳар хил гап-сўзларни гапириш одати мавжуд. Бундай маломат қилиш асло мумкин эмас. Уни ўрнига “Барака топинг, биз ҳам сизга ўхшаб гуноҳ ишлардан тийиламиз ва гуноҳларимизга тавба қиламиз” дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ каби қанча-қанча зотлар қилмишларига тавба қилиб, Аллоҳнинг дўстларига айланганлар.

Динимиз – ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Гуноҳ ишлардан кейин тавба қилиш ва солиҳ амаллар қилиш бандани жаннатга киритади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

 فَخَلَفَ مِنْ بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا  إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا

  (سُورَةُ مَرْيَمَ / 59-60)

яъни: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сураси, 59-60-оятлар).

         Фурқон сурасида Аллоҳ таоло тавба қилиб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликлари яхшиликларга айлантиришини хабар беради:

 إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا  

(سُورَةُ الفُرْقَانِ/ 59-60)

яъни: “Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон сураси, 70-оят).

Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, собиқ гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо. Ҳадиси шарифларда баъзи мўминларнинг кабира гуноҳлари кечирилиб, сағира гуноҳлари ҳасанотга айлантирилиши ҳақида башорат қилинган.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Кўп тавба қилувчилар билан ҳамсуҳбат бўлинглар. Чунки улар қалби пок, ҳалим кишилар бўлади”, – деганлар.

Абу Бакр Воситий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ҳамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас: намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда”, – дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бу қисқа ҳаётни мазмунли ва фойдали ўтказишни, билиб-билмай қилиб қўйган гуноҳларимизга чин тавба қилиб, ёруғ юз билан Ўзининг ҳузурига боришимизни насиб этсин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Олам ўляпти!

03.05.2025   18507   3 min.
Олам ўляпти!

Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.


"موت العالم موت العالم"


— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади: 


"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."


"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."

Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият  руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...

Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.

Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.

Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.

Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.

Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.

Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
 

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим