Ислом олами уюшмаси таниқли африкалик олимлар иштирокида ва Занзибар минтақавий ҳукумати билан келишилган ҳолда "Танзания Қуръон форуми" ўтказилди.
“Қуръон ва Суннат – ҳаёт ҳамда тараққиёт йўли” деб номланган ушбу тадбирда Шарқий Африкада биринчи бўлиб муқаддас матнлар бўйича сўнгги тадқиқотларга оид тақдимотлар намойиш этилди.
Шунингдек, форумда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ёд олишнинг восита ва усуллари бўйича ўқув курслари ва семинарлар ҳам ўрин олди.
Занзибар президенти Ҳусайн Али Мвини томонидан очилган тадбирда Ислом олами уюшмаси (ИОУ) Бош котиби ва Мусулмон уламолари уюшмаси раиси, шайх, доктор Муҳаммад бин Абдулкарим Ийсо ҳам иштирок этди.
Мвини ўзининг Танзания Қуръон форуми очилиши нутқида глобал ўзгаришлар ва жамият дуч келаётган кундалик муаммолар нуқтаи назаридан олимларнинг йиғилиши катта аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.
“Ушбу форум бизга тинчлик ва яхши ният муҳимлигини бир-биримизга эслатиш имкониятини беради”, деди у.
Ҳусайн Али Мвини нутқида зўравонлик, камситиш, коррупция, аёллар ва болаларга нисбатан зулм, тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга таҳдид соладиган барча ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати