ЯЗИД ИБН МУОВИЯ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАР
4٠ - وَلَمْ يَلْعَنْ يَزِيدًا بَعْدَ مَوْتٍ سِوَى الْمِكْثَارِ فِي الإِغْرَاءِ غَالِي
Маънолар таржимаси:
Язидга ўлимидан кейин гиж-гижлашда қаттиқ мутаассиб, ўта сергап (кимсалар)дан бошқалар лаънат айтмаган.
Назмий баёни:
Язидни вафотидан сўнг лаънатлашмаган,
Мутаассиб сергаплар мустасно бундан.
Луғатлар изоҳи:
لَمْ – нафий, жазм ва қалб[1] ҳарфи.
يَلْعَنْ – музориъ мажзум феъли. Лаънат айтиш луғатда “қарғаш”, “узоқлаштириш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода ишлатилади:
– Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштириш. Бу маънода фақат иблис сингари кофирлиги аниқ бўлган кимасаларга нисбатан ишлатилади;
– Яхшилар даражасидан узоқлаштириш. Бу маънода зулм қилган мусулмонларга нисбатан ишлатилади.
يَزِيدًا – мафъул. Бу исм “алам”лик ва “вазни феъл”ликка кўра ғойри мунсориф ҳисобланади. Аммо ушбу ўринда назм заруратига кўра танвинли бўлиб турибди.
بَعْدَ – зарфи замон.
مَوْتٍ – музофун илайҳ. Ўлим деганда ҳаёт сифатидан ажралиш тушунилади. Шунингдек, очлик ҳам “оқ ўлим” деб таърифланган. Чунки уламолар ихтиёрий равишда қоринни оч тутиш “қалб юзи” оқаришига сабаб бўлади, дейишган. Шу маънода ҳикматли сўзда:
مَنْ مَاتَتْ بِطْنَتُهُ حَيِيَتْ فِطْنَتُهُ
“Очофатлиги ўлганнинг донишлиги яшайди”, – дейилган.
سِوَى – истисно маъносини англатувчи исм.
الْمِكْثَارِ – “ўта кўп гапирувчи” маъносини англатувчи сийғаи муболаға.
فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
الإِغْرَاءِ – жор мажрур الْمِكْثَارِ га мутааллиқ.
غَالِي – бадал. غُلُوٌّ масдаридан олинган исми фоил.
Матн шарҳи:
Язидга лаънат айтиш жоиз эмаслиги ва унга лаънат айтадиганларнинг далилларини ўрганишдан олдин Язиднинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Язиднинг насаби қуйидагича бўлган: Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. Унинг насаби Умайя ибн Абдушшамсда Усмон розияллоҳу анҳу билан бирлашади. Язид йигирма бешинчи, ё йигирма олтинчи, ё йигирма еттинчи ҳижрий санада туғилган. Отасининг ҳаётлик давридаёқ у валиаҳд этиб тайин қилинган. Отаси Муовия розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг ҳижрий 60 йилнинг ражаб ойида унинг ўрнини эгаллаган. У отаси Муовия розияллоҳу анҳудан :
مَنْ يُرِدِ الله بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, ҳадисини ривоят қилган.
Тарих китобларида унинг солиҳ киши бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қиладиган хилма-хил ривоятлар келган. Бундай ҳолатларда эса доимо яхши тарафини олиш ва яхши гумонда бўлиш аълороқ ҳисобланади. Унинг вафот этаётган пайтда айтган сўзи ҳақида қуйидаги ривоят келган: “Абдурраҳмон ибн Абу Мазъур айтади: “Менга аҳли илмлардан бири гапириб берди, Язид ибн Муовиянинг охирги сўзи ушбу бўлган: “Эй Аллоҳим, мен яхши кўрмаган ва мен ирода қилмаган нарса билан мени айбдор қилмагин. Мен билан Убайдуллоҳ ибн Зиёд орасида ўзинг ҳукм қилгин”[2].
Язид ибн Муовия ҳижрий 64 йилнинг рабиул аввал ойида Дамашқда вафот этган.
Лаънат айтишнинг хатарли экани
Аслида бировга лаънат айтиш деганда, уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаш маъноси тушунилади. Мўмин киши бошқа бир мўмин биродарини Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши оқибати хатарли бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бир-бирларига лаънат айтишдан қайтарганлар:
عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ قَالَ قَالَ رسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَلاَعَنُوا بِلَعْنَةِ اللهِ وَلا بِغَضَبِهِ وَلَا بِالنَّارِ. رواه أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, Унинг ғазаби билан ҳам, дўзах билан ҳам лаънат айтманглар”, – дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: “Бир-бирларингиз билан лаънатлашманглар” деган сўздан “бир-бирларингизнинг исмини айтиб, лаънатламанглар”, маъноси тушунилади. Зеро, лаънат айтиш жоиз бўлган ўринлар ҳам бор:
– Бировни аниқ айтмасдан умумий васф билан, масалан, “кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;
– Алоҳида хос васф билан, масалан, “Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;
– Кофир ҳолида ўлгани аниқ бўлган кимсаларга, масалан, “Фиръавнга, Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин.
Ушбулардан кўриниб турибдики, мўмин киши бошқа бир мўмин кишини қилган гуноҳи учун лаънатлаши, яъни уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши жоиз эмас. Аммо баъзи тоифалар Язид ибн Муовияга нисбат берилган айрим ишлар сабабли унга лаънат айтишни жоиз санашган. Аҳли сунна вал-жамоанинг ичидаги баъзи аҳли илмлар ҳам айрим далилларни келтиришиб, шу қарашни қувватлашган. Булардан ташқари, авом одамлар орасида ҳам ушбу гаплар тарқалган. Жумҳур уламолар эса уларга қарши кескин раддиялар ёзишган. Шу каби омиллар бу масаланинг ақида китобларига кириб қолишига сабаб бўлган. Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санайдиганлар қуйидаги сабабларни келтирадилар:
﴿ أَلَا لَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلظَّٰلِمِينَ﴾
“Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)”[3].
عَنِ السَّائِبِ بْنِ خَلاَّدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَخَافَ أَهْلَ الْمَدِينَةِ أَخَافَهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ وَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلاَئِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ لَا يَقْبَلُ اللَّهُ مِنْهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ صَرْفًا وَلَا عَدْلاً. رَوَاهُ اَحْمَدُ
Соиб ибн Холлад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Мадинада яшовчиларни қўрқитса, албатта буюк Аллоҳ уни қўрқитади, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлади. Аллоҳ қиёмат кунида унинг тавба-тазаррусини ҳам, ростгўйлигини ҳам инобатга олмайди”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Юқорида келтирилган учта сабабнинг ҳар бирига уламоларимиз батафсил раддиялар билдиришган. Биринчи сабабда кўрсатилган унинг золим бўлганига кўра “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)” маъносидаги оятнинг ҳукмига кириши ҳақидаги даъволарига шундай жавоб берилган: Бу оят умумий маънода бўлиб ким золим бўлса, унга лаънат бўлишини тақозо қилади. Аммо баъзида тавба билан ё қилган гуноҳини ўчирадиган савобли иш билан, ё қилган ишига каффорат бўладиган мусибатга учраш сабабли ё бирор шафоатчининг шафоати билан, энг муҳими меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зотнинг раҳмати туфайли бу ҳукм кўтарилиши ҳам мумкин. Шундай бўлганидан кейин мазкур оятни далил қилиб унга лаънат айтаётганлар, Язид ўша гуноҳидан тавба қилмаганини, Аллоҳга истиғфор айтмаганини қаердан биладилар ёки унинг гуноҳларини ўчирадиган савоблари бўлмаган дея оладилар-ми ёки қилган ишларига каффорат бўладиган мусибатларга учрамаганига гувоҳ бўлмаганлар-ку. Ёки Аллоҳ таоло уни кечириш ё кечирмаслигини аниқ билмайдилар-ку, ваҳоланки, Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَغۡفِرُ أَن يُشۡرَكَ بِهِۦ وَيَغۡفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَن يَشَآءُۚ ﴾
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа кечирур”[4].
Шунинг учун агар унга нисбат берилган ишлар аниқ бўлган тақдирда ҳам, Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидаги “агар ҳалол санамаса, гуноҳи кабира мўмин бандани иймондан чиқармайди” ҳукмига кўра у гуноҳкор мўмин бандадир. Гуноҳкор мўмин банданинг кечирилишига шунча эҳтимоллар бўлгандан кейин унга лаънат айтгандан кўра, у тавба қилган дея “ҳусни зон” қилиб, тавбасини меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот қабул қилган бўлса ажаб эмас, дейиш афзалдир.
Унга лаънат айтадиганларнинг иккинчи далиллари бўлган “у Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади” деган сўзларига ҳам батафсил жавоблар берилган. Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг жавоби жавоблар ичидаги ажойибидир: “Агар Язидга лаънат айтиш жоизми? Чунки у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қатл қилган ёки қатл қилишга амр қилган кишидир дейилса, айтамизки: “Бу асло аниқлиги собит бўлган хабар эмас, шунинг учун унга лаънат айтиш у ёқда турсин, у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўлдирган, ё ўлдиришга амр қилган деб ҳам бўлмайди. Чунки аниқ бўлмасдан туриб, мусулмон кишини гуноҳи кабира қилишда айблаб бўлмайди...”. Агар Ҳусайннинг қотилига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, ё уни қатл этишга буюрганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин деса бўладими? дейилса, айтамизки, “Тўғриси шуки, агар Ҳусайннинг қотили тавба қилмасдан ўлган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин дейиш жоиз бўлади, чунки унинг тавба қилгандан сўнг вафот этган бўлиши эҳтимоли бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни Ваҳший кофир ҳолида қатл қилган эди, сўнгра у куфрдан тавба қилди, қатл гуноҳи кабира, аммо куфр даражасига етмайди, шунга кўра ҳамиша ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтиш жоиз бўлавермайди. Тавба билан қайд этилмаган пайтда ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтишда хатар бордир, сукут қилишда эса хатар йўқ, шунинг учун сукут қилиш авлодир”[5].
Язидга лаънат айтишни жоиз ҳисоблаганларнинг учинчи далиллари “Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига қанчалар хунрезликлар қилишган, унинг бунга йўл қўйиб берганлиги сабабли унга лаънат айтилади”, деган сўзларидир. Муҳаққиқ уламолар бу даъволарини ҳам батафсил ўрганиб чиққанлар ҳамда қатъи ва собит йўллардан ривоят қилинмаганини ва бирортаси ҳам қабул қилишга яроқли ривоятлар эмаслигини исботлаганлар. Модомики, унга нисбат берилган ишлар исбот этилмай шубҳа остида қолдими, шубҳали далиллар билан мўмин кишига гуноҳи кабира нисбат берилмайди, – дейишган.
Хулоса қилиб айтганда, Аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳури Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санамаган. Унинг иши ҳақида ҳаддан ташқари гапни кўпайтирадиган хавориж ва баъзи мўътазилий каби фирқаларгина унга лаънат айтишган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Муқаллид иймонининг эътиборли экани
[1] لَمْ ҳарфи феълни ҳозирги замондан ўтган замонга айлантиргани учун қалб (айлантириш) ҳарфи ҳам деб номланади.
[2] Ибн Касир. Ал-Бидая ван-Ниҳая, 8-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 2235.
[3] Ҳуд сураси, 18-оят.
[4] Нисо сураси, 116-оят.
[5] Абу Ҳомид Ғаззолий. Иҳё улумид-дин, 3-жузи. “Мактабатуш шомила”. –Б 125.
Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.
Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.
Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.
Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.
D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.
Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.
Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.
Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.
Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.
Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.
Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.
Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.
Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.
Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.
Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.
Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.
Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!
Даврон НУРМУҲАММАД