( 2 март 1992 йилдан бери байроғимиз БМТда )
“Эй имон келтирганлар!
Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг
изидан эргашмангиз!
Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони Карим
Бақара сураси 208 оят
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (инглиз. United Nations) БМТ – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти:
ташкил топган сана: 1945 йил 24 октябр.
асосий мақсади: ер юзидаги тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўлиб, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
қайси давлатлар томонидан барпо этилган: БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги Кенгашида 1943 йилда,
ташкилот Устави қачон ва қаерда қилинган: Устави эса Сан-Франциско Конференциясида 1945 йилда қабул қилинган. БМТ Уставига даставвал 51 давлат имзо чеккан бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 193 тани ташкил қилмоқда.
Тузилмаси
раҳбар: Бош котиб
раҳбарлик муддати: 5 йил
БМТнинг Бош Ассамблеясида мазкур ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларнинг аъзолари иштирок этадилар. БМТнинг Хавфсизлик кенгашига 15 давлат аъзодир. Шулардан 5 таси – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой – доимий аъзо давлатлардир. Кенгашнинг қолган 10 аъзоси Бош Ассамблея томонидан икки йил муддатга сайланадилар.
Бош Ассамблея Котибияти қуйидаги департамент ва бошқармаларга бўлинади: Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти, Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти, Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти, Назорат бошқармаси, Ходимлар бошқармаси, Бош котибнинг маъмурий идораси, Ижтимоий ахборот бошқармаси, Конференцияларга хизмат қилиш бошқармаси, Умумий хизмат бошқармаси, БМТнинг Женева бўлими.
БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Хавфсизлик Кенгашининг ёки БМТ аъзолари кўпчилигининг талаби билан ҳар қандай масала юзасидан махсус сессиялар чақирилиши мумкин.
БМТнинг расмий тиллари — инглиз, француз, рус, испан, хитой ва араб тиллари.
Ўзбекистон БМТда
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг кўп ўтмай – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Котибият
Котибият Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа ташкилотлари кўрсатмаларига мувофиқ тезкор ва маъмурий ишларни амалга оширади. Уни умумий маъмурий раҳбарликни олиб борадиган Бош котиб бошқаради. Нью-Йорк, Женева, Вена ва Найробида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимлари мавжуд.
БМТнинг муҳим саналари
1945 йил 24 октябр – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди: унинг Низоми Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда уни имзолаган давлатларнинг кўпчилиги томонидан ратификация қилинди ва кучга кирди.
1947 йил 24 октябр – Бош Ассамблея ўзининг 168-сонли Резолюцияси билан «Бирлашган Миллатлар куни»ни расмий равишда эълон қилди.
1948 йил 10 декабр – Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясини қабул қилди.
1949 йил 24 октябр – Нью-Йоркда БМТ Марказий муассасалари биносига биринчи ғишт қўйилди.
1965 йил – БМТ Болалар Фонди – UNICEF га тинчлик учун Нобел мукофоти берилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс хуқуқларини химоя қилишни халқаро хуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий ахд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!”
Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг мухим ахамияти хисобланадиган инсон хуқуқлари ва асосий эркинликларининг хурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
БМТ Устави – барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.
Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.
Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.
Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.
Шунингдек давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.
“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб, деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.
БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камолоти ва масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамоликларида ҳукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...
Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ