Умр давомида энг камида бир марта умра ибодатини адо этиш суннати муаккада ҳисобланади. Умра ибодатини йилнинг хоҳлаган вақтида адо этиш мумкин. Яъни умра қилиш учун айнан бирор вақт тайин қилинмаган. Аммо беш кунда – арафа куни, ийду қурбон ва ундан кейинги уч кунда умра қилиш макруҳи таҳримий бўлади. Чунки бу кунлар ҳаж арконлари адо этиладиган кунлардир.
Умра ибодати учун энг афзал вақт Рамазон ойи ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан сўнг тўрт марта умра, бир марта ҳаж қилганлар.
Умра ибодати Қуръони каримда ҳаж ибодати билан бирга зикр қилинган:
وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ
“Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг”[1].
Яъни Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани адо қилувчиларга: “Ҳаж ва умранинг шартларини тўкис адо этинглар. Уларни адо этиш асносида зоҳирий ва ботиний нуқсонларга йўл қўйманглар”, дея буюрган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умра ибодати ҳақида шундай деганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ.
رَوَاهُ مُسْلِمُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умра (олдин қилинган) умрагача (бўлган) иккаласининг ўртасидаги (сағира гуноҳлар)га каффорот бўлади. Мабрур ҳажнинг мукофоти, албатта, жаннатдир” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда умранинг фазли яъни, иккита умра ўртасидаги бандаларнинг ҳақларига тааллуқли бўлмаган сағира гуноҳлар кейинги умра сабабидан ювилиб кетиши хабар берилган.
Умра сўзи луғатда “зиёрат қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “ махсус шартлар билан Байтуллоҳни зиёрат қилиш умра дейилади”.
Умранинг Ҳаждан фарқлари:
– Умра фарз эмас, балки суннат;
– Умранинг муаййан вақти йўқ;
– Арофатда туриш йўқ;
– Муздалифада туриш йўқ;
– Шайтонга тош отиш йўқ;
– Икки намозни жамлаш йўқ;
– Хутба йўқ;
–Тавофи қудум ва видо йўқ.
Умра ибодатида қуйдаги амаллар бажарилади:
Эҳром боғланади;
Каъбани тавоф қилинади;
Сафо ва Марва орасида саъйи қилинади;
Соч тўлиқ олдирилади ёки қисқартирилади.
Эҳром боғлаш ҳақида
Умра қилишга киришган киши мийқотдан эҳромга кириши лозим бўлади. Бизда ҳозир умрачиларга дастлаб Мадинани зиёрат қилиш режалаштирилгани сабабли зиёратдан сўнг умра қилиш учун Маккага йўлга чиққанларида Зулҳулайфа номли жойда эҳромга кирадилар. Ушбу жойда эҳромга кирувчилар учун барча шароитлар ҳозирлаб қўйилган.
Эҳромга киришда қуйидаги амаллар қилинади:
– Ғусл қилиш;
– Баданга хушбўйлик суриш (эҳромга эмас);
– Икки ракат намоз ўқиш;
– Талбия айтиш. (Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ван неъмата лака вал мулк. Ла шарийка лак). Талбияни ҳар айтишда уч мартадан айтиш мустаҳаб бўлади. То тавофни бошлагунича имкон қадар кўпроқ талбия айтишга ҳаракат қилинади.
Эҳромга киргандан сўнг қуйдаги ишларни қилиш мумкин бўлмайди:
Эркаклар учун одатдаги тикилган кийимни кийиш, бошни ё юзни узрсиз ёпиб юриш;
Соч, соқол, ёки бошқа бирор аъзосининг тукларини узрсиз олиш;
Қўлларининг ёки оёқларининг тирноқларини олиш;
Ўпиш ва қучоқлашга ўхшаш нарсалардан бирини шаҳват билан қилиш;
Бирор аъзосига узрсиз хушбўй суриш.
Агар ушбу ишлардан бирортаси тўлиқ бажарилса, масалан, тўлиқ бир кеча ё бир кундуз тикилган кийим кийиб юрса, ёки бир қўли ё бир оёғининг тирноқларини бир ўтиришда тўлиқ олиб қўйса, бир қўй сўйиш вожиб бўлиб қолади.
Аммо мазкур ишлардан бирортасини тўлиқ қилмасдан содир этса, масалан, тирноқларидан бирини олиб қўйса, ёки бирор аъзосига тўлиқ қилмасдан хушбўй суриб қўйса, 2 кг буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш шарт бўлиб қолади.
Умра қилувчилар адо этаётган амаллари ибодат эканини доимо ёдда тутишлари ва уни камчилигу нуқсонларсиз бажаришга астойдил ҳаракат қилишлари лозим бўлади.
Каъбани тавоф қилиш ҳақида
Каъбани тавоф қилиш умранинг рукнларидан бири бўлиб, тавофдан олдин умра учун эҳромга кирган бўлиш шартдир. “Тавоф” сўзи “айланиб чиқиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса: “Каъбани 7 марта айланиб чиқиш тавоф деб аталади”. Тавофда тўртта айланиш фарз, қолган учтаси вожиб ҳисобланади.
Тавоф “Ҳажарул асвад”нинг рўпарасидан бошланади. Каъбани айланиб тавофни бошлаган жойига келганда бир тавоф ҳисобланади. “Ҳажарул асвад”нинг рўпарасига келганда “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар” дея имкони бўлса, “Ҳажарул асвад” ўпилади, агар бошқаларга озор бериш хавфи бўладиган бўлса, қўли билан унга ишора қилинади ва ўша қўл ўпилади, сўнгра иккинчи тавофга киришилади.
Тавофнинг вожиблари:
Тавофни “Ҳажарул асвад”дан бошлаш;
Чап елкасини Каъба тарафга қилиб тавоф қилиш;
Сатри аврат;
Қодир кишининг ўзи пиёда юриши;
“Ҳатийм”нинг орқасидан тавоф қилиш;
Тавофни 7 марта қилиш;
Таҳоратли бўлиш;
Тавофдан кейин 2 ракат намоз ўқиш[2].
Тавофнинг суннатлари:
Эркаклар учун эҳромни ўнг қўлтиғининг тагидан ва чап елкадан олиб ўраш;
Эркаклар учун аввалги 3 тавофда қадамини кичик олиб тез юриш;
Имкон бўлса “Ҳажарул асвад”ни ўпиш.
Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳақида
Сафо ва Марва орасида саъй қилиш вожиб амал ҳисобланади. Саъй Сафодан бошланади. Марвага бориш бир, қайтиб Сафога келиш иккинчи саъй ҳисобланади. Шу тарзда давом этиб саъй Марвада ниҳояланади.
Сафога чиқаётган пайтда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб ҳисобланади:
بِاسْمِ اللهِ وَالصَّلاَةُ عَلَى رَسُولِ اللهِ اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ وَأَدْخِلْنِي فِيِهَا
“Аллоҳнинг номи билан бошлайман, Аллоҳнинг элчисига саловот бўлсин. Эй Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин ва мени уларга киритгин!”.
Марвага юриб кетаётганида қуйидаги дуони ўқиб кетиши мустаҳаб бўлади:
رَبِ اغْفِرْ وارْحَمْ وَ تَجَاوَزْ عَمَّا تَعْلَمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْأَعَزُّ الْأَكْرَمُ
“Роббим, мени мағфират этгин ва раҳм қилгин (гуноҳларимни) Ўзинг билиб турибсан уларни афв қилгин. Албатта, Сен энг азиз, энг карамли зотсан”.
Сафо ва Марванинг устида чиққанда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб бўлади:
اَللهُ أَكْبَرُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شِرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِي وَ يُمِيتُ وَ هُوَ حَيٌّ لاَ يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَلاَ نَعْبُدُ إِلاَّ إِيَّاهُ
“Аллоҳ буюкдир, ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг шериги йўқдир, барча мулк ва барча ҳамду санолар Уникидир. Ҳаёт берадиган ҳам, ҳаётни оладиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Фақатгина Унга ибодат қиламиз”.
Саъйнинг вожиблари:
Тавофдан кейин қилиш;
7 марта саъй қилиш;
Қодир кишининг ўзи юриши;
Сафодан бошлаш.
Саъйнинг суннатлари:
Тавофнинг орқасиданоқ қилиш;
Таҳоратли бўлиш;
Таҳлил, такбир айтиш, дуо қилиш.
Соч олдириш ёки қисқартириш ҳақида
Сочни тўлиқ олдириш ёки қисқартириш вожиб амаллардан ҳисобланади. Қисқартириш деганда бошдаги барча сочларни бармоқ учи миқдорида қисқартириш тушунилади. Қисқартиришда бошдаги барча сочларни қисқартирмасдан фақатгина баъзиларини қисқартириб қўйиш эркаклар учун макруҳ ҳисобланади. Агар бошнинг тўртдан бири миқдоридан кам жойи қисқартирилса вожиб адо этилмаган бўлади ва қўй сўйиш вожиб бўлиб қолади. Бошида умуман сочи йўқ одамлар бошнинг тўртдан бирига устара юрғизиб қўйишлари суннат бўлади.
Аёлларга эса сочларидан бармоқ учи миқдорида қисқартиришлари лозим бўлади. Аёлларнинг сочларини тўлиқ олдиришлари ҳаром ҳисобланади. Чунки бу табий хилқатни ўзгартиришга ўхшаш бўлиб қолади.
Соч олдираётган пайтда қуйидаги дуони ўқиш мустаҳаб бўлади:
اللَّهُمَّ هَذِهِ نَاصِيَتِي بِيَدِكَ فَاجْعَلْ لِي بِكُلِّ شَعْرَةٍ نُورً يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَامْحُ عَنِّي بِهَا سَيِّئَةً وَارْفَعْ لِي بِهَا دَرَجَةً اَللَّهُمَّ بَارِكْ فِي نَفْسِي وَ تَقَبَّلْ مِنِّي اَلللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَلِلْمُحَلِّقِينَ وَالْمُقَصِّرِينَ يَا وَاسِعَ الْمَغْفِرَةِ
“Эй Аллоҳим, ушбу пешона сочим Сенинг қўлингдадир. Қиёмат кунида ҳар бир соч толам миқдорида менга нур бергин ва уларнинг ҳар бири миқдорида мендан бир гуноҳни йўқ қилгин, уларнинг ҳар бири миқдорида даражамни кўтаргин. Эй Аллоҳим, мени баракотли қилгин, мендан қабул қилгин. Эй Аллоҳим, мени, сочларини тўлиқ олдирганларни ва қисқартирганларни ҳам барчаларини мағфират қилгин. Эй мағфирати чексиз Зот”.
Соч олдирилгандан сўнг умра ибодати ниҳоясига етган бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилувчилар ҳам ҳожилар сингари Аллоҳ таолонинг “меҳмони” бўлишдек шарафга эга бўлишларини хабар берганлар:
نْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ الْحُجَّاجُ وَالْعُمَّارُ وَفْدُ اللَّهِ إِنْ دَعَوْهُ أَجَابَهُمْ وَإِنْ اسْتَغْفَرُوهُ غَفَرَ لَهُمْ.
رَوَاه ابْنُ مَاجَه
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).
Уламолар: “Умра қилган кишининг яхши ҳолатга ўзгариши, қилган умрасининг мақбул бўлгани аломатидир”, деганлар.
Абдулқодир Абдур Раҳим
[1] Бақара сураси, 196-оят.
[2] Тавофдан кейинги 2 ракат намозни “Мақоми Иброҳим”да ўқиш мустаҳаб, агар имкони бўлмаса бошқа жойларда ўқийди. Ушбу намозда 1-ракаатига “Кафирун”, 2-ракаатига “Ихлос” сураларини зам қилиш афзал.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!