Шу кунларда ижтимоий тармоқларда баъзи имом домлаларнинг диний эътиқод мавзусида билдирган фикрлари турли муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Таъкидлаш жоизки, алоҳида диний ходимларнинг шахсий фикри Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий муносабатини ифода этмайди.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси доимо қўллаб-қувватлайди. Айни вақтда диний соҳа ходимлари ҳам ўрнатилган қонун-қоидаларга сўзсиз амал қилиб келадилар ва шундай бўлиб қолади.
Аввал маълум қилинганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меъёрий ҳужжатлари ва буйруқларида диний соҳа ходимларига жамоат олдида, оммавий ахборот воситаларида салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаби қатъий белгиланган.
Зеро, меҳроб муқаддас жой бўлиб, бу ерда воизнинг шахсий талқини асосида билдирилган фикрлар диндорлар томонидан фатво сифатида қабул қилинади.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Одоб-ахлоқ комиссияси чақирилиб, сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишда имом-хатибларга жамиятда ихтилоф келтириб чиқарувчи мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик, ваъз-насиҳатларда одоб-ахлоқ, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш, ибодатларни тўғри ва мукаммал адо этиш бўйича мўмин-мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиш ҳақида тушунтириш берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ходимлари эл-юрт манфаати ва фаровонлиги йўлида муқаддас динимиз буюрган амри маъруф ва наҳйи мункарда, жумладан, жамиятда учраб турадиган айрим ижтимоий иллатларга қарши маърифий тарғибот олиб боришда бардавом эканини маълум қилади ҳамда ушбу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик муносабатлари мавжудлигини таъкидлайди.
Бунинг ёрқин далили сифатида шу кунларда таниқли уламоларимиз Тошкент шаҳридаги масжидлар ва бошқа турли ташкилотларда амалга ошираётган маърифий-тарбиявий суҳбатларни мисол келтириш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамоавий ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда амалдаги қонунчиликка риоя этишга, амри маъруф ва наҳйи мункарни Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида олиб боришга чақиради. Фуқаролардан эса бундай мавзуларни ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларда оммалаштирмасликни сўрайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 15 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган масжидлар қуриш, таълим олиш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдамга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати