Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Қуръони каримнинг тўртдан бирига тенг сура

16.02.2022   8474   4 min.
Қуръони каримнинг тўртдан бирига тенг сура

«(Эй Муҳаммад) айтинг: “Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир» (Кафирун сураси, 5-оят).

Оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум кофирлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга уларнинг имон келтирмасликларини билдирди.

Ривоят қилинишича, қурайшликлардан бир гуруҳи: “Эй Муҳаммад, кел динимизга эргаш, биз ҳам динингга эргашамиз. Олиҳаларимизга бир йил ибодат этсанг, Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ширк келтиришдан Раббим асрасин”, дедилар. Қурайшликлар: “Олиҳаларимиздан бирини истилом этсанг (ўпсанг), сени тасдиқлаб Илоҳингга ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг Кафирун сураси нозил бўлди. Эртаси куни қурайшликлар Масжидул ҳаромда тўпланишганда Набий алайҳиссалом уларга сурани ўқиб берганларида барчалари ноумид бўлишди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Қурайшликлар Набий алайҳиссаломга: “Сенга мол-дунё берамиз, Макканинг энг бой кишисига айланасан. Истаган аёлингга уйлантириб қўямиз. Ортингдан соядек эргашамиз. Эвазига олиҳаларимизни айблашдан тўхтайсан. Агар бунга рози бўлмасанг, бошқа бир оқилона таклифимиз бор. Унда сенга ҳам, бизга ҳам фойда бор. Бир йил бизнинг Лот ва Уззога ибодат қиласан. Сўнг биз Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг сура нозил бўлди».

“Ибодат қилмасман”, яъни сизнинг Илоҳларингизга келгусида ибодат қилмасман. Сиз ҳам Илоҳимга ибодат этувчи эмассиз. “Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман”. Мен олдин (яъни ваҳий келмасидан илгари) ҳам бутларга ибодат этмаганман. Энди нима учун уларга топинай? “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар”, яъни: “Мен ботилга, сиз эса ҳаққа ибодат этувчи эмассиз”. “Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир”Мен сизларга юборилган ҳақ пайғамбарман. Сизни ҳаққа ва нажотга чақираман. Агар мендан шариатни қабул қилмас, эргашмас экансиз, у ҳолда мени ўз ҳолимга қўйинг, ширкка чақирманг.

“Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман” оятининг такрор келишига сабаб мушриклар талабларини бир неча бор арз этишди. Яъни: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага” бир он ҳам “ибодат қилмасман”“Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га” бир он ҳам “ибодат қилувчи эмассиз”». «Келажакда: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман”. Шунингдек, келажакда: “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз”».

Ибн Аббос ва Икрима розияллоҳу анҳумо сура Маккада нозил этилган, дейишади. Қатода ва Заҳҳок раҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра у маданийдир. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кафирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Сафарларининг бирида Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бомдод намозини ўқидилар. Унинг ракатларида Фотиҳа сурасидан сўнг Кафирун ва Ихлос сурасини ўқидилар. Сўнг: “Мен сизга Қуръоннинг учдан бир ва тўртдан бир қисмини ўқиб бердим”, деб марҳамат қилдилар». Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом: “Эй Жубайр, сафарга чиққанингда хамроҳларинг орасида энг кўрками ва йўл озуқаси кўпи бўлишни истайсанми?” деб сўрадилар. Мен: “Албатта, хоҳлайман”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мана шу бешта: Кафирун, Наср, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқи. Қироатингни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлагин”, дедилар. Жубайр айтади: “Аллоҳга қасам, кўп мол-мулк эгаси эмасдим. Қачон сафар қилсам, энг кўримсиз ва озуқаси кам киши мен бўлардим. Шу сураларни ўқишим билан галдаги сафаримдан қайтгунимга қадар шерикларимнинг энг кўрками ҳамда йўл озуқаси энг кўпи айландим”». Фарва ибн Навфал Ашжаъий айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Уйқудан один Кафирунни ўқи. Бу сура ширкдан покланишдир”, дедилар». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қуръони каримда шайтонни энг кўп ғазаблантирувчи ундан бошқа сура йўқ. Чунки у тавҳид. Шунингдек, ширкдан покловчидир”, деб айтган.

Имом Замахшарий ва Имом Қуртубий тафсирлари асосида

Исмоил НУРИМОН тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 24-сонидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда

16.08.2026   20077   1 min.
Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда
Ўзбекистон янгиликлари