Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446

УЛУҒ АЛЛОМАЛАРИМИЗ МЕРОСИ ЖАҲОН УЧУН ҲИДОЯТ МАЁҒИДИР

15.02.2022   2742   7 min.
УЛУҒ АЛЛОМАЛАРИМИЗ МЕРОСИ ЖАҲОН УЧУН ҲИДОЯТ МАЁҒИДИР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, юртимиз тараққиётининг янги даврида буюк мутафаккирлар меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш ишлари кенг жабҳада амалга оширилмоқда. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва Маҳмуд  Замахшарий сингари табаррук зотларнинг асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис, уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Янги Ўзбекистонда кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, беназир зотларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, ҳаётга татбиқ этиш ва уларнинг мазмун-моҳия­тини ёш авлодга етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг жорий йил
10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий, муҳим ҳужжат саналади. Ушбу қарорнинг эълон қилиниши маърифатли халқимизни, хусусан, дин пешволарини ҳам чексиз мамнун этди. Унда белгиланган вазифалар буюк аждодларимиз асарларини янада теран англаб етишга, ёш авлоднинг ана шундай ҳикматлар асосида камол топишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш сари ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлади, иншааллоҳ.

Ислом динида келажак авлодга илм-маърифат ва маънавият қолдиришнинг ажри улуғ, инсон вафотидан кейин ҳам амал дафтарига ёзилиб турадиган иш сифатида кўп бор ифодаланган. Ҳазрати Расулимиз алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар —
садақаи жория, манфаатли илм ҳамда солиҳ фарзанд”
(Имом Бухорий ривояти).

Садақаи жория — инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган иш, савоби доимо оқиб турувчи амалдир. Масалан, халқ корига ярайдиган йўл, кўприк, мактаб, шифохона, масжид, мад­раса ва турли илм даргоҳларини барпо этиш кабилардир. Шу жумладан, нодир қўлёзма ва тошбосма китобларни асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш ҳамда бу жараёнга рақамли технологияларни жорий этиш айни садақаи жория ҳукмида бўлади.

Бизнинг заминда Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Қусам ибн Аббос каби кўплаб улуғ инсонлар абадий қўним топган. Қуръони каримнинг энг қадимги юзлаб нусхалари сақланиб келинади, ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган олимларнинг нодир манбалари асраб-авайланмоқда.

Мазкур қарор шу жиҳатдан ҳам янада муҳим аҳамият касб этади. Ҳукумат томонидан аждодлар меросини ўрганиш, уларни кейинги авлодга етказиш борасида қилинаётган мазкур амалий ишлар таҳсинга сазовор. Зеро, бу диёрдан нафақат ислом илмлари бўйича уламолар, балки аниқ ва табиий фанлар бўйича Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб олимларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди ҳам энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, унда 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан — “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” ва “Катта Лангар Қуръони” қадимий ва табаррук манбалар ҳисобланади. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа мутафаккирларнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган қўлёзмалар ва қадимий босма китоб­лар сони биз ўйлагандан-да зиёдадир.

Шу каби бой меросни ўрганиш ва кенг ёйиш олдимизда турган долзарб вазифа. Буни ҳал этиш учун замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги кун талабидир. Шу боис, мазкур қарорда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Хусусан, қарорда буюк алломаларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали етказиш мақсадида Интернет тармоғида илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилиши белгиланди.

Шу билан бирга, мутафаккирлар ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, улар фаолиятига оид китобларнинг электрон нусхалари, фильмлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бошқа турдаги маълумотлар ҳам мазкур порталга жойлаштирилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Бу эса нафақат юртдошларимизга, балки бутун жаҳон оммасига мамлакатимизнинг бой илмий мероси билан танишиш ва улардан фойдаланиш имкониятини беради.

Қарордаги яна бир муҳим жиҳат, музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни муҳимлигига кўра, халқчил тилда босқичма-босқич нашр этишнинг йўлга қўйилишидир. Ноширлик ишлари жадаллашиб, музейлар, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган асарлар оддий тилда чоп этилиб, аҳолига тақдим қилинади. Бу эса шубҳасиз, халқимизнинг билими юксалишига, ёшларни таълим-тарбияли қилиб тарбиялашга катта ҳисса қўшади.

Албатта, бу каби ишларни малакали мутахассисларсиз қилиб бўлмайди. Мазкур қарор билан кадрлар масаласи ҳам ўз ечимини топмоқда. Унга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан жами 4 та олий таълим муассасасида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.

Ушбу ҳужжатда белгиланган яна бир долзарб вазифа хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фонд­ларда сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қадимий ёзма манбаларнинг рўйхатини ва электрон нусхаларини аниқлаш, юртимизга олиб келиш чораларининг кўрилишидир.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Ўзбекис­тонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг биринчи жилдида 30 мамлакатнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Алишер ­Навоий сингари 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирларга оид қўлёзма асарларнинг 1001 та илмий тавсифини ўз ичига олган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодлар меросига эҳтиром кўрсатишдек эзгу ва хайрли ишлар бошланган экан, уни қўллаб-қувватлаш ҳамда камарбаста бўлишимиз зарур. Зеро, бундай савобли ишларнинг ҳам ажри чексиз бўлади. Қуръони каримда “Аллоҳ гўзал амал қилганларнинг ажру мукофотларини зое қилмас”, деб баён қилинган. “Раъд” сурасининг 29-оятида эса: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун “тубо” (хушнудлик) ва гўзал оқибат (жаннат) бордир”, деб марҳамат қилинган.

Халқимиз учун катта неъмат бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларда Ҳақ таоло улкан муваффа­қиятлар ато этсин.

Нуриддин  ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

МУФТИЙ МИНБАРИ
Бошқа мақолалар

Офтобда ўтирманг!

23.06.2025   5700   4 min.
Офтобда ўтирманг!

Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.

Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.

Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.

Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.

D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.

Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.


Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.

Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.

Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.

Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.

Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.


Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.

Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.

Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.


Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.


Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.

Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!

 

Даврон НУРМУҲАММАД