Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри «Олтинтепа» жоме масжидида шу йил 4 февраль куни бўлиб ўтган жума суҳбатида инсонларнинг камчилигини динга боғламаслик ҳақида шундай дедилар.
“Ислом дини Аллоҳ томонидан ҳар бир инсон дунё ва охиратда саодатли бўлиши учун юборилган катта неъмат. Дин бекаму кўст, бенуқсон бўлади. Бирор ким ўйлаб топган ёки ижод қилиб ёзган эмас. Холиқимиз, Роббимиз томонидан бизга инъом қилинган. Бу дин жоҳилият давридан саодат замонига ўтказиш учун юборилгандир.
Агар қаердадир, кимлардир бу борада камчиликка йўл қўяётган бўлса, бу шахсларнинг камчилиги, динники эмас. Хато қилган бўлсак, ноўрин гапириб қўйган бўлсак, янглиш фатво берган бўлсак, Аллоҳ бизни кечирсин. Лекин шу кунларда ижтимоий тармоқларда мусулмон биродарларимиз хатосини кўтариб чиқиб, бутун ислом умматининг хатосига йўйиш ҳолатлари қалбимизга озор бермоқда.
Шуни билиш муҳимки, қаерлардадир камчилик бўлса, бу диннинг камчилиги эмас. Динимиз бенуқсон, бехатодир. Фақат буни ўрганиб, таълимотини тушуниб, тўғри талқин қилишимиз керак, холос”, – дедилар муфтий ҳазратлари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ