ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ ЭНГ БУЮК ОЯТ
(Оятал курсининг фазилати)
Ҳурматли жамоа! Бугунги маърузамизда Қуръони карим оятлари ичида энг буюги ва улуғи деб таърифланган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эртаю кеч ўқиб юришни тавсия қилган, ҳадиси шарифларда бир қанча фазилатлари баён қилинган, Бақара сурасининг 255-ояти бўлмиш, Оятал курси ҳақида суҳбатлашамиз. Барчамизга маълум бўлган Оятал курси қуйидагичадир:
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ
яъни: “Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” (Бақара сураси 255-оят).
Энди ушбу “Оятал курси”ни қисқа тафсири билан танишсак:
“Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир!” Аллоҳ яккаю-ягона, фақатгина Аллоҳга ибодат қилинади. Унгагина илтижо қилиб, ҳожатлар сўралади. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш эса, катта адашиш ва Аллоҳга ширк келтиришдир.
“У тирик ва абадий турувчидир”. Аллоҳнинг тириклиги азалий ва абадий бўлиб, уни бошланиши ҳам, тугаши ҳам йўқ. Аллоҳ барча борлиқдаги нарсани бошқарувчи ва яратувчидир. Аллоҳнинг изни ва ёрдамисиз бирор-бир кўкат ўсмас, бирор-бир барг тўкилмас, ҳеч ким ризқ топа олмас ва бирор-бир жонзот ҳаракат қила олмас ҳатто нафас ҳам ололмайди. Демак, Аллоҳ таоло еру осмондаги барча нарсани бошқариб, уларни ҳаракатга келтириб турадиган Зотдир. Ушбу “Ал-Ҳай ва Ал-Қайюм” исмларини баъзи уламоларимиз Исми Аъзам деб, бу исмлар билан дуо қилинса ижобат бўлади деганлар. Бунга Пайғамбарлар алаҳиссаломларнинг қуйидаги дуоларини мисол келтирганлар:
كَانَ دُعَاءُ عِيْسَى عَلَيْهِ السَّلاَمُ عِنْدَ إِحْيَاءِ الْمَوْتَى بِإِذْنِ اللهِ: (يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ)،
وَلمَّاَ أَرَادَ سُلَيْمَانُ عَلَيْهِ السَّلاَمِ عَرْشَ بِلْقِيْسِ، دَعَا قَائِلاً: (يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ)،
яъни: “Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтиришда “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар. Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг тахтини Аллоҳнинг изни билан олдиларида ҳозир бўлишини хоҳлаганларида “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар”.
Демак, биз ҳам дуоларимизда Аллоҳ таолонинг ушбу икки исм-сифатини айтиб, ҳожатларимизни сўрашимиз айни муддао бўлар экан.
Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Аллоҳ доимо уйғоқ. Уни бир лаҳза ҳам уйқу олмайди. “Солиҳлар гулшани” номли китобда ажойиб воқеа келтирилган: Бир киши бир бегона аёлга кўнгил қўйди. Ўша аёл бир кеча ўз эҳтиёжи учун бир жойга кетган эди, эркак унинг ортидан эргашди. Иккиси холи жойга борганда эркак аёлга фаҳш ишни таклиф қилди. Аёл унга: “Қара-чи, ҳамма ухлаяптимикан?” деди. Ҳалиги киши аёл зинога рози бўлди деб ўйлаб, ташқарига чиқди, одамлар яшайдиган жойларни айланиб чиқди. Ҳамма ухлаётганини кўриб, хурсанд бўлиб, ортига қайтди. Келиб, аёлга ҳамма ухлаётганини айтди. Аёл: “Аллоҳ табарока ва таоло-чи? У Зот ҳам ухлаяптими?” деди. Киши: “Аллоҳ таоло ухламайди, Уни мудроқ ҳам тутмайди”, деди. Аёл: “Ҳа, Аллоҳ ухламаган ва ҳеч қачон ухламайди ҳам. Унинг яратган махлуқотлари бизни кўрмаса ҳам, Унинг Ўзи бизни кўриб туради. Мана шундан қўрқиш керак”, деди. Эркак бу сўзлардан ларзага тушиб, аёлдан узоқлашди. Қилган иши учун Аллоҳ таолодан қўрқиб, астойдил тавба қилди. У вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб, “Аллоҳ таоло сенга қандай муомалада бўлди?” деб сўради. У: “Аллоҳдан қўрқиб, тавба қилганим учун гуноҳимни кечирди”, деди.
Осмонлар ва Ердаги барча нарсалар Уникидир. Осмону ерда нимаки бўлса, ҳаммасининг эгаси Аллоҳдир. Бу эгалик умумий бўлиб, ҳеч нарсани четда қолирмайди. Бу эгаликни ҳеч бир нарса чегаралай олмайди.
(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Дарҳақиқат, Аллоҳ изн берган зотларгина гуноҳкорларни шафоат қилади. Бу ҳақда Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
أَذِنَ اللهُ تَعَالَى لِلْأَنْبِيَاءِ وَالْأَوْلِيَاءِ وَالْعُلَمَاءِ وَالْقُرَّاءِ وَالصَّالِحِيْنَ باِلشَّفَاعَةِ لِمَنْ اِرْتَضَى لَهُمْ الشَّفَاعَةُ، فَيَشْفَعُونَ لِمَنْ أدخلوا النار
яъни: “Пайғамбарлар, авлиёлар, уламолар, қорилар ва тақводорлардан иборат Аллоҳ Ўзи рози бўлган зотларга шафоат қилишга рухсат беради. Натижада, улар дўзахга кирувчиларни шафоат қиладилар”.
Демак, ҳеч ким бировни ўртасига тушиб шафоатчилик қилишга журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади.
Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган, ҳозир қилаётган ва кежлажакда қиладиган ишларини ҳам билиди. Демак, банда ҳар бир ишини Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилган ҳолатда қилиши ва Қиёмат куни ҳар бир қилмишидан савол-жавоб бўлишини ҳис қилиб туриши лозим.
(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Демак, инсон, илмнинг чўққисига чиқдим, деб жар солганда ҳам, Аллоҳ изн берган озгина илмга эришган бўлади, холос. Шунинг учун ҳам Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
مَا عِلْمِي وَلاَ عِلْمُكَ مِنْ عِلْمِ اللهِ إِلاَّ كَمَا نَقَصَ هَذَا الْعُصْفُورُ مِنَ الْبَحْرِ
яъни: “Мен билан сени илминг Аллоҳнинг илмини олдида худди денгиздан чумчуқ тумшуғида сув олгандекдир”.
Демак, қайси соҳанинг илмини эгаллаган бўлишимиздан қатъий назар, илмимиз қанчалигидан асло ғурурланмаслигимиз керак.
Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. Мазкур ояти каримани бундай ном олишига сабаб “Курсий” сўзининг оят ичида зикри келганидир. “Курсий”нинг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч ва курсидир. Оятдаги “Курсий” сўзини тафсир илми олимлари турли хил маъноларда тафсир қилганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Курсийдан мурод Аршдир”, деганлар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Курсийдан мурод Арш эмас. Арш курсийдан каттадир”, деган. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Курсийдан мурод Аллоҳ таолонинг илмидир”, – деганлар.
Ақида уламолари: “Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса, одамларнинг арши-тахти ва курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса, уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди”, дейдилар.
У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. Яъни, Аллоҳ таоло осмонлару ерни ва улар ичидаги нарсаларни сақлашдан ва уларни тўхтовсиз бошқариб туришдан чарчамайди. Бу иш Унга ҳеч қандай оғирлик қилмайди. Бу сифат Аллоҳнинг қудрати комил ва чексиз эканлигини кўрсатади.
У Олий ва Буюкдир. Аллоҳ ҳамма нарсадан юқори ва олийдир, Аллоҳ ҳамма нарсадан улуғдир.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу ояти карима ҳақида шундай деганлар:
"إِنَّمَا تَمَيَّزْتْ آيَةُ الْكُرْسِيِّ بِكَوْنِهَا أَعْظَمَ آيَةٍ لِمَا جَمَعَتْ مِنْ أُصُولِ الْأَسْمَاءِ وَالصِّفَاتِ مِنَ الْإِلاَهِيَّةِ وَالْوَحْدَانِيَّةِ وَالْحَيَاةِ وَالْعِلْمِ وَالْمُلْكِ وَالْقُدْرَةِ وَالْإِرَادَةِ، وَهَذِهِ السَّبْعَةُ أُصُولُ الْأَسْمَاءِ وَالصِّفَاتِ"
яъни: “Оятал курсини энг улуғ оят бўлишининг сабаби – у ўзида Аллоҳ таолонинг исм-сифатларининг энг асосийларини жамлагандир. Улар, Аллоҳнинг илоҳлиги, яккаю ягоналиги, тирик-барҳаётлиги, барча нарсани билиши, барча нарса Уни мулки экани, барса нарсага қодирлиги ва У хоҳлаган нарсагина бўлишидир. Мана шу еттиси Аллоҳ таолонинг энг асосий исм-сифатларидир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги энг буюк оят қайси эканини билдириш мақсадида саҳобалар ичида катта қорилардан бўлган Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуга савол билан мурожаат қилганлар:
يَا أَبَا الْمُنْذِرِ، أَتَدْرِي أَيُّ آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ مَعَكَ أَعْظَمُ"؟ قَالَ: قُلْتُ: اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: "يَا أَبَا الْمُنْذِرِ، أَتَدْرِي أَيُّ آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ مَعَكَ أَعْظَمُ"؟ قَالَ: قُلْتُ:{اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ}. قَالَ: فَضَرَبَ فِي صَدْرِي وَقَالَ: "وَاللَّهِ لِيَهْنِكَ الْعِلْمُ أَبَا الْمُنْذِرِ
(رواه الإمام مسلم عنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رضي الله عنه)
яъни: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласизми?” – дедилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, – дедим. У зот яна: “Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласизми?” – дедилар. Мен “Аллоҳу лаа илаҳа илла Ҳувал Ҳаййул Қаййум”, – дедим. Шунда У зот қўлларини кўксимга қўйиб: “Аллоҳга қасам, эй, Абу Мунзир, сенга илм муборак бўлсин”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифдан Қуръони каримдаги энг улуғ оят “Оятал курси” эканини билиб оламиз.
“Оятал курси”нинг бир қанча фазилат ва фойдалари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзисини келтирамиз:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб тўпланган егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб: “Ҳозир сени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У: “Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман”, деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳой, Абу Ҳурайра! Кечаги асиринг нима қилди?” – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. У зот: “Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?” – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг, “қайтиб келса-чи”, деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим. У келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва: “Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман”, дедим. У яна: “Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман”, деди. Раҳмим келиб, уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳой, Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?” – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, дедим. У зот: “Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?” – дедилар. Учинчи марта пойлаб туриб, яна ушлаб олдим ва: “Энди уч марта бўлди, сени, албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Ҳар сафар қайтиб келмайман, деб яна келасан”, дедим. У: “Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман”, деди. “Улар қандай сўзлар?” – дедим. “Кўрпангга кириб ётганингда, “Оятал Курсий”ни ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга жину шайтон яқинлашмайди”, деди. Эртасига ушбу ҳолатни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтсам, У Зот: “Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди, дедилар ва: “Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?” – дедилар. Мен “Йўқ”, дедим. У Зот алайҳиссалом: “Ўша Шайтон эди”, дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, Оятал курси ўқилган уйдан жину шайтолар қочади ва ўқигувчини Аллоҳ таоло Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлайди.
Ҳар бир фарз намоздан кейин Оятал курсини ўқиш – кишини жаннатга киришига сабабдир. Бу ҳақда Расулимиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ دُبُرَ كُلِّ صَلاَةٍ مَكْتُوبةٍ ، لَمْ يَمْنَعْهُ مِنْ دُخُولِ الْجَنَّةِ ، إلَّا الْمَوتُ
(رواه الامام النسائي عن أبي أمامة رضي الله عنه)
яъни: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари).
Намоздан кейин Оятал курсини ўқиш фазилати ҳақида бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилган:
مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ دُبُرَ كُلِّ صَلاَةٍ مَكْتُوبةٍ كَانَ فِي ذِمَّةِ اللهِ إِلَى الصَّلاَةِ الْأُخْرَى
(رواه الامام الطبراني عن الحسن بن علي رضي الله عنه)
яъни: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, ҳар бир фарз намозидан кейин “Оятал курси”ни ўқишни одат қилган кишини жаннатга кириши умид қилинади. Шундай экан, намоздан кейин ўқиладиган Оятал курси ва тасбиҳларга алоҳида эътибор бериб, Уларга доимий амал қилиб юриш катта ажрлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Намоздан кейинги тасбеҳлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса бу тўқсон тўққизта бўлади, юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир” яъни, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у яккаю ягонадир, унинг шериги йўқ, мулк уникидир, мақтов унгадир, у ҳамма нарсага қодирдир”, деса, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади” (Имом Муслим ривоятлари).
Намоздан кейин ўқиладиган Оятал курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб амалдир.
Ҳанафий мазҳабимиз уламолари намоздан кейинги зикрларни фарз ва суннат ўртасида эмас, балки намознинг охирида ўқиш суннатга мувофиқ бўлишини таъкидлайдилар. Бунга Оиша онамиздан нақл қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:
كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَقْعُدُ إلَّا بِمِقْدَارِ مَا يَقُولُ: "اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْك السَّلَامُ
تَبَارَكْت يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ" (رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ وَالامام التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари).
Бу мавзуда Аллома ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:
وَأَمَّا مَا وَرَدَ مِنْ الْأَحَادِيثِ فِي الْأَذْكَارِ عَقِيبَ الصَّلَاةِ فَلَا دَلَالَةَ فِيهِ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا قَبْلَ السُّنَّةِ بَلْ يُحْمَلُ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا بَعْدَهَا لِأَنَّ السُّنَّةَ مِنْ لَوَاحِقِ الْفَرِيضَةِ وَتَوَابِعِهَا وَمُكَمِّلَاتِهَا فَلَمْ تَكُنْ أَجْنَبِيَّةً عَنْهَا فَمَا يُفْعَلُ بَعْدَهَا يُطْلَقُ عَلَيْهِ أَنَّهُ عَقِيبَ الْفَرِيضَة
яъни: “Намоздан кейинги зикрлар ҳақидаги ҳадисларда уларни суннатдан аввал қилиш кераклигига далолат йўқ. Балки у ҳадисларни суннатдан кейин зикр қилиш деб тушунилади. Чунки суннатлар фарзларга қўшилувчи, эргашувчи ва уларни мукаммал қилувчидир. Суннатлар фарзлардан айро эмас. Суннатдан кейин қилинган зикрларни ҳам, фарздан кейин бажарилган ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби).
Шунингдек, намоздан кейинги тиловати Қуръон ва жамоат бўлиб дуо қилишлар ҳам фазилатли амаллардан бўлиб, динимиз кўрсатмаларида бу амалларга тарғиблар борди. Саҳобаи киромлар “Эй Расулуллоҳ, қайси дуо энг қабул бўлгувчи бўлади?”, деб сўрашганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай жавоб берганлар:
جَوْفُ الَّيْلِ وَدُبُرُ الصَّلَوَاتِ الْمَكْتُوبَةِ
(رواه الترمذي عن ابي امامة رضي الله عنه)
яъни: “(Энг ижобатга яқин дуо) кечанинг охири ва фарз намозларидан кейинги дуолардир” (Имом Термизий ривоятлари).
Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин Оятал курси, зикрлар, тиловати Қуръон ва дуо қилишлар ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, айни муддао бўлар эди.
Хулоса қилиб айтганда зикру тасбеҳлар ҳеч қандай харажат талаб қилмайдиган, инсонга машаққат юкламайдиган амаллардир. Лекин улар тилга осон бўлишига қарамай, Қиёмат куни амаллар тарозусини тўлдириб, оғир босади. Бу Аллоҳ таолонинг биз Ислом умматига берган катта имтиёзи ва марҳаматидир. Диёримизда қадимдан ушбу гўзал Набавий тавсияларга амал қилиб келинмоқда ва бунинг баъзилар даъво қилгани каби шариатимизга зид келадиган жойи йўқ.
Аллоҳ таоло барчамизни имон, исломда бардавом қилиб, зикру тасбеҳларга бўлган муҳаббатларимизни бунда-да зиёда айласин! Ўқиладиган Оятал курси ва зикру дуоларимизнинг баракотидан Аллоҳ таоло элу юртимизни турли бало ва офатлардан сақласин! Омин!
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси