Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ижодиёти ва ижтимоий фаолияти инсоният ва маънавиятга, эл-юртга хизмат қилишнинг бетакрор намунасидир. У ўзининг бутун ҳаётини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашга, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиётига бағишлаган, шу боис «Юксак маънавият — енгилмас куч» асаридаги «Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар» номли бўлимда бу улуғ даҳога алоҳида ўрин ажратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир. Тарихда буюк инсонлар кўп ўтган. Аммо Алишер Навоийдек сўзни инсон қалбининг ҳикмат ва донишмандлик чироғига айлантира олганлари жуда саноқли. Навоийнинг ҳар бир мисра ва баётини ўқиб, олам-олам маъно оламиз, унинг беқиёс заковатидан ҳайратга тушамиз.
Шунинг учун Мавлоно Лутфий Алишер Навоийнинг ҳали болалигидаёқ битган:
Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш
мисраларини эшитиб, “Агар мумкин бўлса эрди, ўзимнинг форси-ю туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эдим”, деб лутф қилган эдилар.
Лутфийнинг ушбу эътирофи Навоий тафаккури тенгсиз уммон эканини англатади. Уммонга эса инсон тафаккурини бўйи етмайди. Сўз мулкининг султони, шоирлар пешвоси – Алишер Навоий бобомизнинг ижодларини ўрганиш, ундаги ахлоқий – маърифий қарашлар билан ёш авлодни мунтаззам таништириб бориш зарур. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир». Навоий асарларининг мангуликка дахлдор ва умрбоқий бўлишининг сабабларидан бири шундаки, у ўз асарларида «барча махлуқотларнинг тожи» бўлган инсонни куйлади, унинг қувончларию ташвишларини, муаммоларию орзу-умидларини тараннум этди. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга, аввало Навоий асарлари билан кириб келади.
Навоий асарлари ёш авлоднинг маънавий камол топишида беқиёс катта аҳамиятга эга. Унинг асарларида ота-она, устоз, ёши улуғларни ҳурмат қилиш илм-маърифатни эгаллаш, яхши ахлоқ эгаси бўлиш, ёмонлик ва ёмонлардан узоқ бўлиш сингари масалалар қаламга олинганки, булар, шубҳасиз, барча замонлар учун бирдай орзу бўлиб келган комил инсон ғояси билан чамбарчас боғликдир. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз».
Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга, давлат ишларини ҳам олиб борган сиёсий арбобдир. У жамиятда фаровонлик ва меъморчиликка жуда катта эътибор қаратиб, давлат томонидан 16 кўприк, 20 га яқин сув сақлаш иншооти, 52 работ ва кўпгина мадраса, масжид, хонақоҳ ва ҳаммомлар бино қурдирганини тарихчи Хондамир ўз асарида келтирган.
Ўтмиш аждодларимизнинг, хусусан, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бизга қолдирган бой адабий ва маънавий мероси одамларнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънан ва руҳан баркамол бўлиб тарбия топишларида муҳим ўрин тутади.
Алишер Навоий бутун ҳаёти ва фолиятини инсоннинг бахт-саодати, халқининг фаровонлигига бағишлади. Навоий дину диёнатни маҳкам ушлаган, бу йўлдан асло адашмаган улуғ сиймо эди. У иймон, инсоф, диёнат, саховат, мурувват каби инсоний қадриятларига ҳамиша амал қилиб яшади ва эъзозлади. Бошқаларни ҳам шунга даъват қилди.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман «Имом Султон» жоме масжиди
имом хатиби
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати