Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Май, 2025   |   20 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:02
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
18 Май, 2025, 20 Зулқаъда, 1446

Алишер Навоий- ғазал  мулкининг султони

09.02.2022   5489   4 min.
Алишер Навоий- ғазал  мулкининг султони

Буюк   ўзбек   шоири   ва   мутафаккири   Низомиддин   Мир   Алишер Навоийнинг    ижодиёти    ва    ижтимоий    фаолияти    инсоният    ва  маънавиятга, эл-юртга хизмат қилишнинг бетакрор намунасидир. У ўзининг бутун ҳаётини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашга, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиётига бағишлаган, шу боис «Юксак маънавият — енгилмас куч» асаридаги «Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар» номли бўлимда бу улуғ даҳога алоҳида ўрин ажратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир. Тарихда буюк инсонлар кўп ўтган. Аммо  Алишер Навоийдек сўзни инсон қалбининг ҳикмат ва донишмандлик чироғига айлантира олганлари жуда саноқли. Навоийнинг ҳар бир мисра ва баётини ўқиб, олам-олам маъно оламиз, унинг беқиёс заковатидан ҳайратга тушамиз.

Шунинг учун Мавлоно Лутфий Алишер Навоийнинг ҳали болалигидаёқ битган:

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳ
он бўлгач қуёш

мисраларини эшитиб, “Агар мумкин бўлса эрди, ўзимнинг форси-ю туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эдим”, деб лутф қилган эдилар.

Лутфийнинг ушбу эътирофи Навоий тафаккури тенгсиз уммон  эканини англатади. Уммонга эса инсон тафаккурини бўйи етмайди. Сўз мулкининг султони, шоирлар пешвоси – Алишер Навоий бобомизнинг ижодларини ўрганиш, ундаги ахлоқий – маърифий қарашлар билан ёш авлодни мунтаззам таништириб бориш зарур. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир». Навоий асарларининг мангуликка дахлдор ва умрбоқий бўлишининг сабабларидан бири шундаки, у ўз асарларида «барча махлуқотларнинг тожи» бўлган инсонни куйлади, унинг қувончларию ташвишларини, муаммоларию орзу-умидларини тараннум этди. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга, аввало Навоий асарлари билан кириб келади.

Навоий асарлари ёш авлоднинг маънавий камол топишида беқиёс катта аҳамиятга эга. Унинг асарларида ота-она, устоз, ёши улуғларни ҳурмат қилиш илм-маърифатни эгаллаш, яхши ахлоқ эгаси бўлиш, ёмонлик ва ёмонлардан узоқ бўлиш сингари масалалар қаламга олинганки, булар, шубҳасиз, барча замонлар учун бирдай орзу бўлиб келган комил инсон ғояси билан чамбарчас боғликдир. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз».

Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга, давлат ишларини ҳам олиб борган сиёсий арбобдир. У жамиятда фаровонлик ва меъморчиликка жуда катта эътибор қаратиб, давлат томонидан 16 кўприк, 20 га яқин сув сақлаш иншооти, 52 работ ва кўпгина мадраса, масжид, хонақоҳ ва ҳаммомлар бино қурдирганини тарихчи Хондамир ўз асарида келтирган.

Ўтмиш аждодларимизнинг, хусусан, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бизга қолдирган бой адабий ва маънавий мероси одамларнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънан ва руҳан баркамол бўлиб тарбия топишларида муҳим ўрин тутади.

Алишер Навоий бутун ҳаёти ва фолиятини инсоннинг бахт-саодати, халқининг фаровонлигига бағишлади. Навоий дину диёнатни маҳкам ушлаган, бу йўлдан асло адашмаган улуғ сиймо эди. У иймон, инсоф, диёнат, саховат, мурувват каби инсоний қадриятларига ҳамиша амал қилиб яшади ва эъзозлади. Бошқаларни ҳам шунга даъват қилди.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман «Имом Султон» жоме масжиди
имом хатиби

 

Бошқа мақолалар

Умайма бинти Халаф - сабр ва иймон тимсоли

16.05.2025   3076   3 min.
Умайма бинти Халаф - сабр ва иймон тимсоли

Ислом даъвати Маккада бошланган даврларда, Умайма бинти Халаф ибн Асъад ибн Оъмир ибн Баёзаъ ал-Хузоийя — иймон нурини қалбида туйган илк аёллардан бири эди. Унинг қалби иймонга очиқ, ҳақиқатни эътироф қилишга тайёр эди. Турмуш ўртоғи – Холид ибн Саид ибн Ос бир кеча ажиб туш кўради: ўзини улкан ва даҳшатли олов четида турганини, отаси уни ўша оловга ташлаётганини кўради, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ушлаб, оловдан қутқараётган экан.

Уйғониб, бу тушни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга айтди. У киши унга: “Бу яхшиликнинг аломати. Сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаш, у сени жаҳаннамдан қутқаради”, дедилар. Холид шунда Исломни қабул қилди ва бу ҳақда рафиқаси Умаймага айтди. У ҳам, ҳеч иккилланмасдан, Исломни қабул қилди. Шу тариқа улар биринчи мусулмон жуфтликлардан бирига айланди.

Холиднинг отаси унинг мусулмон бўлганини эшитгач, жаҳл қилиб, уни чақиртирди. Уни ҳақоратлади, калтаклади ва уйдан ҳайдади. “Мен сени таом билан таъминламайман!” деди. Холид эса қатъият билан: “Агар сиз бермасангиз, Роббим менга ризқ беради” – деб жавоб берди. Шу заҳоти уйдан ҳайдалди ва бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бўлди.

Умайма турмуш ўртоғига содиқлик билан ёрдамчи бўлди. У зулм, қийинчилик ва камбағалликка сабр қилди. Сабр ва имон унинг қалбида мустаҳкам илдиз отган эди.

Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрганларида, Холид ва Умайма илк ҳижрат қилганлардан бўлишди. Улар Ҳабашистонда фарзандли ҳам бўлишди: ўғиллари – Саид ибн Холид ва қизлари – Умма бинти Холид. Қизи кейинчалик “Умму Холид” номи билан машҳур бўлди.

Улар Ҳабашистонда ўн йилдан зиёд вақт мусофирликда яшашди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайяни юбориб, уларни икки кема билан қайтардилар. Улар Мадинага қайтиб келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хайбарни фатҳ қилган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар билан учрашиб, ажиб шодлик ва таскинга эришдилар.

Холид ибн Саид Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ҳаёт кечирди ва у “Марж ас-Сафар” жангида, ҳижрий 14 санада шаҳид бўлди. Бу хабарни эшитган Умайма онамиз бу мусибатига сабр қилди, юраги оғриқда бўлса ҳам, имони билан тасалли топди. Чунки, Холидни ўлдирган одам кейин Исломни қабул қилиб: “Бу ким эди?. Ундан осмонга чиқаётган нурни кўрдим!” - деган эди.

Умайма бинти Халаф – сабрли, муҳожир, мўмин аёлнинг юксак намунасидир. У умр йўлдошини ислом динида қўллаб-қувватлади, ҳаётининг қувонч ва ташвишли лаҳзаларини бирга ўтказди ва ислом тарихида буюк из қолдирди.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.

Мазкур мақола Абу Малик Муҳаммад бин Ҳомид бин Абдулваҳҳобнинг
“Солиҳа аёллар ҳақида 150 қисса” номли асаридан таржима қилинди.