Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини оловда топди, қавми уни оловга улоқтирганда Аллоҳ оловга: “Иброҳим учун совуқ ва саломатлик бўл”, деб буюрди, шунда олов Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг раҳмати бўлди.
Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини қамоқда, маҳбусликда топди. Ҳамма неъматлар қамоққа тушгани сабабли бўлди. Қамоқда бир неча йил ўтиргандан сўнг Миср ҳокими уни ўз ҳузурига чақириб олди ва мавқеи тобора ошиб, охири Мисрга ҳоким бўлди.
Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини улкан балиқнинг ичида топди. Балиқ ютиб юбориши аслида ҳаёт тугашини билдиради, лекин Юнус алайҳиссаломда аксинча, янги ҳаёт бошланди.
Мусо алайҳиссалом учун денгиз Аллоҳнинг раҳмати бўлди.
Каҳф асҳоблари учун ғор Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Савр ғори Аллоҳнинг раҳмати бўлди.
Бу санаб ўтилган нарсалар аслини олганда одамга зарар берадиган ёхуд фойдасиздек кўринадиган нарсалардир. Лекин Аллоҳ таоло айнан шу нарсалар орқали раҳматини, неъматини ато этди.
Шу сингари бошқа барча эшикларни қўйиб, Аллоҳнинг эшигини қоққан барча мўминлар ҳам Аллоҳнинг раҳматига албатта сазовор бўладилар.
Аллоҳ Марямга Ўзининг неъматларини ёғдирди. Ҳолбуки у одамлардан узоқ жойда эди. “Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра, у билан узоқ маконга четланди” (Марям сураси, 22-оят).
Демак, одамларнинг ёрдамидан, сизга тиргак бўлишидан қанча узоқ бўлсангиз ҳам, Роббингиз неъматлари ва раҳматларидан асло узоқ бўлмайсиз!
Синган қалбимизни даволайдиган Зот фақат Аллоҳдир!
Ишларимизни ўнглаб берувчи Зот фақат Раҳмондир!
Кўз-ёшларимизни аритадиган Зот Ягона Роббимиздир!
Қалбингиз синиб, қаттиқ маҳзунликни ўзингизда ҳис этсангиз, Жаббор (малҳам берувчи) бўлган Аллоҳдан сизга малҳам беришини сўранг!
Оғриғингиз қанчалик ортса, Аллоҳнинг малҳами ҳам ортади!
Лекин Аллоҳнинг раҳматини қарангки, гуноҳимиз қанча кўпайиб кетса ҳам азобини орттирмайди, аксинча раҳматини кенг очиб қўяди: “Раҳматим ҳамма нарсадан кенг бўлди” (Аъроф сураси, 156-оят).
Гуноҳ ҳам шу ҳамма нарсанинг ичига киради. Демак, Аллоҳнинг раҳмати ҳамма гуноҳларимиздан ҳам кенг экан, тавба қили Унга юзлансак кечирар, раҳм қилар экан!
Қанчадан-қанча неъматлар банданинг нонкўрлиги туфайли балога айланади!
Қанчадан-қанча машаққат ва қийинчиликларга банда сабр қилса, улар неъматга айланади! Аниқроғи Аллоҳ уни неъматга айлантиради.
Аллоҳ таоло “Ғафур” (ўта мағфиратли) исмини “Вадуд” (яхши кўрувчи, меҳрибон) исми билан бирга келтиради: “У ўта мағфиратли ва яхшиликни раво кўрувчи Зотдир” (Буруж сураси, 14-оят).
Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло тавба қилган бандасининг гуноҳини кечириш билан кифояланмас экан, уни яхши кўрар ва меҳрибонлик қилар экан!
Сиз Роббингиз томон қўлингизни чўзсангиз, Унинг неъмати нақадар гўзалдир! Шу даражада ажойибки, амри маҳол деб ўйлаган ишингиз ҳам рўёбга чиқади! Сиз Аллоҳга ёлвориб қўлингизни чўзар экансиз, Аллоҳ қўлингизни қуруқ қайтармайди, У ўта саховатли Зот!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Ташриф давомида иштирокчиларга марказнинг концепцияси, экспозиция залларида намойиш этилаётган ноёб тарихий ашёлар, қўлёзмалар, артефактлар ҳамда замонавий мультимедиа имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Ушбу саёҳат зиёлилар учун нафақат тарихий мерос билан яқиндан танишиш, балки миллий ўзлик, маънавий масъулият ва келажак авлод тарбияси хусусида фикр юритиш имконияти ҳам бўлди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуджон Тоиров марказнинг Республика зиёлилар кенгаши илк йиғилиши учун танланган маскан сифатидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
«Ҳар бир миллатнинг қалб кўзини унинг зиёлилари очади. Зиёлилар ҳамиша ақлан, фикран бир неча қадам олдинда юрадиган инсонлардир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон зиёлиларининг илк анжумани айнан шу даргоҳда ўтказилаётганида чуқур маъно бор. Бу ерда аждодларимизнинг қудрати, улар яратиб кетган бой илмий, маданий ва маънавий мерос билан танишиш ҳар бир инсоннинг қалбида ўзгача туйғуларни уйғотади.
Ислом цивилизацияси маркази — ўтмишимиздаги буюк Ренессанс даврларининг ёрқин исботи, айни пайтда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маскандир. Бугун аждодларимиз илм-тафаккурининг нури шу марказ орқали бутун дунёга таралмоқда. Бу ерга келган инсон миллат маърифати йўлида шунчаки яшаш эмас, балки ўзини шу эзгу мақсадга бағишлаш зарурлигини янада чуқурроқ англайди», — деди Маҳмуджон Тоиров.
Республика маънавият-маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари ўринбосари Маъмурахон Сафоева ҳам марказда яратилган шароит ва экспозицияларнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
«Бу ерда буюк тарихимиз ва келажагимиз ўзаро уйғун ҳолда намоён бўлган. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фанга, маърифатга ва зиёлиларга қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларини кўриб турибмиз. Марказдаги экспозициялар аждодларимиз қандай улкан илмий мерос қолдирганини яна бир бор англатади. Бу эса бизда миллий ғурур ва фахр туйғусини кучайтиради.
Кенгашдан умидимиз катта. Зиёлилар етти шўъба йўналишида ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суради. Ушбу фикрлар мамлакатимиз тараққиётига, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш ва ёш авлодни маърифатли этиб тарбиялашга хизмат қилади», — деди у.
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Абдуқодир Шамсиддинов марказга ташрифи унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Бундай муқаддас ва тарихий масканга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Марказнинг ҳар бир экспозицияси, ундаги намойишлар аждодларимиз қандай буюк салоҳият эгалари бўлганини кўрсатиб турибди. Бу нафақат Ўзбекистон ёшлари, балки бутун дунё учун илм олиш, тарихни англаш ва миллий қадриятларимизни қадрлашга хизмат қиладиган маскан.
Зиёлилар кенгашининг ташкил этилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки ҳар қандай давлатнинг зиёлилари қанчалик билимли ва салоҳиятли бўлса, унинг тараққиёти ҳам шунчалик юксак бўлади. Бу анжумандан кўплаб янги ғоялар ва амалий ташаббусларни кутяпмиз», — деди халқ ўқитувчиси.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари, ёзувчи, шоира ва публицист Меҳрибон Абдураҳмонова эса марказ билан танишувни ўзи учун унутилмас саёҳат сифатида баҳолади.
«Бу марказга биринчи марта келишим. Ҳақиқатан ҳам ҳайратдаман. Гўё ўтмиш ва бугун ўртасидаги ажойиб саёҳатга чиққандай бўлдим. Бу ердаги ноёб экспонатлар, тарихий ашёлар, замонавий экранлар орқали намойиш этилаётган маълумотлар менда катта қизиқиш уйғотди. Тарихга қизиқувчи инсон сифатида бу ташрифдан жуда кўп янги маълумотлар олдим.
Ўйлайманки, юртимизнинг энг илғор фикрли зиёлилари жам бўлган ушбу кенгаш янги ташаббус ва ғояларнинг майдонига айланади. Бизни, аввало, ёшларимизнинг онгли, ватанпарвар, маънан кучли ва маърифатли инсонлар бўлиб камол топиши масаласи ўйлантиради. Зиёлилар ана шу мақсад йўлида ўз фикри ва таклифлари билан фаол иштирок этиши керак», — деди Меҳрибон Абдураҳмонова.
Кенгаш фаолияти ва марказ билан илмий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хоразм Маъмун академияси раиси, биология фанлари доктори, профессор Икром Абдуллаев академия олимларининг марказ экспозицияларини илмий мазмун билан бойитиш борасидаги иштирокини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, академия олимлари Жалолиддин Мангуберди, Хива хонликлари ва Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган медиа лойиҳаларни тайёрлашда фаол қатнашиб келмоқда.
«Хоразм Маъмун академияси биринчи Уйғониш даврининг муҳим илмий марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис унинг тарихини Ислом цивилизацияси марказида кенг ёритиш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирда академиямиз олимлари билан ҳамкорликда Хоразм Маъмун академиясининг тарихий қиёфаси, ўша даврдаги биносининг кўриниши ва илмий муҳитини акс эттирувчи медиа лойиҳа ҳамда макет тайёрлаш бўйича режалар устида ишлаяпмиз. Бу орқали буюк илмий меросимизни янада кенгроқ намоён этишни мақсад қилганмиз», — деди Икром Абдуллаев.
Таъкидлаш жоизки, Республика зиёлилар кенгаши мамлакатнинг турли ҳудудларидаги илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва бошқа соҳалар вакилларини умумий мақсад атрофида бирлаштириш, уларнинг фикр ва ташаббусларини тинглаш ҳамда жамият тараққиётига хизмат қиладиган таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган.
Бугунги учрашув ва марказ билан танишув ҳам ана шу жараённинг муҳим қисми бўлиб, иштирокчиларда миллий тарихимизга дахлдорлик, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш масъулиятини янада кучайтирди.
iccu.uz