Бекатда автобус кутардим. Майдалаб ёғаётган қор хаёлимни банд этганди. Шу пайт ёнимдаги икки дугонанинг суҳбати эътиборимни тортди. Улар она ҳақида гаплашишарди. Бири иккинсичисига онасининг тергайвериши, тинмай қўнғироқ қилиб “безовта” қилавериши жонига тегиб кетгани ҳақида шикоят қилди. Онаси тўғрисида айтган сўзларини эшитиб, ёқа ушлайсан киши! Наҳотки, муштипар оналар ҳақида фарзандлари шундай фикрласалар?! Бизни дунёга келишимиздан қувониб, тунларини бедор ўтказиб, ўзи емай, киймай , ювиб-тараб, бетоб бўлсак жонини фидо қилган, улғайиб катта бўлишимизни, бахт – иқболимизни Аллоҳдан сўраган оналаримиз эмасми?
Оналаримизни қанча илиқ сўзлар билан таърифласак, шунча кам.
Икки дугона суҳбатидан ҳайратланиб, онамни соғиниб кетдим. Қанийди, шу изғиринли, қорли кунларда онамнинг дийдорига тўйсам эди...
Меҳрибон онажонимни йўқотганимга тўрт йил бўлди, ҳали ҳамон дардим янгидек. Орадан йиллар ўтса-да, соғинч ортиб, қалбимни тилка-пора қилмоқда. Онамнинг файзли чеҳраси, майин овози, ширин табассуми кўз олдимдан ҳеч кетмайди. Онамни эслаганимда кўз олдимда кулиб турган нурли юзи намоён бўлади. Онам ҳеч қачон бизга ёмон сўз айтмасди. Жуда чиройли насиҳатлар қилар, шошилмай, дона-дона сўзларди. Муштипарим ҳаёт синовларида тобланиб, турли машаққатлар билан бизни катта қилган. Ўзларининг меҳнатсеварлиги, меҳрибонлиги, жонкуярлиги билан барчага ўрнак эди.
Ҳозир қизларим сиймосида онамни кўраман. Уларнинг ҳар бирида онамдан нимадир бордай. Шунга қувонаман, шундан таскин топаман. Тўймай қолганим она меҳрини қизларимдан излайман.
Онасининг тергашидан, йўқлашидан безган тенгдошларим, умр − ғанимат. Бир кун сизни қайноқ меҳри билан “безовта ” қилаётган онаизорингизни тополмай қолишингиз мумкин. Онангиз ҳаёт бўлса, у сиз учун энг меҳрибон ва ўз навбатида сиздан меҳр кутиб яшаётган табаррук зот эканини унутманг. Ахир, «Жаннат оналар оёғи остидадир.». Хаёт бўлган онажонларни Аллоҳ саломат қилсин, ўтганларини рахмат ва мағфират айласин.
Робия Тохирова
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.