Орзиқиб кутилган онлар келди. Бугун, 22 январь куни эрта тонгда “Умра – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Мана шундай улуғ бахтга эришган юртдошларимизни кузатиш учун таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафарга отланган ҳамюртларимизнинг кўзларида қувонч, тилларида шукроналик сўзлари сира аримаганига гувоҳ бўлдик. Кузатиш жараёнида Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари, ушбу зиёратни юртимиз ва бутун дунё мусулмонларга бардавом қилишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Зиёратчилардан ота-оналаримиз ва яқинларимиз билан бирга Каъбатуллоҳ атрофида тавоф қилиш бахтини насиб этишини сўраб, дуолар қилишларини илтимос қилинди.
Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Биргина гуноҳим учун беш ой таҳажжуддан маҳрум бўлдим". “У қайси гуноҳ эди?” деб сўрашди. "Йиғлаб дуо қилаётган кишини кўриб, ичимда: "Бу киши риё қиляпти", дегандим…".
Имом Макҳул раҳматуллоҳи алайҳи: "Бир кишини намозда рукуъ ва сажда қилиб, йиғлаётганини кўрдим ва ичимда "у риё қиляпти!" деб унга туҳмат қилдим ва ўзим бир йил йиғлашдан маҳрум бўлдим".