Индонезия ва Папуа-Янги Гвинея чегараси яқинида жойлашган индонезиялик аскарлар Папуа вилоятининг Киром туманидаги Питеви-Арсо қишлоғида маҳаллий аҳолига масжид қуришга ёрдам берди.
Islam.ru порталига кўра, жамоат ишлари Индонезия- ПНГ 711/Rks пиёда батальони чегара ҳимояси бўйича тезкор гуруҳининг бир неча ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилди.
Аскарлар ва қишлоқ аҳолиси масжидни қуриш учун зарур бўлган қурилиш материалларини кўтариш учун биргаликда ишладилар.
Маҳаллий мусулмонлар жамоасининг ҳурматли арбоби Алан масжидни қуришда ёрдам берган ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдирди.
Киром туманида жойлашган аскарлар учун маҳаллий аҳолига ибодат уйларини қуришда ёрдам бериш доимий ишга айланди.
2021 йилнинг июль ойи бошида бир неча аскар Санта-Мария черковини таъмирлаш учун Сомографи қишлоғи аҳолисига ёрдам берди.
Илгари Папуада жойлашган индонезиялик аскарлар маҳаллий аҳолига жамоат хизмати, жумладан, асосий озиқ-овқат, тиббий ёрдам, мобиль кутубхона ва кўчаларни тозалаш дастурлари орқали ёрдам берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ