Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг» дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 9 миллион нафарга етказиш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ҳужжатга биноат, тўсиқдан холи туризм (bareer-free tourism/ accessible tourism) инфратузилмасини мамлакатнинг асосий сайёҳлик шаҳарларида кенг жорий қилиш орқали 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сонини 2 баравар ошириш, яъни 520 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжатда, шунингдек, туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш таклифи белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва «Айдар-Арнасой» кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш ҳамда 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш орқали 25 минг иш ўринини яратиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу бандда, шунингдек, Самарқандни «Туризм дарвозаси»га айлантириш орқали келгуси беш йилда сайёҳлик хизматлари ҳажмини камида 10 бараварга ошириш, бу жабҳада 40 минг кишининг бандлигини таъминлаш ва 2022 йилда «Абадий шаҳар» тарихий мажмуасини ўз ичига олган Самарқанд туризм марказини ҳамда унинг зарурий инфратузилмани ташкил этиш вазифалари белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланиш назарда тутилмоқда.
Хоразм, Бухоро вилоятларида туризмни янги иш ўринларини яратишдаги асосий драйвер соҳага айлантириш, Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Тошкент шаҳрида туризм инфратузилмасини янада яхшилаш, Тошкент вилоятида туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам қатор маърифий учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида муборак ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди. Унга Германияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган юртдошларимиз таклиф этилди.
Мазкур тадбирда Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин домла Турсунзода иштирокчилар билан “Ватанга муҳаббат – энг муқаддас туйғу” мавзусида маърифий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, чет элда яшаб фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Виржиния, Нью-Йорк, Бальтимор шаҳарларида ватандошлар, жамоат фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирокида ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги уламоларимиз Рамазон ойининг фазилатлари, миллий ўзликни сақлаш, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилишмоқда.
Шунингдек, имом-хатибларимиз у ерларда таровеҳ намозларини ўқиб бериб, ватандошларимизни хушнуд этмоқда. Улар дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида, бир дастурхон атрофида жам бўлиб, Рамазон ойининг маънавий қадриятлари – бағрикенглик, саховат ва бирликни яна бир бор ҳис қилишмоқда.
Екатеринбург шаҳрида ҳам ватандошлар учун ифторлик уюштирилди.
Унда Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев Ислом динининг маънавий ва инсонпарварлик қадриятлари ҳақида маъруза қилиб берди.
Учрашув давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган диний ва дунёвий мазмундаги саволларга жавоб олишди.
Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва муқаддас қадамжоларини очиб берувчи видеороликлар, миллий анъаналар, маданий мерос ва ислом динининг жамият ҳаётидаги ўрнини акс эттирувчи тарқатма материаллар намойиш қилинди.
Дунёнинг 50 та шаҳрида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар ватандошларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш, юрт билан боғлиқлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда миллий ва диний қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати