13 январь куни Имом Бухорий халқаро тадқиқот маркази Буюк Британиянинг «Ал-Фурқон» фонди билан ҳамкорлокда ислом қўлёзмалари кодикологиясига бағишланган онлайн-семинар ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ислом цивилизацияси маркази, Маданий қадриятларни ўрганиш маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро тадқиқотлар марказлари вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.
Анжуманда «Ал-Фурқон» фонди ижрочи директори Сали Шаҳсиварий «Ўзбекистоннинг бой илмий мероси «Жаҳон ислом қўлёзмалари шарҳида» мавзусидаги тақдимот ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг ёзма илмий мероси, исломий қўлёзмалар сақланадиган шаҳарлар ва кутубхоналар, уларнинг сони, йўналиши, ўрганилганлик даражаси, каталоглаштириш ва рақамлаштириш ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топди. Сали Шаҳсиварий Ўзбекистоннинг бой илмий мероси мамлакат ҳудудининг маърифатли ислом марказларидан бири бўлганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.
Тадбир якунлари бўйича «Ал-Фурқон» фонди ва Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида қўлёзмалар каталогларини ўзаро алмашиш, янги каталоглар тузиш ва уларни таржима қилиш, Ўзбекистондаги тўпламлар ҳақидаги маълумотларни фонд томонидан яратилган ислом қўлёзмаларининг жаҳон маълумотлар базасига киритиш, биргаликда тадқиқот ва тадбирлар ўтказиш, шунингдек, кодикология соҳасида тренинглар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, «Ал-Фурқон» фонди 1988 йилда Лондонда ташкил топган бўлиб, бутун дунёда ислом меросига оид қўлёзмаларни ўрганиш, каталоглаштириш ва сақланишини таъминлаш ушбу жамғарма фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади. «Ал-Фурқон» мутахассислари дунёнинг турли минтақаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради. Фонд томонидан 60 дан ортиқ нашр чоп этилган. Улар, асосан, каталоглардан, шу жумладан, «Ислом қўлёзмаларининг жаҳон шарҳи» кўп жилдли китобидан иборат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).