Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

Шарқий Европанинг қадимий мадрасасига экскурсиялар бошланади

17.01.2022   1182   1 min.
Шарқий Европанинг қадимий мадрасасига экскурсиялар бошланади

Қрим хонлиги ҳукмдорларининг биринчи саройи ва Боқчасаройдаги ўрта аср мадрасаси ҳудудига 2022 йилда экскурсиялар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Боқчасарой тарихий, маданий ва археологик музей-қўриқхонаси Қрим татарлари тарихи ва маданияти музейи бўлим бошлиғи Мерьем Сеитумерова ТАСС га маълум қилди.

Музей маълумотларига кўра, XV асрда мустақил Қрим хонлигининг асосчиси Ҳожи Гарай Қирқ-Ер ҳудудида биринчи саройни қурди – ҳозирда бу тоғларга яқин келадиган Боқчасарой шаҳрининг чеккаси.

Қирқ Ер тоғ платосидан унчалик узоқда жойлашмаган янада қадимги қалъа - Чуфут-қалъанинг атрофига айланди. Биринчи сарой биноларидан фақат учта бино: Ҳожи Гарайнинг мақбараси, Занжирли мадрасаси ва Менги Гарайнинг масжиди омон қолган, ҳаммомларнинг харобалари ҳам топилган - бу жой Салачик тарихий ва археологик мажмуаси сифатида давлат ҳимоясида бўлиб турибди.

"Келаси йили Занжирли мадрасасини зиёрат қилиш учун очмоқчимиз. Яқин атрофда биринчи Қрим хонларининг қабри мавжуд, ҳаммомларнинг археологик қазишмалари олиб борилган. Агар одамларнинг Хон саройида кўрадиган нарсалари етарли бўлмаса, улар биринчи пойтахтга ҳам ташриф буюришлари мумкин бўлади", - дейди Сеитумерова. У нафақат сақланиб қолган биноларни намойиш қилиш, балки тематик кўргазмаларни ташкил этишни режалаштираётганини тушунтирди.

Islam.ru порталининг хабарига кўра, тахминан 1500 йилда ташкил этилган Занжирли мадрасасига алоҳида эътибор қаратилади – у Қрим ва Шарқий Европадаги энг қадимги таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Мусулмон диний таълим муассаси бу ерда 1917 йилгача кетма-кет 400 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

21.07.2025   8628   2 min.
Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.

Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг  Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.

Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.

Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).

"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!

Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.

Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва  дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).