Вақтни ғанимат билишга ёрдам берадиган энг муҳим нарсалар сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. ишларни тартиблаш;
2. бекорчилик ва беҳуда ўтиришлардан узоқлашиш;
3. барча ишларда ортиқчаларидан воз кечиш;
4. вақту дақиқаларни қадрлайдиган оқил, закий ва тиришқоқ кишилар билан дўст бўлиш;
5. таржимаи ҳоллари кишини рағбатлантирадиган буюк уламолар ҳақидаги хабарларни ўқиш;
6. илмий ютуқларга эришишда вақтга эътибор бериш лаззатини туйиш;
7. мутолаадан лаззатланиш;
8. маърифат ва хабардорлигини оширишда бардавом бўлиш;
9. маълумотларни таҳқиқ қилишда тўлиқ банд бўлиш ва ҳоказолардир.
Буларнинг бари сизга вақт қадрини ҳамда уни муҳофаза қилишни англатади. Сизни вақтни йўқ қилувчи эмас, уни касб қилувчи қилиб, вақтни зое қилувчи эмас, уни муҳофаза этувчи қилиб тарбиялайди.
"Уламолар наздида вақтнинг қадри" китобидан.
Жанубий Корея мусулмонлари билан диний-маърифий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, у ерда яшаб, таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов хизмат сафари билан ушбу давлатда бўлиб турибди.
Кеча, 24 сентябрь куни Гунсан шаҳрида жойлашган "Анас ибн Молик" масжидида 250 нафар ватандошимиз билан диний-маърифий суҳбат ташкил этилди.
Раис ўринбосари она ватандан, яқинларидан узоқда юрган ҳамюртларимизнинг ўқиш ва ишларида Яратган мададкор бўлишини тилаб, илм ва оила нафақаси йўлида юриш катта савоб келтирадиган амаллардан эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳақиқий мўмин ўз туғилиб ўсган жойига муҳаббатли бўлиши, ҳар қандай фитналардан огоҳ бўлиши борасида Ислом манбаларига таянган ҳолда сўзлади.
Суҳбат давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилган 5 турдаги диний-маърифий буклетлар тарқатилди. Жамоат билан ўқилган хуфтон намозидан кейин хайрли дуолар қилинди.
Сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати