Шу йил 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома тузганлари ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг, ҳудудларда пандемиядан олдин навбатда турган фуқаролар рўйхатларини шакллантириш, авиақатнов жадвалларини ишлаб чиқиш, қўшимча тўловларни амалга ошириш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.
Айни кунларда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ОАВ вакиллари ва мўмин-мусулмонлардан умра зиёрати бўйича жуда кўп саволлар бўлмоқда. Ушбу саволларга қуйидаги жавобларни тақдим этамиз:
Умра сафари қачондан бошланади?
– Аллоҳ насиб этса, 2022 йил 22 январь куни биринчи рейсни Саудия Арабистонигa учиришга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан сўнг 25, 28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар амалга оширилади. Келгусида муборак сафарга рейсларни сезиларли даражада ошириб борилади, инша Аллоҳ.
Бошланаётган умра сафарига қачон рўйхатга ёзилган фуқаролар жўнатилади?
– Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.
Умра тўлови қанча этиб белгиланди?
Қайд этганимиздек, пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4.770.000 сўм маблағ тўлайдилар. Ушбу қўшимча тўловни белгилашда, меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларни таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларимизга хизмат қилади.
Мазкур тўловларни амалга оширишда зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида, “Алоқабанк” АТнинг барча филиалларида ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам Умра тўловлари қабул қилинади.
Зиёратчилар учун қайси вакцина билан эмланиш талаб этилади?
– Умра сафарига борувчи фуқаро “COVID-19”га қарши “Astra-Zeneca”, “Moderna”, “Pfizer” ёки “Jonson & Jonson” вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим. Талаб қилинган вакциналарни эмас, балки “Спутник V” ва Ўзбекистон-Хитой каби вакциналар билан тўлиқ эмланган фуқаролар юқорида саналган вакциналаридан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади.
Саудия Арабистонида умра амалини адо этиш қилиш учун дастур орқали навбатга туриш тартиби қандай?
– Ҳар бир зиёратчида смартфон (Самсунг, Айфон ёки бошқа турдаги сенсор) телефони бўлиши талаб этилади. Андроид телефон учун “PlayMarket” ва IOS мобиль қурилма учун “AppStore”дан “توكلنا” (“Tawakkalna”) ва “اعتمرنا” – (“ Eatmarna”) электрон дастурлари юклатилган бўлиши лозим. Мазкур дастурлар телефонда “геолокация” ва “интернет” ёқилгандагина ишлайди. Бу дастурлар зиёратчи Саудия Арабистони давлат чегарасидан ўтиб, Мадина шаҳрида тегишли маълумотлар билан тўлдирилгандан кейингина ишга тушади.
Зиёратчи Саудияга етиб бориши билан Саудия мобиль алоқа оператори сим картасини харид қилади ва интернет тўпламини ишга туширади. Сим картани аэропортда ёки Мадина шаҳридаги меҳмонхонада харид қилиш мумкин бўлади.
“Умра қилиш мобиль дастури” зиёратчига 1 мартагина умра амалини бажаришга ва фақат 5 маҳал намозга чиқишига рухсат бериши мумкин. Қайта умра қилиш учун “Tawakkalna” ва “Eatmarna” орқали сўровнома берилади. Тизим рухсат берган муддатда “Оиша она” – Танъийм масжидидан эҳромга кириб кейин яна умра амалини адо этиши мумкин.
Саудия Арабистонида қандай карантин талаблари ўрнатилган?
– Саудия Арабистони ҳудудига умра зиёрати учун кираётган хорижлик фуқаро талаб этилган вакциналар билан эмланган бўлиб, бу тўғридаги сертификатга ва 48 соатлик ПЦР тестига эга бўлиши, зиёратчи ўзи билан 30 та тиббий ниқоб олиши (ҳар 4 соатда алмаштириш учун) ва Саудия Арабистонида доимий тиббий ниқобда юриши ва оралиқ масофага риоя қилиниши белгиланган. Таъкидлаш керакки, тиббий ниқоб тақмаганлик учун 300 АҚШ доллари миқдорида жарима белгилаган. Зиёратчилар умра сафари якунида она-Ватанга қайтишдан аввал ўз ҳисобларидан Макка шаҳридаги меҳмонхонада ПЦР тест топширишлари керак бўлади.
Умра сафари учун янги навбатлар қаерда ёзилади?
– 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқароси умра сафарига бориш учун ўзи рўйхатда турган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан чиқиб, умра сафари учун очилган махсус дафтарга рўйхатга ёзилади ва шу ҳақдаги маълумотномани олади. Ушбу дафтар бўйича навбати келган фуқарони МФЙ туман-шаҳарга тавсия беради. Сўнг ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтади. Натижалар яхши чиқса, умра учун белгиланган тўлов суммасини тўлайди. Шунингдек, хорижга чиқиш паспорти, тиббий кўрикдан ўтгани, вакцина олгани тўғрисидаги маълумот ва сертификат ва тўлов қоғозининг нусхасини тақдим қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати