Тараққиётимизнинг янги босқичида она юртимиз нурафшон бўлди. Бу олий неъмат заминимизни, оиламизни, ҳаётимизни нурга тўлдирди. Бундай бахт-саодатнинг давомли бўлишини чин дилдан тилаймиз. Дилимизда ҳам, қалбимизда ҳам шукрона келтирамиз. Бундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчи эканлигини дилдан сезамиз ва англаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямиз алоҳида аҳамиятга эга. Юртбошимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жангавор тайёргарликка эга миллий армиямизни барчамиз учун шон-шуҳрат деб биламиз.
Юртимизда14 январь – Ватан ҳимоячилари куни шодиёнасидир. Бу байрамни тинчлик хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар омонликда адо этилади, байрамлар ярашади, ҳаётимизнинг ободлиги давом этади.
Кишилик жамиятидаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга зга бўлади, Зеро, тинчлик – бу омонлик ва хотиржамлик асосидир. Жамият имон камолоти ва халоватига тинчлик пайтидагина эришади.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи даркор. Айникса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузурида улуғ масъулият деб эътироф этар экан, албатта у муқаддас ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажаришга доим шай бўлади.
Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил она юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойлаган кишига, бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади…”, -деб марҳамат қилган эканлар.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, Ватанини ҳимоя қилганликларини тарих варақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилгандир. Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган хазрат Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзоларнинг ибратли ҳаётлари беихтиёр кўз олдимизга келиши бежиз эмас. Шу боис бўлса керак, улуғ мутафаккирларимиздан бирлари “Ватанпарвар – ўз Ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч ғайрати, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва Ватанииинг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деганэкан.
Айни шундай халқимизнинг ҳозирги кундаги ватанпарварлари – Ватан ҳимоячиларини айтиш мумкин. Уларнинг хизмати, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар.Тинчлик-осойишталигимизни бор куч-қувватлари билан асраб авайламоқдалар. Биз ҳам уларнинг хайрли фаолиятларида куч-қувват, оилавий бахт-саодат сўраб қоламиз.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Мустақиллигимизнинг муқаддас 35 йиллиги арафасида Тошкент вилоятида имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида "ЗАКОВАТ" интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 6 та жамоа таркибидаги соҳа вакиллари ўзларининг теран билими, мулоҳазакорлиги ва мантиқий фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказдилар. Ҳар бир савол нафақат интеллектуал билим, балки бой тарихимиз, диний-маърифий қадриятларимиз ва халқимизнинг маънавий меросини ёрқин акс эттирди.
Муросасиз ва қизғин кечган баҳс якунига кўра ғолиблар аниқланди:
Ғолиб жамоалар:
1-ўрин — "Билимдонлар" жамоаси
2-ўрин — "Зиёлилар" жамоаси
3-ўрин — "Фаоллар" жамоаси
Диний соҳа вакилларининг бу каби соғлом рақобат ва интеллектуал беллашувларда фаол иштирок этиши жамиятда маърифат нурини янада кенгроқ ёйилaшига хизмат қилади.
Ғолиб ва иштирокчиларни чин қалбдан табриклаймиз!
Илм-маърифат йўлидаги хайрли ишларига Аллоҳ таоло барака берсин, масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ёр бўлсин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати