Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келганидан кейин эса энди Она Ватанда униб-ўсади. Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланилади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, химоя қилиш хар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир, доноларимиз бекорга айтишмаганку:
Туғилган ердан кўнгил узилмас,
Юрт қўриганнинг юрти бузилмас.
Юртда ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан, шу юрт доимо юксалаверади, гуллайверади. Ҳар бир эл, ҳар бир миллат учун ўзининг туғилиб-ўсган ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи мукаррама томонга юзланиб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», деганлар.
Демак, она ватанини севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшаш инсоният фитратидаги нозик туйғудир. Қаерга бормасин киши ўз ватанини барибир қўмсайверади. Чунки инсон дунё юзини кўргач, биринчи бўлиб ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб юришни ўрганади, дунёни танишни шу ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилиш барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас инсонийлик бурчимиздир.
Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Шу мақсадда 1992 йил 14 январь куни бир муҳим воқеа юз берди. Шу куни республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда Ватан ҳимоячилари куни- деб эълон қилинди. Қисқа вақт давомида миллий армиямиз ҳеч бир мамлакатдан ортда қолмайдиган даражадаги қурол-аслаҳаларга, жанговор ускуналарга эга бўлди. Республикамиз Қуролли Кучларида хизмат қилаётган аскарларнинг савияси эса ҳам маънан, ҳам жисмонан юксак даражага етиб улгирди десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Юртитмизда ҳар йили 14 январь Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб турли байрам дастурлари, кўрик-танловлар, давра сухбатлари, мусобақалар ўтказилади ва ўз Ватанига чин садоқат билан хизмат қилаётган бир қатор харбийларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланади. Бундай дастурлар Ватанимиз ҳимоячиларини рағбатлантиришга хизмат қилибгина қолмай, атрофдаги ёшларга ватанга меҳр-муҳаббат, ватанимиз ҳимоячиларига нисбатан юксак эҳтиром туйғуларини шаклланиб боришига ёрдам беради ва бўлажак Ватан ҳимоячилари маънавиятларини юқори даражага кўтариб, жисмонан бақувват, ақлан етук, сергак бўлиб камолотга етишишларида катта аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Юрт тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир соҳа вакили ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Масалан, ўқитувчи-мураббийлар ўқувчиларга ватан ягоналиги, ватан ҳимояси муқаддас бурч эканини тушунтириб борсалар, ёш авлод Ватанга садоқат ҳисси билан ўсиб-улғайиб камол топади. Натижада келажак авлодларимиз юрт ҳимояси нақадар улкан вазифамиз эканини қалбдан ҳис қиладилар ва бунга қаттиқ бел боғлаган ватанпарварлар бўлиб камол топадилар. Мутафаккирлардан бири бундай деган: «Ватанпарвар ўз ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халки ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи инсондир». Бундай ватанпарварлари бор юрт эса доимо тинч, осмони мусаффо, халқи аҳл, ризқи мўл, ҳаёти эса фаровон бўлади.
Бундан ташкари, муқаддас динимизда ватанни ҳимоялаш муқаддас бурч қилиб белгиланиб, бу хизмати учун жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан, Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир».
Хақиқатан, Ватан ҳимоячиси бўлиш энг шарафли ва олий касб эканини яхши билган йигитларимиз хар томонлама, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан лойиқ бўлишни яхши англайдилар, ана шу сифат ва ҳислатларни эгаллашга доимо ҳаракат қиладилар. Бу вазифалари билан улар нафақат ўз Ватанларини балки, энг яқинлари бўлмиш ота-оналари, қавму-қариндошлари, туғилиб ўсган масканлари, юртларидаги барча тоғу-тошлар, гул ва райҳонларни ҳимоя қилган бўладилар.
Аллоҳ таоло жонажони юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриклаётган Ватан ҳимоячиларини ҳифзу ҳимоясида сақлаб, диёримиз осмонини доимо мусаффо, тинчлигимизни эса барқарор ва мустақиллигимизни абадий қилсин!
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
Жорий йилнинг март ойида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раҳбарлигида Ўзбекистон делегациясининг Швецияга амалга оширган сафари мамлакатимизнинг диний-маърифий соҳадаги халқаро алоқаларида янги босқични бошлаб берди, дейиш мумкин. Ушбу ташриф давомида Швецияда Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари, бағрикенглик муҳити ва миллатлараро ҳамжиҳатликка бағишланган халқаро семинар ва учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбирларда мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифатни ривожлантириш, аҳолининг диний билимини ошириш ва ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Стокгольмдаги масжидларда ва Швеция диний етакчилари билан учрашувлар ташкил этилди. Уларда мамлакатимиздаги масжидлар, Қуръон курслари, Фатво маркази ва диний таълим тизимидаги янгиланиш ва ютуқлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Бу эса нафақат швецияликлар, балки бошқа халқаро экспертларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Сафар давомида Швеция, Норвегия ва Даниядаги ватандошлар билан учрашувлар ташкил этилгани, уларнинг жамиятдаги фаоллиги ҳамда ватанпарварлигини оширишга доир амалий ишлар қилингани нуфузли доираларда эътироф этилмоқда.
Бу каби муҳим тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий маънавий қадриятларни асраб-авайлашда катта аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, масжид ва мадрасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Қуръон таълими ва диний билимларни тизимли йўлга қўйиш, соҳага замонавий технология ва ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда диний таълим муассасалари сонининг ошиб бориши, янги масжидлар барпо этилиши, Қуръон курсларининг кўпайиши, халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, янги босқичга кўтарилиши дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда.
Мусулмонлар бир-бирлари билан яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишса, Аллоҳ таоло уларни яхши кўради. Чунки Унинг амрини ижросига киришилган бўлади. Аллоҳ таоло қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”, (Моида сураси, 2-оят).
2022 йилда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар муфтийлар кенгаши доирасида Фатво маркази тузилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу ташкилотда энг фаол иштирокчилардан бири ҳисобланади. Йиғилишларда биргаликда фатво ишлаб чиқиш, қабристонлар ва ер майдонлари масалалари, замонавий турмуш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Диний-маърифий соҳадаги яқин кунлардаги тарихий воқеликлар — Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий масжид-мажмуасининг очилиши ҳам қувонч устига қувонч бўлди. Бу марказлар нафақат миллий маърифатимиз ва илмий меросимизни асраб-авайлаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги диний-таълим маркази сифатида танилишига замин яратади. Чунки бу янги маърифат марказлари орқали авлодларимиз қадимий илм ва маърифат меросини ўрганиб, замонавий билим ва тажрибаларини бойитиш имконига эга бўлмоқда.
Юртимиз аввалдан жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган буюк алломалар ватани сифатида танилган. Бугун Янги Ўзбекистон уламолари ана шу бой меросга муносиб равишда халқаро миқёсда диний-маърифий фаолиятни изчил давом эттирмоқда. Улар нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг турли ҳудудларида ислом маърифатини тарғиб этишда фаол иштирок этишмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Бугунги кунда 100 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Жумладан, Ислом олами уюшмаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва унинг ҳузуридаги Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон уламолар ва донишмандлар кенгашлари, шунингдек, Саудия Арабистони, Миср ва Иордания каби давлатларнинг нуфузли диний муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Кавказ, Туркия, Россия, Литва ва Италия мусулмонлари идоралари билан меморандум ва келишувлар имзоланган.
Хориждаги ватандошлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш, уларнинг диний саводхонлигини ошириш ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу асосда 2026 йилда Европа, АҚШ, Россия, Корея каби мамлакатларга сафарлар ташкил этилиб, ватандошлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказишига кўмаклашиш ва диний-маърифий тадбирларда иштирок этишлари таъминланди.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар ўзаро дўстликда, меҳрибонликда, яхлит бир танага ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, қолганлари ҳам унга қўшилиб бедор бўлиб, иситмалайди”, деганлар (Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан Икки шайх ривоят қилган).
Хулоса қилиб айтганда, янги маърифат марказлари ва халқаро алоқалар орқали Ўзбекистон уламолари катта тарихий илмий мерос ва маърифий ютуқларни дунё ҳамжамиятига етказишда фаол давом этади. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз ва юртдошларимиз орасида илм-маърифат ва бирдамлик муҳитини янада яхшилаш баробарида давлатимизнинг халқаро нуфузи бундан-да ошишини таъминлайди, иншааллоҳ!
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,
Уламолар Кенгаши аъзоси